Истанбулда яна бир учрашув — Украина ва Россия ғалла экспорти йўлини очиш масаласини муҳокама қилди
ОАВ муаммо қандай схема бўйича ҳал қилиниши режалаштирилаётганидан хабар топган.
Чоршанба куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида Украина, Россия ва Туркия делегациялари, шунингдек БМТ вакиллари иштирокида учрашув ўтказилди, томонлар Украина ғалласи денгиз орқали экспорт қилиниши йўлидаги тўсиқларни олиб ташлаш бўйича келишиб олишмоқчи. БМТ бош котиби Антониу Гутерриш бир ҳафта ичида ушбу масалада якуний келишувга эришилишига умид билдирган.
Ҳозирда Украина буғдой ҳосилини Дунай портлари ва қуруқлик орқали олиб чиқмоқда, аммо бу каналлардаги улуш урушгача бўлган ҳажмнинг кичиккина қисмини ташкил этади. 24 феврал кунги босқиндан кейин Қора денгиздаги украин портлари, хусусан, Одесса ва Миколайивдаги портлар блокланиб қолган, Азов денгизидаги портлар (Мариупол ва Бердянск) эса Россия томонидан эгаллаб олинган. Ғарб экспертлари баҳолашича, Одесса ва унинг атрофидаги ҳудудларда 20 млн тонна атрофидаги буғдой тўпланиб қолган.
Айни вақтда Украина буғдойи экспорти (қисман Россияники ҳам) кескин қисқариши кўплаб бадавлат бўлмаган давлатларда озиқ-овқат инқирозини юзага келтириши хавфи туғилган.
Истанбулдаги учрашув натижаси бўйича томонлар турли даражадаги ноаниқлик билан турли прогнозлар беришди. Шахси сир қолиши шарти билан BBC мухбирига интервью берган ғарблик амалдорлар музокаралар «ишбилармонлик руҳида» ўтгани, аммо қарорни 19 июлдан олдин кутмаслик кераклигини айтган. Ўша куни Теҳронда россияликлар президенти Владимир Путиннинг Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған билан учрашуви ўтказилади. Ушбу манбаларнинг сўзларига кўра, Эрдўған душанба куни ўтказилган телефон мулоқотида Путиннинг экспортни очиб юборишга розилигини олишга умид қилганди, аммо афтидан Путин бу қарорни ўзи қабул қилиб, бу ҳақда ўзи эълон қилмоқчи бўлмоқда.
Бу версияни БМТ бош котибининг баёноти ҳам бевосита тасдиқлайди, музокаралардан кейин у томонлар «муҳим қадам ташлашгани», аммо ҳозирча келишувга эришилмаганини айтганди. «Умид қиламизки, кейинги ҳафтада биз якуний келишувга эга бўламиз. Аммо, мен олдин ҳам айтганимдек, барча манфаатдор томонлар саъй-ҳаракат кўрсатиши керак», деган Гутерриш.
Турклар мудофаа вазири Хулуси Оқар кейинги ҳафтада Туркияда барча делегациялар иштирокида яна учрашув ўтказилиши ва консенсусга эришилса, навбатдаги учрашув келишув имзоланиши билан якунланишини айтди. «Биз умид қиламизки, ғалла ва озиқ-овқат муаммоси имкон қадар тез фурсатда ҳал қилинади. Ўйлаймизки, якуний келишувга кейинги ҳафтада эришилади», деган турклар мудофаа вазирлиги раҳбари.
Украина ташқи ишлар вазири Дмитро Кулеба чоршанба куни Испаниянинг El Pais нашрида эълон қилинган интервьюсида томонлар келишувга яқин эканини айтганди. «Украина ўз ғалласини жаҳон бозорига чиқаришга тайёр. Биз Россия билан келишувга эришишдан икки қадам берида, якуний босқичда турибмиз. Ҳозирда барчаси Россияга боғлиқ. Агар улар чиндан исташса, тез орада ғалла экспорти бошланади», деган Кулеба.
Унинг фикрича, Россия ҳам буғдой экспорти тикланишидан манфаатдор, чунки Африка ва Осиё мамлакатларига улар ҳақида қайғуришини кўрсатишни истайди. Шу билан бирга, Кулеба Россия музокараларни тўхтатиб қўйиши мумкинлигини ҳам истисно этмаган.
Россиянинг давлат агентлиги бўлмиш РИА Новости «дипломатик манба»га асосланиб берган хабарга кўра, келишувга жуда катта умид боғланган. Турли манбалар маълумотларига кўра, Россия музокараларда ғалла экспортига алоқадор бўлмаган, ўзига қарши қўйилган санкциялар билан боғлиқ талабларни илгари сурмоқда.
Ғалла экспорти тўхтаб қолишининг асосий сабаби - Россия томонидан бошланган урушдир, аммо Қора денгиз портлари блокадасида томонлар бир-бирини айблашади. Украина Россияни портлардан чиқиш йўлларини тўсиб туришда айблаган, россияликлар эътироз билдириб, портларга олиб борувчи йўллар украинлар томонидан миналанганини эслатади, украинлар эса бунга жавобан, агар миналанган ҳудудлар тозаланиб, ўтиш йўллари очилса, бундан Россия флоти фойдаланмаслигига кафолат йўқлигини айтишади.
Томонлар муҳокама қилаётган режа
Reuters агентлигининг дипломатлардан олган маълумотларига кўра, томонлар қуйидагича схемани муҳокама қилмоқда: украин денгиз кучлари миналанган ҳудуд бўйлаб сузишда ғалла ортилган кемаларга ҳамроҳлик қилиб боради, Россия кемалар олиб ўтилиши вақтида ҳужум қилмаслик мажбуриятини олади, Туркия эса БМТ иштирокида Одессага ўтаётган кемаларни текшириш билан шуғулланади - уларда қурол ташилмаётганини тасдиқлаш учун - Россия шуни талаб қилмоқда. BBC манбалари ҳам гап айнан шундай схема ҳақида кетаётганини тасдиқлаган.
Оқарнинг сўзларига кўра, Истанбулдаги музокараларда томонлар қўшма мувофиқлаштириш маркази ташкил этиш бўйича келишиб олишган, бу марказ кемаларнинг портларга кириши ва портлардан чиқишини назорат қилади, шунингдек озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсиз ташилишини таъминлайди.
Украина инфратузилмалар вазирлиги ва Денгиз портлари маъмурияти сўнгги кунларда Илон оролининг россиялик ҳарбийлардан озод этилиши Дунай дельтаси шимолидаги Бистрое тармоғида кемалар ҳаракати бошлангани украин ғалласини Дунай бўйидаги портлар орқали экспорт қилиш имкониятини оширгани ҳақида маълум қилганди - аммо барибир бу урушга қадар бўлган экспорт ҳажми билан таққослаб бўлмас даражада кам.
Украина инфратузилмалар вазирлиги сешанба куни сўнгги кунларда Бистрое тармоғи бўйлаб Дунайдаги учта украин порти томон 16 та кема ўтганини эълон қилди. Шу билан бирга, вазирлик тармоқ очилгач, унинг ўтказиш қуввати кунига атиги тўртта кемани ташкил этишини қайд этган.
«Биз руминиялик ҳамкасблар ва Еврокомиссия вакиллари билан Сулинский канали орқали ўтказиш қувватини ошириш бўйича музокаралар олиб бормоқдамиз. Бундай шароитда ва Бистрое тармоғи орқали йўл очиқлигини ҳисобга олган ҳолда, бу йўналишда кемалар тўпланишига бир ҳафта ичида барҳам берилади, биз бир ойлик буғдой экспорти ҳажмини 500 минг тоннага оширишимиз мумкин бўлади», дея вазир ўринбосари Юрий Васьковнинг сўзларини келтирган вазирлик матбуот хизмати.
Ярим миллион тонна - уруш ва Украинанинг асосий портлари блокланиб қолиши туфайли ҳосил бўлган экспорт қуввати тақчиллигининг атиги 1/11 қисми демакдир. Вазирлик маълумотига кўра, масалан, апрел ойида 2,5 млн тонна маҳсулотни экспорт қилишнинг уддасидан чиқилганди, ўшанда ойлик талаб 8 млн тоннани ташкил этарди.
Бунгача Украина идоралари Қора денгиздан Сулинский канали орқали (у Дунай дельтаси маркази бўйлаб, Руминия ҳудудидан ўтади) Дунай дарёсига киришда 130 кема тўпланиб тургани ҳақида хабар қилганди.
Божхона назоратини соддалаштириш тўғрисида
Андрей Захаров, BBC корреспонденти
12 июл куни «Справедливая Россия - Патриоты - За правду» фракциясининг бир гуруҳ депутатлари Давлат думасига Украинанинг босиб олинган ҳудудлари, жумладан ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган «ДХР» ва «ЛХР» ҳудудига товарларни ташишда божхона назоратини соддалаштириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини киритишганди. Қонун лойиҳаси матнида улар «махсус ҳарбий амалиёт ўтказилаётган ҳудудга туташ ҳудудлар» кўринишидаги эвфемизм (айтилиши ноқулай бўлган сўз ўрнида қўлланадиган пардали ибора) билан белгиланган.
Запорижжя ва Херсон областларининг босиб олинган ҳудудидан украин ғалласи - асосан қуруқлик орқали олиб чиқилади: ҳар куни Украинадан аннексия қилинган Қримга ғалла ортилган юзлаб юк машиналари қатнамоқда.
Шу билан бирга, Армянск районидаги маъмурий чегарада божхона назорати сақланиб қолмоқда, ҳолбуки Россия унинг икки томонидаги ҳудудни ҳам назорат қилади. Шу божхона тўсиғи туфайли зерновозлар кунлаб навбатда туриши кузатилмоқда, буни сунъий йўлдош тасвирлари орқали яққол кўриш мумкин.
Депутатлар Украинанинг босиб олинган ҳудудларидан Россияга олиб кириладиган товарларга нисбатан Евроосиё иқтисодий иттифоқи нормаларини қўллашни таклиф этмоқда: улар нисбатан енгилроқ, масалан, мунтазам синчиклаб текшириш талаб этилмайди. Улар бунга изоҳ сифатида маъмурий чегараларда гуманитар юклар узоқ вақт қолиб кетаётгани, ўз ҳосилини ташиётган фермерлар эса зарар кўришаётганини келтиришган.
Бундан олдинроқ BBC босиб олинган ҳудудлардан олиб чиқилаётган ғалланинг бир қисми фермерлардан ҳеч қандай тўловсиз тортиб олинаётгани - одатда Россия ҳукумати билан ҳамкорлик қилишдан бош тортганларга нисбатан шундай чора кўрилиши ҳақида ҳикоя қилганди. Фермерларнинг бир қисми бошқа жойга олиб боришнинг имкони бўлмагани туфайли ҳосилни бозор нархидан паст нархларда сотишга мажбур бўлмоқда.
Мавзуга оид
00:35
«Европадаги исталган нишонни йўқ қила олади» – Путин «Орешник» яратувчилари билан учрашди
22:08 / 23.11.2024
Путин Курск областини қайтариш муддатини белгилади — Зеленский
17:55 / 23.11.2024
WSJ: Украина ўзининг баллистик ракетасини яратиш устида иш олиб бормоқда
13:12 / 23.11.2024