Халқаро арбитраж Керч бўғозидаги ҳодиса юзасидан низо бўйича ўз юрисдикциясини тан олди
Суд украиналик денгизчиларни қўлга олиш тўғрисидаги даъвони кўриб чиқишга қарор қилди, чунки бу воқеалар «ҳарбий ҳаракатлар»га тегишли эмас.
Доимий ҳакамлик суди палатаси (ДҲСП) воситачилигида ташкил этилган халқаро арбитраж 2018 йилда Керч бўғозида украиналик денгизчиларнинг асирга олиниши бўйича Украинанинг Россияга қарши даъвосини кўриб чиқишни давом эттириш ваколатига эга эканлигини тан олди. Бу ҳақда 11 июль, душанба куни чоп этилган ДҲСП пресс-релизида айтилади.
Суд қарорида таъкидланганидек, арбитраж «тарафлар ўртасидаги низо бўйича юрисдикцияга эга». 2018 йил 25 ноябрдаги воқеалар ҳарбий ҳаракатлар бўлиб, арбитраж юрисдикциясига кирмаса-да, кейинчалик Украина кемалари ва денгизчиларининг ҳибсга олиниши ҳарбий ҳаракатлар ҳисобланмайди ва шунинг учун арбитражнинг юрисдикциясига кириши мумкин, дея тушунтирди суд.
Воқеаларнинг «ҳарбий ҳаракатлар» ҳисобланмаслиги бўйича аниқ вақт ишни моҳиятан кўриб чиқиш жараёнида аниқлаштирилади, дея таъкидлади ДҲСП. Энди арбитраж ишни кўриб чиқишни давом эттиради, Россия томонида эса қарши меморандум тайёрлаш учун олти ой вақт бор.
2018 йилнинг 25 ноябрь куни Украинанинг учта ҳарбий кемаси «Бердянск», «Никопол» ва «Яни Капу» рейд буксири Азов денгизида Одессадан Мариуполга ўтишга уринганди. Россия Украина томонини Қрим қирғоқлари яқинида Россия «ҳудудий денгизи» чегарасини бузганликда айблаб, кемаларга қарата ўқ узди ва уларни экипаж билан бирга қўлга олди. Кейин қўлга олинган кемалар Керчга жўнатилди, 24 нафар украиналик денгизчи ҳибсга олинди. 2019 йилда кемалар Украинага қайтарилди, денгизчилар эса россияликларга алмаштирилди.
2019 йил апрель ойида Украина Ҳаагадаги Халқаро арбитраж судига Россиядан БМТнинг денгиз ҳуқуқи тўғрисидаги конвенциясини бузганлигини билдириб, мурожаат қилган. 2020 йил август ойида Россия томони арбитражнинг ишни кўриб чиқиш ҳуқуқини шубҳа остига қўйиб, бунга эътироз билдирди. Мамлакат низо ҳарбий ҳаракатларга тааллуқли экани, шу сабабли халқаро арбитраж юрисдикциясига кирмаслигини билдирган. Энди арбитраж Россиянинг эътирозларини рад этди.
Мавзуга оид
16:15
Путин Россиянинг янгиланган ядровий доктринасини тасдиқлади
15:59
Боррел: ЕИ давлатлари УҚКга Россияга зарба йўллашга рухсат берилганини муҳокама қилади
09:59
Украина хандақларида тақиқланган CS гази излари топилди
08:37