Жаҳон | 13:50 / 13.07.2022
19635
6 дақиқада ўқилади

Миколайивда бино деворига қадалган ракета, Харкив мудофаасида турган аскарлар. Уруш суратлари

Украинада урушнинг 139-куни ўтди.

Украинадаги уруш. Сўнгги маълумотлар:

  • 12 июл куни Херсон областидаги Нова Каховка шаҳрида (россиялик ҳарбийлар назоратида) украинларнинг тунги ҳужумларидан кейин детонация давом этди — Украина томони ўқ-дори омбори нишонга олинганини айтмоқда, Россия зарбалар селитра сақланадиган омборга келиб тушганини таъкидламоқда. Россия нашрларида ёзилишича, шаҳарда тинч аҳоли вакилларидан беш киши ҳалок бўлган, 80 киши жабрланган. Тунда Миколайивда йигирмага яқин портлашлар эшитилган.
  • Ижтимоий тармоқларда Луҳанскдаги портлаш ва ёнғин видеолари тарқалди. Тармоқ фойдаланувчилари бу украин кучларининг HIMARS орқали россиялик ҳарбийларнинг ўқ-дори омборларига йўллаган навбатдаги ҳужумлари эканини айтишмоқда, аммо ҳозирча бу расман тасдиқланмаган. 
  • Часив Ярга йўлланган ракета зарбаси қурбонлари сони 47 нафарга етди, 9 киши қутқариб олинган.
  • Украина Илон ороли озод этилгач, денгиз орқали буғдой ташиш тиклангани муносабати билан ойига 500 минг тонна ғалла экспорт қилишга умид қилмоқда. Аллақачон 16 кема Дунай орқали Қора денгизга ўтган ва украин ғалласи юкланишини кутмоқда. 
  • Украина президенти Володимир Зеленский ҳарбийларга бутун мамлакатни россиялик босқинчилардан озод этиш бўйича вазифа қўйган - бу ҳақда Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Алексей Данилов маълум қилди. 
  • Россия Украинага урушда қурбон бўлган 30 нафар украин аскари жасадини топширди - украин манбалари бу жасадлар алмашинуви ёки бир томонлама жўнатиш бўлгани борасида аниқлик киритмаган.

Қуйида 12 июл куни Украинанинг турли ҳудудларида олинган суратлар.

Донбасс шимоли

Северодонецк устидан учаётган россияликларнинг ҳарбий самолётлари. Донбасс шимолидаги ушбу шаҳар учун бир неча ҳафта давомида шиддатли жанглар кечди. Июн ойи охирида украин қўшинлари қуршовга тушиб қолмаслик учун чекинди
Olga Maltseva / AFP / Scanpix / LETA
Словянск яқинида бувисининг уйидаги ёнғинни ўчираётган киши. Уй тунги авиазарбалардан кейин ёниб кетган. Россия Словянск йўналишида авиазарбалар йўллашда давом этмоқда. Фото: Miguel Medina / AFP / Scanpix / LETA
Лисичанск аҳолиси ўлжа қилиб олинган украин танклари ва бошқа қуроллари олдида инсонпарварлик ёрдами қабул қилмоқда. Ҳозирда шаҳар «ЛХР» назоратига ўтган. Фото: AP / Scanpix / LETA
Луҳанскда тан олинмаган «ЛХР»нинг 58 жангчиси дафн этилди. «ЛХР» расмийлари маълумотига кўра, 12 июн куни Украина Америкада ишлаб чиқарилган HIMARS баравар ўт очиш реактив тизими орқали тўққизта ракета учирган. Фото: Alexander Ermochenko / Reuters / Scanpix / LETA
Лисичанскдаги черковнинг шикастланган гумбази. Фото: Olga Maltseva / AFP / Scanpix / LETA

Миколайив 

Миколайив яқинидаги Шевченково қишлоғига ўт очилишидан кейин ёнғин чиққан уй. Украина қуролли кучлари Бош штабига кўра, Россия украин ҳарбийлари қайта гуруҳланишига йўл қўймаслик учун ушбу йўналиш бўйлаб артиллериядан ўт очмоқда. Украина ФВДХ / EPA / Scanpix / LETA
Миколайив яқинида бино деворига қадалиб қолган ракета. 12 июл куни шаҳар интенсив равишда ўққа тутилди: шифохона ва турар жойлар шикастланган. Хабар қилишларича, баравар ўт очиш реактив тизимидан кассетали снарядлар отилган.  Фото: Mikhail Palinchak / EPA / Scanpix / LETA
Украин ҳарбийлари Миколайив яқинида машинада кетишмоқда. Уфқда отишмалардан ҳосил бўлган тутун кўринади.
Mikhail Palinchak / EPA / Scanpix / LETA

Харкив

Украинанинг «Хартия» батальони ҳарбийлари Харкивдаги фронт чизиғида. Украина қуролли кучлари Бош штаби бу регионда «асосан мудофаага эътибор қаратилаётгани»ни маълум қилган. Фото: Evgeniy Maloletka / AP / Scanpix / LETA
Украин ҳарбийлари Харкив яқинидаги фронт чизиғида навбатчилик қилмоқда. 12 июл куни россиялик ҳарбийлар яна Харкивдаги турар жой биноларини ўққа тутди. Жабрланганлар йўқ. Фото: Evgeniy Maloletka / AP / Scanpix / LETA
Украинанинг «Хартия» батальони ҳарбий хизматчиси Харкив яқинидаги фронт чизиғидаги бошпанада.
Evgeniy Maloletka / AP / Scanpix / LETA

Херсон области

 

Нова Каховкадаги бинода Украина томонидан берилган зарбадан кейин юзага келган қуюқ тутун. Ҳозирда шаҳар россиялик ҳарбийлар назоратида. ТАСС ва РИА Новостей манбалари россияликлар томонидан тайинланган шаҳар маъмуриятига асосланиб, портлаш селитра омборида бўлганини хабар қилишган. Украина томони ўқ-дори омбори нишонга олинганини айтган. Фото: Сергей Бобилев / ТАСС

 

Нова Каховкага ҳужум вақтида яраланган эркак. Херсон областининг россияпараст расмийси хабарига кўра, ҳужум оқибатида 80 киши яраланган, беш киши ҳалок бўлган, етти киши бедарак кетган. Фото: Сергей Бобилев / ТАСС
Нова Каховкадаги уйлардан бирида синган дераза олдидаги аёл. Тунги ҳужумдан кейинги портлашлар тонгда ҳам давом этган.
Фото: Сергей Бобилев / ТАСС
Нова Каховкадаги уй зинапоясидаги болалар. ТАСС ва РИА шаҳарда Украина армияси зарбалари оқибатида бозор, шифохона ва турар жой бинолари шикастланганини маълум қилган. Фото: Сергей Бобилев / ТАСС
Азиз Қаршиев
Муаллиф Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид