Жамият | 16:48 / 13.07.2022
36132
5 дақиқада ўқилади

Навоийда номаълум махлуқ қўйларни бўғизлаб кетди

Хатирчи туманининг Янгирабод маҳалласида пайдо бўлган номаълум йиртқич ҳайвон аҳолининг мол-қўйига ҳужум қиляпти. Сўнгги уч кун ичида махлуқ томонидан бир бузоқ ва 23 бош қўй бўғизлаб кетилган. Навоий вилояти Экология бошқармаси ушбу ҳайвон чиябўри эканлигини билдирди. Ҳудуд аҳолиси эса чиябўри бирданига бунчалик кўп қўйга зарар етказа олмаслигини айтмоқда.

Янгирабод маҳалласи Хатирчи туманининг маркази ҳисобланади. Шундай бўлишига қарамай, ҳудудда пайдо бўлган номаълум ҳайвон аҳолини хавотирга солиб қўйди. Сабаби, йиртқич махлуқ фуқароларнинг чорвасига икки бор ҳужум қилди. Одамлар унинг нима эканлигини билишолмаяпти. Кимлардир бўри деса, кимлардир бу итнинг иши бўлиши мумкинлигини айтмоқда. Аммо ҳозиргача бирор кимса уни ўз кўзи билан кўрмаган.

Бу ҳудудда бўри бўлиши ҳақиқатдан анча йироқ. Оддий дайди итлар ҳам бирданига кўп қўйга зарар етказиши ишонарсиз ҳолат.

Номаълум йиртқичнинг илк ҳужуми 8 июл куни кузатилган. Қишлоқда яшовчи фуқаро Болиқул Жалилов ўзига тегишли ер участкасида молларини қолдирган. Эрта тонгда улардан хабар олгани борган хонадон эгалари бузоқлардан бири бўйнидан бўғизлаб кетилганлигини кўрган.

Бир ёшга етай деган бузоғимизни нимадир талаб, бўғизлаб кетибди. Катта молларимиз ипини узиб қочган, лекин бу бузоқча ипини узолмаган. Атрофида учга яқин ит айланиб юрган экан. Катта-катта дайди итлар ҳам кўп. Энди буни итлар қилдими ёки бошқа ҳайвон қилдими, билмаймиз. Мол боқишнинг ўзи бўлмаса, бошқа молларимизга ҳам зарар етказишидан хавотирдамиз”, — дейди хонадон бекаси Малоҳат Жалилова.

Орадан икки кун ўтиб, 9 июлдан 10 июлга ўтар кечаси номаълум ҳайвон яна қишлоқ оралаган. Бу сафар у қўрага қамалган 72 бош қўйдан 23 бошини бўғизлаб, 10 бошдан ортиғини эса ярадор қилиб кетган.

Қўра аҳоли хонадонларига жуда яқин бўлиб, ўртадан йўл ўтган холос. 4-5 нафар фуқаро ўз қўйларини қўшган ҳолда навбати билан боқади ва кечқурун шу қўрага қамайди. Махлуқ бу ерга қандай киргани номаълум. Чунки қўра девор билан ўралган.

Нобуд бўлган қўйларнинг эгаларидан бири Қаҳрамон Ҳамроев ҳолат бўйича шундай дейди:

Эрталаб соат 5:30ларда келсак, қўйларимиз қўрада бўғизланган ҳолда тўда-тўда бўлиб ётибди. Бир-иккитаси қўрадан чиқиб қочган, кўпи яраланган. ИИБ ходимларини чақирдик, ветеринар келиб яраланганларини даволаб кетди. Чорва қилишга ҳам қўрқиб қолдик, кимга мурожаат қилишни билмаймиз. 24 бош қўйимизни нобуд қилиб кетди. Эрталаб вақтли келиб, шу ердан олиб чиқиб кетардик. Зовур ёқаларига боқиб, кун кўриб юрган эдик-да. Бир-икки қўшниларимиз ҳам қўй қўшиб қўйганди. Тушунишса сўрамас, аммо топиб бер дейишса, бир илож қиламиз энди. Бировлар ит дейди, айримлар шоғол дейди, нималигини билмаймиз, кўрмаганмиз ўз кўзимиз билан”.

Қишлоқ кексаларидан бири Зиёдулло Ўроловнинг таъкидлашича, ҳудудда яқин йилларда бунақа ҳолат кузатилмаган.

“Сел талафотларини кўрганмиз, зилзила кўрганмиз, бироқ бунақа нохуш воқеага шу пайтгача дуч келмагандим. Тўғри, бир-икки бош майда шохли молларни ярадор қилиш ҳолатлари кузатилган, лекин бирданига 30-40 бош қўйга зиён етказиш бўлмаганди. Бу ит эмас, шоғоллар ҳам бунчалик кўп қўйга зарар етказолмайди, бошқа бирор ҳайвон бўлиши мумкин. Йирик ёки майда шохли моли қанча кўп бўлса, одамлар шунча тўқ бўлади. Агар бу ҳолатнинг олди олинмаса, бу каби вазият давом этаверса, оддий халққа жабр бўлади. Қолаверса, бугун молга ташланган ҳайвон эртага одамга ҳам ташланиши мумкин”, — дейди Зиёдулло Ўролов.

Навоий вилояти Экология бошқармаси эса ўз расмий хабарида одамларнинг чорвасига ҳужум қилган ҳайвон чиябўри эканлигини, ҳозирда уни тутиш учун барча таъсир чоралари кўрилганлигини билдирган.

Мутасаддилар мазкур масалага жиддийроқ эътибор қаратишлари зарур. Чунки ҳудуд аҳолиси махлуқ яна қайтишидан, одамларга ҳам, айниқса болаларга ташланиб қолишидан хавотирда.

Руслан Сабуров,
Kun.uz мухбири

Монтаж устаси – Жаҳонгир Алибоев.

Мавзуга оид