Қорақалпоғистондаги воқеалар ортида қандай кучлар турибди? — Сиёсий таҳлилчи билан суҳбат
Ҳукумат расмийлари ва бир қатор сиёсий таҳлилчилар Қорақалпоғистондаги воқеалар ташқи кучлар томонидан узоқ йиллар тайёрланган ҳудудий тажовуз эканини айтиб келишмоқда.
Хўш, тартибсизликларда чиндан ташқи кучларнинг қўли борми ва бўлса, у қандай кучлар бўлиши мумкин?
Kun.uz мухбири айни мавзуга оид қатор саволлар билан сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимовга юзланди.
— Камолиддин ака, Қорақалпоғистон воқеаларидан 2 ҳафта вақт ўтди. Биласиз, президент Мирзиёев Қорақалпоғистондаги воқеалар четдан, хорижий кучлар таъсири ва қўллови билан, узоқ йиллик тайёргарликдан кейин амалга оширилганини айтди. Лекин бу хорижий кучлар кимлиги ва қаердан келгани борасида ҳали аниқ фикрлар эшитмадик.
Сизнингча, Қорақалпоғистондаги воқеалар ортида турган бу кучлар кимлар бўлиши мумкин?
— Назаримда, хориж кучлари ёки ҳар қандай ташқи кучлар деганда, буни шахсларга, гуруҳларга ҳамда мана шу шахс ва гуруҳларни қўллаб-қувватлашга мойил бўлган давлатларга нисбатан айтилади. Менимча, Ўзбекистон расмий доиралари бу вазиятда айнан қайси мамлакатлар экани борасида жавоб беролмаслиги мумкин. Лекин жамоатчилик қайси давлатлар назарда тутилиши мумкинлигини жуда яхши тушуниши керак.
Энди қаранг, постсовет ҳудудида давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги ёки уларнинг ичидаги автоном ҳудудлар геосиёсий ўйинларда жуда кучли восита сифатида ишлатиб келинди ва ишлатилмоқда ҳам.
Масалан, Молдованинг айрим ҳудудлари ёки Грузиянинг иккита ҳудуди тортиб олинди. Уларнинг ҳатто Россияга қўшилиш масаласи ҳам кун тартибига қўйиб бориляпти. Украинани айтмаса ҳам бўлади.
Шунингдек, 2021 ёки 2022 йилда ҳам Россия ва Қозоғистон ўртасидаги геосиёсий зўриқишларни кузатяпмиз. Россиядаги баъзи сиёсатчилар ёки давлат арбоблари, жумладан, Путиннинг ўзи ҳам “СССРга кичик бўлиб кириб, катта ҳудудларни олиб чиқиб кетган давлатлар бор” – деганда Қозоғистонни назарда тутганини яширишмади.
Ўзбекистонда ҳам Совет иттифоқи қулаганда шаклланган ҳудудий муаммо мавжуд эди. Яъни суверен мустақил давлатнинг ичида “суверен” деб аталадиган ҳудуд сунъий шакллантирилган эди. Демак, бундан хулоса қилиш мумкинки, Ўзбекистон геосиёсатида, минтақавий сиёсатида мана шу ҳудудий муаммоларни ишлатиш орқали ёки мана шу ҳудудий муаммоларни босим омили сифатида ишлатиш орқали ўзининг геосиёсий йўналишига бўйсундириш интилишлари ҳеч қачон яширилмаган.
2002 йил АҚШ қўшинлари Афғонистонга кираркан, Ўзбекистон Қаршидаги Хонабод ҳарбий базасини америкаликларга тақдим қилган эди. Бундан Россия Федерацияси қаттиқ дарғазаб бўлган ва шундан бошлаб Ўзбекистонни геосиёсий измига тушириш, бўйсундириш учун унинг ҳудудий муаммоларидан омил сифатида фойдаланишга ҳаракат қилган.
Буни жамоатчилик билмаслиги, албатта, нормал ҳолат. Чунки бу юқори бир даражада расмийлаштирилмаган. Бу ерда Россиянинг мақсади Ўзбекистонни парчалаш, унинг у ёки бу ҳудудини ўзига қўшиб олиш эмас, мана шу ҳудудий муаммолар орқали шантаж қилиш ва ўзига бўйсундириш.
Энди қаранг, Марказий Осиёда 5 республика бўлса, минтақанинг ярим аҳолиси Ўзбекистонда яшайди, минтақадаги барча давлатлар, жумладан, Афғонистон билан чегарадош ягона ва географик марказий давлат – Ўзбекистон. Демак, мана шуларни инобатга оладиган бўлса, бирор бир геосиёсий лойиҳа тўлақонли минтақавий аҳамиятга эга бўлиши учун унда Ўзбекистон иштирок этиши керак. Агар Ўзбекистон иштирок этмаса, у лойиҳа тўлақонли минтақавий аҳамиятга эга бўлмайди.
Энди биз биламиз-ку, Россиянинг Ўзбекистонга нисбатан энг йирик геосиёсий кутиши, бу – биринчидан, Ўзбекистоннинг ЁОИИга кириши, иккинчидан, КХШТга Ўзбекистоннинг кириши ҳисобланади. 6 йил ўтяптики, Ўзбекистон мана шундан геосиёсий масофа сақлаб келяпти.
Ўзбекистоннинг Россия билан икки тарафлама муносабатлари жуда интенсив ва ижобий. Лекин Ўзбекистон ўз манфаатларидан келиб чиқиб, мана шу иккита лойиҳадан масофа сақлаб келяпти.
Хулоса қилиш мумкинки, Қорақалпоғистон воқеаларида албатта, ташқи кучлар омили мавжуд эди. Яъни бу агрессив эмас, оҳиста, лекин кейинги икки 10 йилликда мана шу омил оҳиста қўллаб-қувватлаб келинди. Ва Ўзбекистоннинг расмий идораларига геосиёсий босим сифатида ишлатилди.
Юқорида айтиб ўтдим, шахслар ва шахслар гуруҳлари – мана бу мен назарда тутаётган давлатлар томонидан оҳиста, яширинча, лекин доимий равишда қўллаб-қувватлаб келинди.
Яъни бундай ташқи кучлар мавжуд, бу авваламбор шахслар, шахсларнинг гуруҳлари ва ўша оҳиста инструмент сифатида фойдаланишни кўзлаган давлатларни назарда тутиш мумкин.
Интервюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.
Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Абдуқодир Тўлқинов.
Мавзуга оид
07:40 / 17.07.2024
Ўзбекистонда шоир Ажиниёз Қўсибой ўғли таваллудининг 200 йиллиги кенг нишонланади
10:26 / 02.07.2024
Қорақалпоғистонда 15 млрд сўмлик давлат харидларини амалга оширишда қонун талаблари бузилган – Рақобат қўмитаси
12:31 / 01.07.2024
Учта ҳудудда хорижий давлатларга ишга юборишни ваъда қилган шахслар ушланди
08:27 / 20.06.2024