Жаҳон | 17:10 / 12.07.2022
11555
2 дақиқада ўқилади

Энергия инқирозига қарамай, Германия шу йил барча АЭСларини ёпади

Европадаги энергия инқирозига қарамай, Германия ҳукумати шу йил охиригача мамлакатда ядро реакторларида энергия ишлаб чиқаришни буткул тўхтатиш режасидан воз кечмоқчи эмас. Бу ҳақда мамлакат вице-канцлери Роберт Ҳабек маълум қилди.

Фото: Bernd Weissbrod / dpa via AP

Унинг сўзларига кўра, атом электр станцияларини сақлаб қолиш газ етишмовчилиги ортидан келиб чиқадиган муаммоларни ҳал қилишда ёрдам бермайди.

“Бу масалада атом энергетикаси бизга умуман ёрдам бермайди. Бизда иситиш муаммоси ва саноатни газ билан таъминлаш муаммоси бор, лекин электр энергиясидан муаммомиз йўқ – ҳар ҳолда, бутун мамлакат миқёсида олганда шундай”, – деди Германия ҳукуматида иқтисодиёт, иқлим ва энергетикага масъул вице-канцлер.

Германия ўтган йили декабрда учта атом реактори фаолиятини тўхтатган, шундан кейин мамлакатда ишлаб турган атом реакторлари сони учтагина қолган. Улар ҳам режа бўйича шу йил декабрда ўчирилиши керак. Шу тариқа, мамлакат анъанавий энергетика олиш усулларидан қайта тикланувчи энергия манбаларига ўтиш бўйича узоқ йиллик дастурининг муҳим босқичларидан бирини якунлайди.

2022 йилнинг биринчи чорагида Германияда ишлаб чиқарилган электр энергиясининг 6 фоизи АЭСлар ҳиссасига тўғри келган. Мамлакат ўзининг табиий газга бўлган эҳтиёжининг 35 фоизини Россия гази ҳисобига таъминлайди.

Украинадаги уруш фонида Россия санкцияларга жавобан Европани газдан бутунлай узиб қўйиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирлар сабаб Германиянинг асосий мухолиф партияси мамлакатда қолган учта атом энергоблокини ўчирмасликни талаб қилмоқда. Бироқ, Ҳабекнинг сўзларига кўра, мазкур реакторларнинг ҳуқуқий сертификати йил охирида якунига етади ва шундан кейин бу станцияларга худди янги АЭСлардек қараш керак: янги АЭС очиш эса хавфсизлик нуқтайи назаридан мақсадга мувофиқ эмас; қолаверса, бу – газни иқтисод қилишга ҳам ёрдам бермайди, дея тушунтирди у.

АЭСларни сақлаб қолишни талаб қилаётган мухолифатчи сиёсатчилар Роберт Ҳабекни ўз партияси бўлмиш яшилларнинг ғояларини мамлакатнинг реал манфаатларидан устун кўраётганликда айбламоқда.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид