Ўзбекистон | 15:21 / 15.07.2022
45943
16 дақиқада ўқилади

ИИБ ходимлари ҳайитга қўй сотишга келганлардан пора сўрашда айбланди. Мутасаддилар бу туҳмат эканини айтмоқда

Интернетда тарқалган видеомурожаатда бир гуруҳ қашқадарёликлар Қурбон ҳайити муносабати билан сотиш учун Тошкентга қўй олиб боришганда ИИБ ходимлари келиб битта қўй беришни сўрашгани, рад жавобини олганларидан сўнг уларни куч ишлатиб, ИИБ идорасига олиб боришганини айтишмоқда. ИИББ бунга ўз муносабатини билдириб, фуқароларнинг важларини тўла инкор қилди. Kun.uz мухбири ҳодиса иштирокчилари билан боғланиб, воқеа тафсилотларини ўрганди.

Низо қандай юзага келди?

Чилонзор туманининг Ал-Хоразмий маҳалласи профилактика инспектори Лазиз Абдукаримов низога қўй сотувчилари устидан тушган шикоят сабаб бўлганини таъкидлади.

Ҳайит кунлари қўйлар сотилган жой.

– Бизга қўйлар сотилаётган жойда экилган дарахтлар, яшил ҳудудларни суғориш, кўкаламзорлаштириш учун масъул бўлган ширкат раҳбаридан ариза тушганди. Аризачи қўйлар ҳудудни пайҳон қилишаётгани, баҳорда экилган кўчатларнинг барглари ва шохларини еб, синдириб ташлаётганидан, қолаверса, қўйлар сотилаётган жойнинг ўзида сўйилиб, ичак-чавоқлари шу ерда қолдириб кетилаётганидан шикоят қилди.

11 июль куни шеригим Баҳром ака Бердиев билан бирга келиб тушган мурожаатдаги важларни ўрганиш мақсадида қўйлар сотилаётган жойга бордик. Ҳақиқатан ҳудуд ифлос бўлиб кетгани, айрим харидорларнинг истагига кўра сўйиб берилган қўйларнинг қорин-ичаклари ҳар жойга ташлаб кетилгани, атрофда қўланса ҳид борлиги, ҳудудда экилган дарахтларнинг айримлари синиб ётгани, аксариятининг шох ва барглари қўйларга ем бўлганига гувоҳ бўлдик.

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Чилонзор тумани Пойгоҳ кўчаси бўйлаб экилган дарахтлар

Суриштирувимиз давомида қўйчивонлар устидан маҳалла профилактика инспекторига шикоят қилган “Ал Хоразмий-Яссавий” ХУЖМШ раҳбари Ғайрат Эшқулов билан боғландик. У арз қилишига нима сабаб бўлганини қуйидагича изоҳлади:

– Чиндан ҳам “участкавой”имизга қўйсотарлар устидан шикоят қилганман. Чунки атрофни расво қилиб юборишди. Қўйлар сотилаётган ҳудуд ширкатимизга қарайди, бу ернинг ободонлиги учун мен жавобгарман, ҳокимлик ва бошқа мутасадди идоралар буни мендан талаб қилишади. Қолаверса, баҳорда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида йўл бўйлаб ёппасига дарахт эккандик, айрим жойларни кўкаламзорлаштиргандик. Шу боис меҳнатимизга ачинганимдан ҳайитнинг иккинчи куни қўйчивонларнинг ёнига бориб, улардан бу ерни тоза ва тартибли сақлашни сўрадим.

Қўйлар Қурбон ҳайитидан уч кун олдин келтирила бошланди. Бошида қўйлар кам эди, шу боис атроф-муҳитга у қадар катта зарар етказишмаётганди. Ҳайит кунлари қўйлар ниҳоятда кўпайиб кетди. Сўйилган қўйларнинг ичак-чавоқлари ташлаб кетилган ҳолатларни кўрдим. Қўйсотарларга ўшаларни кўрсатганимда буни қассоблар қилишяпти, дейишди. Бу ишни қассоблар қиладими, сизлар қиласизларми, менга нима фарқи бор, бу чиқиндини ким тозалайди, десам бир-бирларига солишди. 10 июль куни “участкавой”га мурожаат қилишга мажбур бўлдим.

У эртасига эрталаб қўй сотувчилари билан гаплашиб, айримларини шу жойнинг ўзида жаримага тортибди, айримларининг ишини судга оширибди. Агар қўйлар шу ерда сотилмаганда мен жавобгар бўлган ҳудуднинг расвоси чиқиб кетмасди, дарахтлар жойида турган бўларди, бу ерга сўйилган қўйларнинг ичидан чиққан нарсалар ташлаб кетилмаган бўларди.

Қўйлар сотилаётган жойда сўйилиб, қорин-ичаклари шу атрофга ташлаб кетилган.

Профилактика инспектори Лазиз Абдукаримов қўй савдоси билан шуғулланаётган фуқароларга уларнинг устидан ариза тушгани, ҳудудда яшовчи аҳоли норози бўлаётгани, шу боис қўйларни бу ердан олиб кетишни яхши гап билан тушунтиришга ҳаракат қилганини, бироқ қўй сотувчилар бунга рози бўлмаганини айтди.

– Мен уларга мурожаат қилишдан олдин ўзимни таништирдим, хизмат гувоҳномамни кўрсатдим. Босиқлик билан вазиятни тушунтирган бўлсам-да, қўй сотувчилардан бири – кейинчалик исми Мансур экани маълум бўлган фуқаро бизга қўлингдан келганини қил, қўйларимни сотиб бўлмасдан кетмайман, менга президент рухсат берган, деб айтди. Унга жавобан бу ерда дарахтлар экилгани, ҳудуд кўкаламзорлаштирилгани, қўйлар эса уларни пайҳон қилаётганини тушунтиришга уриндим. Гапларим кор қилмагач, улардан шахсини тасдиқловчи ҳужжатларини тақдим этишини сўрадим. Аммо улар бундан бош тортишди.

ИИБ ходимлари ва қўй сотувчилар ўртасидаги тортишув жараёни. Видеодан скриншот.

Қонуний талабимизни бажармаганликлари учун ёрдамчи куч чақиришга мажбур бўлдик. Чунки улар “мелисалар бизни уришяпти” деб бақир-чақир қилишганига атрофимизда одам йиғилиб кетганди.

“Икки марта жаримага тортишди”

Интернетдаги видеомурожаат муаллифларидан ва 11 июль куни ИИБ ходимлари билан юз берган низода иштирок этганлардан бири – Муҳаммад Худойбердиев ҳар йили Қурбон ҳайитида шу ерда қўй сотишини, шу пайтгача ички ишлар ходимлари билан бирор марта можаро юз бермаганини таъкидлади. Шунингдек, у ўзларини бир кунда бир эмас, икки марта жаримага тортишганини айтмоқда.

– Ҳар йили Қурбон ҳайити арафасида Қашқадарёдан қўй олиб келиб шу ерда сотамиз. Бошқа пайтлари молбозорга олиб борамиз қўй-молларимизни. Фақат ҳайит пайти “бетонка йўл” юзида сотамиз. Фақат биз эмас, бошқалар ҳам турли жойдан қўй олиб келиб сотишади. Шу пайтгача ҳеч қандай муаммо чиқмаганди, бу йилги ҳайитда мана шу ишлар содир бўлди.

Дастлаб “участкавой” формадаги битта шериги билан келиб ҳудудни расво қилаётганимизни ва бу ерни ободонлаштиришга масъул шахслар бундан норози бўлаётганини айтди. Бунга жавобан “участкавой”га кетишимиздан олдин ҳамма жойни тозалатиб кетишимизни айтдим. Чунки аввалги йиллар ҳам кетишимиздан олдин ободонлаштириш ходимларининг қўлига хизмат ҳақини бериб, жойимизни чиройли кўринишга келтириб кетардик. Лекин ходимлар гапимизга кўнмай, бу ердан кетишимизни талаб қилди.

“Участкавой” шунчаки шахсларингни аниқлашимиз керак, деб планшетига бармоқ изларимизни бостириб олди. Бармоғимизни босганимиздан кейин телефонимизга бизга 300 минг сўм миқдорида жаримага тортилганимиз ҳақида хабар келди. Тўрт ё бештамиз шундай смс олдик. Ваҳоланки, бизга жаримага тортилишимиз айтилмаганди, шунчаки кимликларингни аниқлаштирмоқчимиз, дейишганди.

Жаримага тортилганимиз ҳақида хабар олганимиздан кейин бунинг сабабини сўрадик. Жарима ҳудудни ифлослантирганимиз учун белгилангани тушунтирилди. Табиийки, биз бунга эътироз билдирдик. Чунки бу ерда фақат биз қўй сотмаётгандик, камида 100 киши, 7-10 кишилик алоҳида-алоҳида гуруҳ бўлиб қўй сотишаётди. Қаторнинг бошида турганимиз учун текширувни биздан бошлашиб, бунга қарши чиққанимиз учун бизни бўлимга олиб кетиш баҳонасида қолган қўй сотувчиларига нисбатан ҳеч қандай чора кўрилмади. Қонун-қоида барчага баробар бўлса, ҳамма бирдай жаримага тортилиши керак эмасмиди?! Нимага уларга тегмай, бизнинг бошимизни қотиришгани, жавобгарликка тортишганининг сабабини билмайман.

Профилактика инспектори Лазиз Абдукаримов белгиланмаган жойда қўй сотиш натижасида атроф-муҳит ободончилигига зарар етказган фуқароларни ҳақиқатан ҳам Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 161-моддаси (Шаҳарларни ва бошқа аҳоли пунктларини ободонлаштириш қоидаларини бузиш) билан жаримага тортганини тасдиқлади.

– Мансур исмли шахс шу ерда қўй сотаётганларнинг ҳаммасини жаримага тортасиз, бўлмаса устингиздан шикоят қиламан, деб айтди. Хўп дедим-да, шу ерда турганларнинг ҳаммасини чақириб, шахсига ойдинлик киритгач, жаримага тортдим, бу ҳақдаги хабарлар уларнинг телефонига ҳам борган.

4-сонли ИИБга олиб бориш мақсадида қўй сотувчилар автобусга чиқарилмоқда. Видеодан скриншот.

Худойбердиевга кўра, ИИБга 5 киши олиб кетилган. У ерга борганларидан сўнг ички ишлар ходимларининг талабларига бўйсунмаганлик ва бошқа ҳолатлар бўйича яна жаримага тортишган.

“ИИБга олиб боришгандан сўнг 4 киши қайтадан жаримага тортилган. Яна базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари – 300 минг сўмдан жарима ёзилган”, дейди у.

Тошкент шаҳар ИИББ баёнотида Чилонзор тумани Пойгоҳ кўчасида санитария қоидаларига риоя этмасдан қўй сотаёган Б.Шерзод, Б.Исломхон, У.Мансур, Б.Рамазонга нисбатан МЖтКнинг 183-моддаси (Майда безорилик), 194-моддаси (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) ҳамда 195-моддаси (Ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш) асосида ҳужжатлар расмийлаштирилиб, судга юборилгани қайд этилган.

Пора сўралгани ҳақиқатми ёки туҳмат?

Қўй сотувчилар жаримага тортилганларидан сўнг ҳам бу ерни тарк этишни истамаган. Томонлар ҳам тил топиша олмагач, воқеа жойига қўшимча куч чақирилган.

– Аввалига “участкавой” йўлдан ўтиб кетаётган ЙПХ машинасини тўхтатди. Соат тўққизлар атрофи эди ўша пайт. Машинадан икки ходим тушди, аммо ўзларини таништиришмади. Уларгаям ҳар йили ҳайитнинг 3 кунида шу ерда қўй сотиб келишимиз, бугун (11 июль назарда тутилмоқда – таҳр.) ҳайитнинг охирги куни экани, яна 3 соатча савдо қилгач, жойимизни тозалаб кетишимизни тушунтирмоқчи бўлдик. Лекин ходимлар сўзларимизни эшитишниям истамай, бу ердан кетишимизни талаб қилиб, қўлларига таёқ олиб қўйларимизни ҳайдай бошлашди.

Бундай қилмасликни сўраб илтимос қилаверганимиздан кейин ўзини таништирмаган ЙПХ ходимларидан бири икки кун тинчгина савдо қилибсизлар, сизларга ҳеч ким теккани йўқ, учинчи кун ҳам савдо қилмоқчи бўлсанглар қўйчивонлар пул ташлашиб, менга битта қўй беринглар, “РОВД”га олиб бориб қон чиқарамиз, деб айтди.

Мен унга жавобан бу ерга тирикчилик учун бир-икки сўм топишга келган одамман, сизга битта қўйни бериб юборолмайман. Сиз сўраётган нарса пора ҳисобланади, мен устингиздан юқори турувчи идораларга шикоят қиламан, деб айтганимдан кейин биз савдо қилаётган жойга ёрдамчи гуруҳ чақиртирди.

Воқеа марказида бўлган “участкавой” Лазиз Абдукаримов ўзи ёки бошқа ходимлар қўйсотарлардан пора талаб қилганини рад этди.

“Жараён қандай юз бергани ЙПХ ходимларининг бодикамераларида бор. Қолаверса, уларнинг ўзлари ҳам боришимиз билан телефонларини ёқиб, бизни видеога олишни бошлашганди. Интернетга фақат ўзлари учун керакли жойинигина чиқаришган. Чунки жараённи бошидан охиригача, уларни автобусда бўлимга олиб келишимизгача видеога олишганди”, дейди профилактика инспектори.

Муҳаммад Худойбердиев қўлларида бор видеони интернетга жойлаганини, улар кесилиб ёки монтаж қилиниб тарқатилмаганини билдирди. Суҳбатдошимизга кўра, унинг қўлида ЙПХ ходими пора талаб қилганини тасдиқлайдиган аудиоёзув ёки видеотасвирлар йўқ, чунки бу пайтда жараённи телефонда ёзиб олишмаган, ходимлар билан ўртада низо юзага келганидан сўнг вазиятни тасвирга тушира бошлашган. Бироқ у ходим қўй беришни сўраганини шериклари ва шу ерда савдо қилган бошқа қўйчивонлар ҳам эшитишгани, улар сўзларини тасдиқлашини маълум қилди.

ЙПХ ходимларининг бодикамералари орқали ёзиб олинган видеодан скриншот.

Чилонзор туманидаги 4-сонли ИИБ бошлиғи Зиёдулла Абдуллаев қўл остидаги ходимлар қўй сотувчиларига нисбатан ноқонуний хатти-ҳаракат содир этмагани, ходимлардан бири пора сўрагани ҳақидаги иддаолар очиқдан очиқ туҳмат эканини айтмоқда.

– Рўй берган воқеа хусусида ходимларимдан батафсил ҳисобот олдим. Интернетда тарқалган видеомурожаатдаги иддаолар ҳақиқатга тўғри келмайди. Очиқдан очиқ туҳмат, уйдирма бу гаплар. Агар мурожаатчилар ушбу сўзларини тасдиқловчи бирор бир далилга эга бўлишса, бизга тақдим этишсин, қайси ходим шундай ишга жазм қилган бўлса, уни аяб, ҳимоя қилиб ўтирмаймиз. Шахсан ўзим унга нисбатан қонуний чора кўрилишини таъминлайман.

Лекин бундай ҳолат бўлмаган. Агар фуқаролар ушбу иддаоларини исботлаб бериша олмаса, интернет орқали шахсий таркибимизни обрўсизлантиришгани, шаънимизга доғ туширишгани, туҳмат қилишгани учун қонун олдида жавоб беришларига тўғри келади. Чунки мана шу видеолар тарқалганидан бери ҳаловатимиз йўқ.

Йўқолгани айтилган 23 бош қўй қаерда?

Видеомурожаатда қўйчивонлар ички ишлар бўлимига олиб кетилганидан сўнг қўйлар қаровсиз қолгани, бўлимдан қайтишгандан сўнг бир кишининг 15 бош, бошқасининг 8 бош, жами 23 бош қўйи йўқолгани ҳақида ҳам сўз боради.

“Бизни ИИБга олиб кетаётганда қўйларимиз эгасиз қолиб кетяпти, ҳеч бўлмаса битта шеригимизни – Рамазон акани тушириб қолдиринглар, қўйларга эгалик қилиб туради, деб айтдим, инобатга олишмади.

Бизни уч соат ушлаб туришларини, шундан сўнг шахсимизга аниқлик киритиб қўйиб юборишларини айтишди. 4-сонли ИИБ бошлиғининг олдигаям кирдик. Қўйларимиз эгасиз қолиб кетди деганимизда у ходимларимизга тайинлаганмиз, ўша ерда қўйларга қараб туришибди, деб айтди. Ўзини “Дилшод” деб таништирган, ёрдамчи гуруҳ билан бирга келиб бизни ИИБ биносига олиб келган ходим эса қўйлар йўқолган тақдирда биз жавоб берамиз, деб ишонтирганди.

Биз олиб борилган жой ёпиқ жой эмас экан. Бизга орада ходимлардан бири истасак сизларни бир сутка давомида ушлаб турамиз, бунга ҳаққимиз бор, деб айтгани учун қўйларимиз, қолаверса, менинг ва Рамазон аканинг кичик ёшдаги фарзандларимизга нима бўлишини ўйлаб, қулай фурсат бўлганда секингина ИИБ биносидан чиқиб кетдим. Телефоним ўша ерда қолган, қайтариб беришни сўрагандим беришмади.

Қайтиб келгач, аввал бир амаллаб мелисалар билан бақир-чақир қилаётган пайтимиз қўрқиб қочиб келган болаларимизни топдим. Кейин қўйлардан хабар олдим. Шунда ўзимнинг 15 та қўйим, шерикларимнинг яна 8 та қўйи йўқолганини билдим. Жами 23 та қўй йўқ”, дейди Муҳаммад Худойбердиев.

Воқеа жойи.

4-сонли ИИБ бошлиғи Зиёдулла Абдуллаевга кўра, бўлимга воқеа жойида бақир-чақир қилиб оммани ўзига қаратган, ходимларни қуюшқондан чиқаришга уринган, уларни ҳақорат қилган 4 нафар қўйчивон олиб келинган, қолганлари воқеа жойида қолган.

– Айтмоқчиманки, қўйлар эгасиз қолиб кетди, деган гаплар ёлғон. Қонунга зид ҳаракатлардан тийилган, можарога аралашмаган фуқаролар ўша ерда қолган. Тўғри, улар билан ўзим ҳам гаплашгандим. Уларга айтдимки, қўйларинг эгасиз қолган бўлса ходим жўнатаман, деб ППХ ходимини воқеа жойига жўнатмоқчи бўлдим. Ходимим у ерда буларнинг ҳамқишлоқлари, қўйларни бирга олиб келган одамлари кўп, улар ҳаммаси бир жойнинг одами, бир-бирининг қўйларига қараб туришибди, деб айтди.

Қолаверса, қўйчивонлар ички ишлар бўлимига олиб келинганда ўзларини қандай тутишганини ўз кўзим билан кўргандим. Улар ўша ерда ҳам ходимларимга ҳар хил гаплар гапиришганини эшитдим. Уларга 250 минг пулимни ўғирладинг, ҳам деб айтишди. Ўзим тепасида эдим шу гап-сўзлар бўлаётганда.

Ҳозир таъминотимиз яхши, ойлигимиз жойида. Ходимлар кимнингдир нарсасига қараб қолган жойи йўқ. Шунча пайтдан бери ходимларим устидан бир сўм сўради деган шикоят тушмаган, шу боис уларга ишонаман. Халққа хизмат қиламан деб форма кийган йигитларим фуқароларнинг мол-мулкига кўз олайтиришига ишонмайман. Илгари шундай салбий ҳолатлар кузатилган бўлса бордир, лекин ҳозирги пайтда ходимларнинг ўзи ҳам, кўзи ҳам тўқ. Бунга жавоб бераман. Шу боис қўйлар йўқолгани ҳақидаги гаплар биз уларни идорага олиб келиб, жаримага торттирганимиз учун қасд олиш мақсадида ўйлаб топилган гап-сўз деб биламан, дейди Зиёдулла Абдуллаев.

Жамшид Ниёзов, журналист

Жамшид Ниёзов
Муаллиф Жамшид Ниёзов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид