Жаҳон | 10:49 / 17.07.2022
15360
7 дақиқада ўқилади

Европа мамлакатларини аномал ўрмон ёнғинлари қамраб олди, Испания ва Португалияда жазирамадан 600 киши ҳалок бўлди

Европа кучли иссиқ туфайли бошланган ўрмон ёнғинлари тўлқини ичида қолди. Португалия, Испания, Греция ва Франциянинг жануби-ғарбида минглаб қутқарувчилар шиддатли оловга қарши туришга уринмоқда. Минглаб кишилар эвакуация қилинган, юзлаб кишилар жазирама оқибатида ҳалок бўлган.

Португалия Европанинг экстремал иссиқ кучли ўрмон ёнғинлари келтириб чиқарган давлатларидан бўлди. Фото: Reuters​​​​​​

Ўт ўчирувчилар ишини кўплаб ёнғин ўчоқларида ҳарорат Цельсий бўйича 40 даражадан ошгани мураккаблаштирмоқда, янги ҳафта бошида ҳарорат янада кўтарилиши кутилмоқда.

Европа ва қўшни минтақаларда қиш жуда қуруқ келиб, ёзги ҳарорат жуда юқори бўлиши ёнғин кенг тарқалиши учун идеал шароит ҳосил қилган. Натижада июл ойида Франция, Испания, Италия, Хорватия, Греция, Туркия ва Марокашнинг ўрмонли ҳудудларини кучли ёнғинлар ўз домига олди.

Европа иттифоқининг Copernicus атмосферани мониторинг қилиш хизмати (CAMS) Европа жануби ва Африка шимолидаги қайси давлатлар айни вақтда ёнғин тарқалиши хавфи юқори бўлган ҳудудда экани акс этган харитани намойиш этди.

Олимларнинг таъкидлашича, сўнгги йилларда экстремал об-ҳаво билан боғлиқ табиий офатлар сезиларли даражада кўпайган.

Инсон фаолияти туфайли рўй бераётган иқлим ўзгаришлари иссиқлик даври янада мунтазам, янада интенсив ва янада узоқ вақт бўлишига олиб келмоқда.

Глобал ўртача ҳарорат аллақачон саноатлашиш давридан олдинги ҳароратга нисбатан 1,1 даражага ортган ва агар мамлакатлар атмосферага иссиқхона газлари чиқиндиларини чиқаришни қисқартирмаса, бу кўрсаткич ошишда давом этади.

Бу ҳафтада Франция ўт ўчирувчилари федерацияси раҳбари ўт ўчирувчилар ҳар куни иқлим ўзгаришлари оқибатларини ўз таналарида ҳис қилишаётганини айтиб ўтди.

«Бу оқибатларни 2030 йилда кутиш керак эмас - улар айни вақтда рўй бермоқда», дея қайд этган Грегори Альионе.

Ўтган йилда ҳам Европа жанубига кучли ўрмон ёнғинлари ёпирилганди - ўшанда энг хавотирли вазият Туркия ва Грецияда кузатилган.

Португалия ва Испания

Пайшанба куни Португалия шимолида ҳарорат Цельсий бўйича 47 даражага етди ва кейин 40 даража атрофида сақланиб қолди. 

Маҳаллий расмийларнинг маълум қилишича, Португалия ва Испанияда 600 нафар атрофидаги киши иссиқ ва тутун туфайли соғлигида муаммолар юзага келиши оқибатида вафот этган. 

Reuters Карлос III номидаги саломатлик институти маълумотларига асосланиб хабар беришича, бир ҳафтадан буён давом этаётган жазирама 360 кишини ҳаётдан олиб кетган. Испанияда ҳаво ҳарорати 45,7 даражага чиққан.

Қўшни Португалияда мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлиги 7-13 июл кунлари давомида аномал иссиқ туфайли 238 киши ҳалок бўлганини маълум қилган, уларнинг катта қисми — кекса ёшли кишилар.

Жазирама кунлар давом этаётгани ўт ўчирувчилар фаолиятини қийинлаштирмоқда. Фото: Reuters

Жума куни Португалия гидросамолёти учувчиси ҳам ҳалок бўлди. У мамлакат шимоли-шарқида, Испания билан чегара яқинидаги Фош Коа шаҳри ҳудудида оловни ўчириш ишлари вақтида қулаб тушган.

Июндан бери Португалиянинг 90 фоиздан ортиқ ҳудуди қурғоқчиликни бошдан кечирган. Мамлакат расмийлари маълумотига кўра, бундай шароитда бошланган ёнғинлар - асосан мамлакат шимолида - 30 минг гектардан ортиқ ер майдонини вайрон қилган.

Португалиянинг бу қадар улкан ҳудудини ёнғинлар қамраб олиши сўнгги бор 2017 йилда кузатилган. Ўшанда вайронкор ўрмон ёнғинлари оқибатида 100 киши ҳалок бўлганди.

Михас шаҳри яқинидаги ёнғинларни ўчириш учун вертолётлар жалб этилган. Фото: EPA

Испания жанубидаги Михас шаҳрининг мухлислар орасида машҳур бўлган Коста-дел-Сол курорти яқинида кучли ёнғинлар давом этмоқда. Ушбу шаҳар яқинидаги тепаликларда тарқалган ёнғинлар туфайли ҳукумат 2 300 кишини эвакуация қилган. Қўшни Торремолинос шаҳрида дам олаётганлар тепаликлар устида қуюқ қора тутун устунлари кўтарилганига гувоҳ бўлиши мумкин, ўт ўчирувчилар эса махсус самолётлардан сув сочиш орқали оловни тўхтатишга уринмоқда.

Испаниялик ўт ўчирувчилар мамлакат шимоли-ғарбида ҳам ёнғинга қарши курашмоқда, бу ҳудудда ҳарорат Целсий бўйича 45 даражага кўтарилган ва Португалия билан чегара яқинидаги Монфраг қўриқхонаси ёниб кетган.

Бу ўрмон ўзининг табиий хилма-хиллиги ва турли қуш турлари кўплиги билан машҳур эди.

Франция

Францияда табиий ёнғинлар асосан Атлантика океани соҳиллари яқинида рўй бермоқда - энг мураккаб вазият мамлакат жануби-ғарбидаги маъмурий маркази Бордо шаҳри бўлган Жиронда департаментида юзага келган.

Бу ерда аллақачон тўрт минг гектардан ортиқ ер ёниб кетган ва 11 мингдан ортиқ киши эвакуация бўлишга мажбур бўлган - улар орасида машҳур кемпингларда дам олиш учун келган минглаб сайёҳлар ҳам бор.

Жиронда департаментининг минглаб аҳолиси ўз уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлган. Фото: SDIS33/FRENCH FIRE SERVICE

Йўлларда ҳудудни тарк этаётган автомобилларнинг узун навбатлари юзага келган, унга кириш йўли полиция томонидан тўсиб қўйилган.

Сешанба кунидан Франция бўйлаб ёнғинларни ўчириш амалиётига мингдан ортиқ ўт ўчирувчилар ва тўққизта гидросамолётлар жалб этилган.

Адриатика

Жума куни Италия шимолида Адриатика соҳилидаги Бибионе курортини ёнғин қамраб олгач, бир қанча дам олувчилар ўзини денгизга отишига тўғри келди. Уларни соҳил хавфсизлик хизмати қутқариб олган.

Шанба куни ўт ўчирувчилар Венеция яқинида бошланган ёнғинни ўчириш ишларини давом эттиришди.

Аввалроқ Хорватиядан ҳам ўрмон ёнғинлари тўғрисида хабарлар келганди - ўт ўчирувчилар самолётлар ёрдамида Задар ва Шибенек шаҳарлари яқинида юзага келган ёнғин ўчоқларини бартараф этишга уринмоқда.

Грецияда қутқарув хизматлари бир кунда 51 ёнғинни ўчиришган, аммо кучли шамоллар туфайли янги ўчоқлар юзага келиши хавфи юқорилигича қолмоқда - айниқса мамлакат маркази, Аттика ва Крит оролида, оролда эҳтиёткорлик чораси сифатида олтита қишлоқ аҳолиси эвакуация қилинган.

Грецияда 24 соат ичида 51 ёнғин ўчирилган. Фото: EPA

Метеорологлар янги ҳафта бошида Британия ва Францияда ҳам ҳарорат 40 даражада ошиши мумкинлигини прогноз қилмоқда.

Британия метеорология хизмати хавфли об-ҳаво туфайли огоҳлантиришнинг «қизил» даражасини эълон қилди - тарихда илк бор юқори ҳарорат туфайли.

Мавзуга оид