Жаҳон | 12:31 / 16.07.2022
8643
2 дақиқада ўқилади

Россияда мигрантлар меҳнат шартномаларига чипли ягона ҳужжат маълумотларини киритиш таклиф қилинди

Шунингдек, меҳнат шартномаси муддати давомида унга тиббий ёрдам кўрсатиш асосларини чет эллик ишчи билан тузилган меҳнат шартномасига киритишни мажбурий қилиб қўйиш таклиф этилмоқда.

Фото: Владимир Смирнов / ТАСС

Россия Ички ишлар вазирлиги Меҳнат кодексида иш берувчилар ва мигрантлар ўртасидаги меҳнат шартномасида электрон ташувчига эга бўлган ягона ҳужжат, хорижий ишчилар реестридаги ҳақиқий ҳисоб ва уларни тақдим этиш шартлари тўғрисидаги маълумотларни кўрсатиш зарурлигини қонунлаштиришни таклиф қилди. Бу ҳақда ТАСС хабар бермоқда.

«Чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс бўлган ходим билан тузилган меҳнат шартномасида маълумотлар Россия Федерацияси ҳудудида чет эл фуқаросининг шахсини тасдиқловчи ягона ҳужжатда электрон сақлаш воситаси, хорижлик ишчилар реестридаги амалдаги ҳисоб ёзуви билан кўрсатилади», — дейилади ҳужжатда.

Бундан ташқари, қонун лойиҳасидан келиб чиққан ҳолда, меҳнат шартномаси муддати давомида унга тиббий ёрдам кўрсатиш асосларини чет эллик ишчи билан меҳнат шартномасига киритишни мажбурий қилиб қўйиш таклиф этилмоқда. Хусусан, гап амал қилиш муддати камида бир йил бўлган ихтиёрий ёки мажбурий тиббий суғурта полиси ҳақида кетяпти. 

Ҳозирги вақтда меҳнат шартномасида мажбурий равишда ходимнинг фамилияси, исми, отасининг исми ва меҳнат шартномасини тузган иш берувчининг исми, ходим ва иш берувчининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар тўғрисидаги маълумотлар, СТИР, меҳнат шартномаси тузилган жой ва санаси кўрсатилиши керак. 

Шунингдек, у ходимнинг меҳнат функцияларини, иш бошланган санани, иш ҳақи шартларини, иш вақти ва дам олиш вақтларини акс эттириши керак. Ички ишлар вазирлигининг қонун лойиҳасига кўра, ушбу шартлар меҳнат шартномасида сақланиб қолади. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид