Экзосайёраларда космик қоялар ва сув. «Жеймс Уэбб» телескопининг дастлабки бешта сурати
NASA энг янги «Жеймс Уэбб» инфрақизил космик обсерваторияси томонидан олинган коинотнинг бешта тарқоқ бурчагининг илк фотосуратларини эълон қилди.
«Жеймс Уэбб» телескопи 2021 йил декабрида коинотга учирилганди. Ишчи орбитага чиқиш учун бир ойча вақт кетди. Кейин 5 ой давомида кўзгулар коррекция қилинди ва илмий асбоблар созланди. Телескоп 11 июлда илмий дастур бўйича иш бошлаган эди. «Бу тасвирлар Уэбб биз ҳатто тўғри қўя олмайдиган саволларга жавоб топишга ёрдам бера олишини намойиш қилмоқда. Бу саволлар коинотимиз ва ундаги инсоннинг ўрнини яхшироқ тушунишимизга ёрдам беради», дейди NASA маъмури Билл Нелсон.
Жуда аниқ ва тиниқ тасвирлар NASA ҳамкорлари томонидан навбатма-навбат тақдим этилди.
Космик қоялар ва юлдузларнинг туғилиши
Ушбу фотосуратдаги космик «манзара» аслида юлдузли осмондаги энг катта ва энг ёрқин объектлардан бири – Карина туманлигидаги (NGC 3324) улкан космик чангли булутнинг бир чеккасидир. Ушбу туманлик Ердан 7,5 минг ёруғлик йили масофасида жойлашган.
Суратдаги баъзи «қоялар»нинг узунлиги 7 ёруғлик йилига етади. Булутдан кўтарилаётган «буғ» эса қизиган газ ва чанг зарралари бўлиб, туманлик ўсиб борган сайин улар ҳам узлуксиз равишда отилади. Ушбу булутларда биринчи юлдузлар туғилган.
Галактикалар ва қора туйнуклар эволюцияси
Стефан квинтети — Пегас юлдуз туркумидаги бир-бирига яқин жойлашган бешта галактикалар гуруҳи бўлиб, астрономлар томонидан 1877 йилда кашф этилган. Улардан 4 таси 210-340 млн ёруғлик йили масофасида жойлашган бўлиб, бир-бири билан доимий боғлиқликда ҳаракатланади.
Бу ҳозиргача суратга олинган бешта объектнинг энг каттаси: квинтет самода тўлин Ойга қараганда беш баравар камроқ майдонни эгаллайди.
Тасвир 150 миллиондан ортиқ алоҳида пикселлардан ташкил топган ва мингга яқин алоҳида кадрлардан йиғилган.
Астрономлар фикрига кўра, бундай зич галактикалар гуруҳи коинотнинг ибтидоси даврида анча кенг тарқалган ва уларнинг зарраларидан қора туйнуклар пайдо бўлган.
Суратдаги энг юқорида жойлашган галактиканинг марказида (NGC 7319) ўта оғир массали қора туйнук жойлашган бўлиб, унинг оғирлиги Қуёшникидан тахминан 24 миллион марта катта.
Экзосайёралар атмосфераси таркиби
Қуёшга ўхшаш юлдуз атрофида айланиб юрувчи узоқ экзосайёра атмосферасида «Жеймс Уэбб» сувнинг аниқ изларини, шунингдек, атмосферада булутлар борлигини аниқлади.
Шу билан бирга, сайёранинг ўзи Ерга умуман ўхшамайди: у ҳажми жиҳатидан бир неча баравар катта, асосан қизиган газдан иборат ва «иссиқ юпитерлар» турига киради.
Ҳар қандай самовий жисмда маълум бир элемент ёки модданинг молекулалари борлигини спектроскопия ёрдамида аниқлаш мумкин ва Уэбб бир неча юз ёруғлик йили масофасида жойлашган экзосайёралар атмосферасини таҳлил қила олади.
Жанубий Ҳалқанинг иккита варианти
Тасвир марказидаги хира юлдуз атрофига сочилаётган чанг ва газ булутлари туфайли минг йиллар давомида кўздан яширинганди.
«Жеймс Уэбб» уни инфрақизил сенсорлари туфайли аниқ кўришга муваффақ бўлди.
Гап шундаки, инфрақизил тўлқинлар кўзга кўринадиган ёруғлик тўлқинларидан анча узун, ўнлаб ва ҳатто юзлаб марта. Шунинг учун улар юлдузлараро булутлардан қийинчиликсиз ўтиб, анча узоқроққа тарқалади.
NASA жамоатчиликка тасвирнинг иккита версиясини кўрсатди – яқин (чапда) ва ўрта инфрақизил (ўнгда) тўлқинда.
Узоқни кўраман
Бешликнинг сўнгги сурати – Карина туманлигидаги SMACS 0723 галактика тўплами. Бу суратни бир кун олдин Оқ уйдан жонли эфирда президент Жо Байден дунёга тақдим қилганди.
Бу коинотнинг ҳозирги кунгача олинган энг тиниқ ва энг аниқ инфрақизил тасвиридир. Уни олиш учун «Жеймс Уэбб» 12,5 соат давомида турли узунликдаги тўлқинларда ёруғликни заррама-зарра тўплаб чиқди.
Тасвирнинг ўлчами қум заррасидек бўлса-да, унда минглаб галактикалар жам бўлган. Улар орасида Коинот ҳали жуда ёш – 1 миллиардга ҳам кирмаган пайтида туғилганлар бор.
Мавзуга оид
17:44 / 08.11.2024
Хитой 2030 йилгача одамларни Ойга учиришини маълум қилди
11:30 / 07.11.2024
NASA Юпитернинг энг тиниқ суратларини эълон қилди
17:14 / 05.11.2024
Япония дунёда биринчи бўлиб ёғоч сунъий йўлдошни коинотга учирди
10:45 / 02.11.2024