Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШ Африка ва Яқин Шарқдаги озиқ-овқат хавфсизлиги учун 1 млрд доллар ажратади
Украинадаги уруш туфайли қашшоқ мамлакатлардаги очарчиликка қарши курашиш учун маблағ ажратилиши ҳақида Жо Байден Саудия Арабистонига ташрифи чоғида маълум қилади.
АҚШ президенти Жо Байден Саудия Арабистонига ташрифи чоғида Украинадаги уруш фонида минтақада озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун Африка ва Яқин Шарқ мамлакатларига 1 миллиард доллар ажратилишини эълон қилади. Бу ҳақда 16 июль, шанба куни dpa, AFP ва Bloomberg агентликлари Оқ уйнинг юқори мартабали мулозимига таяниб хабар берди.
Байден бу ҳақда Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши (ФКАДҲК) саммитида чиқиш қилиши кутилмоқда. Бундан ташқари, Баҳрайн, Қатар, Кувайт, Уммон, Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) ва Саудия Арабистонини ўз ичига олган ФКАДҲК раҳбарлари келгуси икки йил ичида АҚШ бошчилигидаги «Глобал инфратузилма ва инвестиция ташаббуси бўйича ҳамкорлик» билан боғлиқ лойиҳаларга 3 миллиард доллар ажратади.
Халқаро гуманитар ташкилотлар ва давлат раҳбарлари Украинадаги уруш ва Украина портларида дон олиб борадиган кемаларнинг блокадаси қашшоқ мамлакатларда, биринчи навбатда, Шимолий Африкада очарчилик муаммосини янада кучайтириши мумкинлиги ҳақида бир неча бор огоҳлантирган. Жаҳон дон экспортининг қарийб 30 фоизи Россия ва Украина ҳиссасига тўғри келади. Агар Украинадан буғдой экспорти тикланмаса, Африка «қитъани беқарорлаштириши мумкин бўлган ўта жиддий очарчилик ҳолатига» тушиб қолади, деб огоҳлантирди Сенегал президенти ва Африка иттифоқи президенти Маки Сал.
Германияда бўлиб ўтган «катта еттилик» (G7) саммитида давлатлар раҳбарлари ривожланаётган мамлакатлар учун умумий қиймати 600 миллиард доллар бўлган беш йиллик сармоя дастури ишга туширилганини эълон қилди. Унинг мақсади камбағал ҳудудларда «юқори сифатли ва барқарор инфратузилма» яратишдир. «Очиғини айтмоқчиман. Бу ёрдам ёки хайрия эмас. Булар ҳаммага фойда келтирадиган сармоялар», - деганди Жо Байден ўшанда.
Унинг сўзларига кўра, дастур қабул қилувчи мамлакатларга «демократик давлатлар билан ҳамкорлик қилишнинг аниқ афзалликларини кўриш» имконини беради. Таҳлилчилар ва оммавий ахборот воситалари таъкидлаганидек, лойиҳанинг мақсадларидан бири Хитойнинг ривожланаётган минтақаларда кучайиб бораётган таъсирига қарши туришдир. 2013 йилдан бошлаб ХХРнинг худди шундай лойиҳаси – «Бир камар, бир йўл» ишламоқда.
Қўшма Штатлар зарур сармоянинг учдан бир қисми - 200 миллиард долларни ўз зиммасига олишга ваъда берди. Пул федерал маблағлар, грантлар ва хусусий инвестициялар ҳисобидан ажратилиши режалаштирилган. Европа иттифоқи давлатлари тахминан 300 миллиард доллар сармоя ажратиши керак, деди Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен. Маблағлар, жумладан, Африка ва Осиё мамлакатларида муқобил энергия, тиббиёт ва инфратузилмани ривожлантиришга йўналтирилади.
Мавзуга оид
08:51 / 04.06.2026
Кувайт аэропортида Эроннинг дрон зарбаси оқибатида 1 киши вафот эди, ўнлаб инсонлар жароҳатланди
11:00 / 28.05.2025
АҚШ дунё бўйлаб хорижий талабалар учун виза суҳбатларини тўхтатмоқда
09:03 / 28.05.2025
WSJ: Трамп Россияга қарши санкцияларни кучайтириш ҳақида ўйлаяпти
22:46 / 27.05.2025