Жаҳон | 08:13 / 13.07.2022
8325
2 дақиқада ўқилади

Россияда депутат Илья Яшинга қарши армия ҳақидаги «фейклар» бўйича иш қўзғатилди

Илья Яшин 13 июлга ўтар кечаси махсус ҳибсхонани тарк этиши керак эди. Муддат тугашига бир неча соат қолганида унга нисбатан Россия армияси ҳақидаги «фейклар» бўйича жиноий иш қўзғатилди, тинтув ўтказилди ва Тергов қўмитасига олиб кетилди.

Фото: Picture Alliance

РТҚ бош тергов бошқармаси Москвадаги Красноселский муниципал округи депутати Илья Яшинга нисбатан Россия армияси ҳақидаги «фейклар» (Жиноят кодексининг 207.3-моддаси) бўйича жиноий иш қўзғатди. Бу ҳақда адвокат Вадим Прохоров 12 июль, сешанба куни Facebook’да ёзди. 

«Ҳозир терговчи менга қўнғироқ қилди - унинг уйида тинтув бошланяпти. Мен ўша жойга бораман», - деди ҳимоячи. 

Кейинроқ Прохоров Facebook’даги постини янгилаб, тинтув якунига кўра фақат «эски Nokia телефони» мусодара қилинганини қўшимча қилди: «Бошқа ҳеч нарса топилмади». Адвокатнинг «Интерфакс»га маълум қилишича, тинтувдан сўнг Яшин Россия Қуролли кучларидан фойдаланиш тўғрисида ёлғон маълумот тарқатиш ҳақидаги моддани бузганликда айбланиб, Тергов қўмитасига сўроққа олиб кетилган. Сабаби - «7 апрель куни у ўзининг ютуб-каналида Бучада содир бўлган воқеалар ҳақида жонли эфирда гапирган». Ушбу моддадаги жазо 10 йилгача озодликдан маҳрум қилишни назарда тутади. 

Сиёсатчига 13 июль куни айблов эълон қилинади, дея таъкидлайди инсон ҳуқуқлари бўйича «ОВД-Инфо» лойиҳаси адвокат Михаил Бирюковга таяниб. Унга кўра, куннинг иккинчи ярмида Басманний судида эҳтиёт чорасини танлаш бўйича йиғилиш ўтказилади. 

Иля Яшин 28 июнь куни полицияга бўйсунмаслик моддаси бўйича ҳибсга олинган, у 15 кунга қамалган. Бу муддат 13 июлга ўтар кечаси, у тергов изоляторини тарк этиши керак бўлган вақтда тугайди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид