Ўзбекистон | 17:38 / 12.07.2022
28523
1 дақиқада ўқилади

Қўрғонтепа прокурори ёрдамчиси пора олаётганда ушланди

Андижон вилояти Қўрғонтепа тумани прокурори ёрдамчиси 10 июл куни 1500 доллар пора олаётган вақтда қўлга олинди. Бу ҳақда бош прокурорнинг матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов Kun.uz'га маълум қилди.

Фото: Kun.uz

Ёрдамчи ДХХнинг Андижон вилоят бошқармаси ва вилоят прокуратураси ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда, процессуал тартибда ушланган.

Ҳолат юзасидан шу куни Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Бу турдаги жиноят учун 50 БҲМ (15 млн сўм) жаримадан 5 йил озодликдан маҳрум қилишгача бўлган жазо берилади.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги маълумотига кўра, 2021 йилда Андижон вилоятида пора олиш билан боғлиқ 8 та жиноят қайд этилган; бу – ҳудудлар орасида Тошкент шаҳри ва вилояти ҳамда Жиззах вилоятидан кейинги тўртинчи кўрсаткич.

Ўтган йили Ўзбекистонда қайд этилган 91 та пора олиш жиноятидан 26 таси (28,5 фоиз) ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари томонидан содир этилган. Аксилкоррупция агентлиги келтирган статистикада органлар кесими бўйича (суд, прокуратура ва бошқалар) рақамлар очиқланмаган.

2021 йил ноябрида Андижон вилояти прокуратураси ходими 15 минг доллар пора билан ушланган эди.

Мавзуга оид