Жаҳон | 17:45 / 17.07.2022
30233
3 дақиқада ўқилади

Грецияда украинларнинг ўқ-дори ортилган юк самолёти қулади. Маҳаллий аҳолидан уйдан чиқмаслик сўралган

Шанба куни кечқурун Украинанинг Antonov-12 транспорт самолёти Сербиядан Иорданияга ҳаракатланиш чоғида Греция шимоли-шарқидаги Кавала шаҳри яқинида ҳалокатга учради. Ҳаво кемаси бортида 11 тонна миқдорида қурол-яроғ бўлган. Ҳалокат жойига яқин яшовчи одамларга заҳарли моддалар тарқалиши хавфи борлиги туфайли уйда қолиш тавсия этилган.

Antonov-12 қолдиқлари. Фото: Reuters

Antonov-12 - Украинадаги Meridian авиакомпанияси самолёти, аммо унинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатларга алоқадорлиги борасида бирор маълумот йўқ.

Самолёт бортида экипажнинг саккиз аъзоси бўлган, уларнинг барчаси ҳалок бўлган. Meridian компанияси журналистларга улар украиналиклар бўлганини тасдиқлаган.

Сербия мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, самолёт Бангладешга 11 тонна миқдоридаги қурол-яроғ, жумладан пиёдаларга қарши миналар олиб кетаётган бўлган.

Flightradar24 сайти кўрсатишича, самолёт Сербиянинг Ниш шаҳридан Иордания пойтахти Оман шаҳри томон йўлга чиққанди, самолёт Оманда ёнилғи тўлдириш учун тўхтатиш назарда тутилганди. Хабар қилинишича, учувчи двигателдаги муаммо туфайли Грециянинг Кавала шаҳридаги аэропортга шошилинч қўнишга рухсат сўраган, аммо улар учиш-қўниш йўлагига етиб бора олмаган.

Маҳаллий аҳоли маҳаллий вақт билан соат 22:45 да осмонда самолётни кўришган. Кадрларда у ҳаводалигидаёқ ёна бошлаганини кўриш мумкин.

Якшанба куни тонгда авария-қутқарув хизматлари ҳалокат жойини кўздан кечириш учун дрон учиришган. Греция давлат телевидениеси хабар қилишича, армия, портловчи моддалар бўйича экспертлар ва Греция атом энергияси бўйича комиссияси хавфсиз деб ҳисобланмагунча, воқеа жойида текширув ўтказа олмайди.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, Antonov-12 самолёти ҳаводалигидаёқ ёниб кетган. Фото: EPA

«Гап кучли тутун ва иссиқлик, шунингдек биз ҳозирча аниқлай олмаганимиз оқ модда ҳақида кетмоқда, шунинг учун махсус гуруҳ бизга бу нима экани ва биз воқеа жойига боришимиз мумкинлигини айтиши керак бўлади», деган Греция Шимолий ўт ўчириш бригадаси генерал-лейтенанти Мариос Апостолидис.

Маҳаллий расмийлар маълумотига кўра, ҳалокат жойига дарҳол ўт ўчирувчилар етиб боришган, аммо улар портлашлар давом этгани туфайли олов манбайини ўчира олишмаган.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, ҳалокатдан кейин икки соат давомида портлаш овозлари эшитилиб турган. Ҳалокат содир бўлган жойга энг яқин аҳоли пунктларида яшовчилардан туни билан уйларининг деразаларини очмаслик, кўчага чиқмаслик ва ниқоб тақиш сўралган. 

Маҳаллий аҳоли вакили, самолёт қулашини кузатиб турган Амилия Цаптанова у ўзининг уйига келиб тушиши мумкин бўлганини айтган. «У ерда жуда кўп тутун бор эди, таърифлаб бўлмайдиган шовқин келарди. У тоғ устидан учиб ўтди, ортга бурилди ва далага қулади», дея эслайди у.

«Ҳаммаёқ аланга ичида қолди, биз қўрқиб кетдик. Кўплаб машиналар етиб келди, аммо тўхтовсиз портлашлар туфайли улар у ерга бора олишмади», дея қўшимча қилган у.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид