Жамият | 09:01 / 17.07.2022
18594
2 дақиқада ўқилади

Андижонда танишининг машинасини олиб қочган аёл ЙТҲга учради

Фото: Тергов департаменти

Андижон вилояти Асака туманида 19 ёшли аёл танишининг автомобилини олиб қочди.

2022 йил 11 июл куни соат 00:30 ларда Асака туманида яшовчи 19 ёшли Н.Д. (аёл) ўзига олдиндан таниш бўлган 22 ёшли А.И.нинг (эркак) Cobalt русумли автомашинасида Асака тумани "Арғин" МФЙ Жанон-2 кўчасига бирга келиб, ҳайдовчи А.И.нинг машинадан танишлари билан гаплашиш мақсадида тушиб кетганидан ва машина двигателини ўчирмасдан калитни ўзида қолдириб кетганидан фойдаланиб, автомашина рул бошқарувига ўтириб, А.И.нинг рухсатисиз машинани олиб қочган.

Сўнгра Асака—Шаҳрихон транспорт қатнов йўлининг Шаҳрихон йўналиши бўйича бошқариб кетаётиб, Шаҳрихон тумани ҳудудига етганида бошқарувни йўқотиб, йўл-транспорт ҳодисаси содир этгани аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Асака тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Н.Д.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 267-моддаси 1-қисми (транспорт воситасини олиб қочиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда юқоридаги шахс нима сабабдан ушбу жиноятга қўл ургани аниқланмоқда. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид