Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Боррел Россияга қарши санкцияларнинг самарадорлигига шубҳа кучайиб бораётганини танқид қилди
Россияга қарши санкцияларни танқид қилувчилар ёлғон маълумот тарқатишни бас қилиб, ўз далилларини рақамлар билан исботлашлари керак, деди Европа дипломатияси раҳбари.
Европа иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел Брюсселнинг Украинага қарши уруш бошлаган Россияга қарши санкциялар сиёсати тўғрилигига шубҳа кучайиб бораётганини танқид қилди. 18 июль, душанба куни Брюсселда Европа иттифоқи ташқи ишлар вазирларининг йиғилишини очиб берар экан, у «баъзи давлат ва ҳукумат раҳбарлари санкциялар хато бўлганини айтишди», дея маълум қилди.
Боррелнинг таъкидлашича, ҳозирда жазо чораларининг самарадорлиги ҳақида кенг муҳокамалар давом этмоқда ва улар Европа иттифоқига Россиядан кўра кўпроқ зарба бериши мумкин. Шу билан бирга, бундай муҳокамаларни ўтказиш нотўғри, дейди Европа дипломатияси раҳбари. У санкция режимини танқид қилувчиларни ёлғон маълумот тарқатишда айблади. Хусусан, Боррел Россия Федерациясига қарши нефть эмбаргоси жорий этиш қарорининг нефть нархининг ошишига олиб келгани ҳақидаги даъволарга ишора қилди. Аслида, Брюсселнинг бу чора ҳақида эълон қилганидан кейин нефть нархи тушиб кетди ва ҳозирда Украинада уруш бошланишидан олдинги даражада, деди у.
«Мен одамлар ўзларининг ҳар бир далилларини рақамлар билан қўллаб-қувватлашларини истардим», деди Европа ташқи сиёсат идораси раҳбари. Унинг сўзларига кўра, Россия иқтисодий кўрсаткичлари санкциялар самарадорлигидан далолат беради. Хусусан, у Украинага босқин бошланганидан кейин Россия Федерациясининг автомобилсозлик ва машинасозлик саноатида ишлаб чиқаришнинг пасайганини билдирди.
Боррелнинг таъкидлашича, Европа иттифоқи Кремль газ етказиб беришдан қурол сифатида фойдаланишига қарамай, Россияга қарши санкциялар қўллаш ва Украинани қўллаб-қувватлашдан тўхтамайди. Бирорта ҳам Европа иттифоқи давлати энергетика билан боғлиқ вазият туфайли санкцияларни бекор қилиш масаласини кўтармаган, деди у. «Биз стратегик сабр-тоқат, стратегик мустаҳкамликка эга бўлишимиз керак. Бу бир кун, бир ҳафта, бир ойда тугамайди. Санкциялар ҳар куни қўлланилиши, уларнинг қандай ишлашини кузатиш, бўшлиқларни ёпиш, бошқа давлатлар нима қилаётганини ўрганишда давом этиш керак. Бу санкцияларни шунчаки эълон қилиб қўйиш эмас, балки ишдир», - дея қўшимча қилди у.
Боррелнинг сўзларига кўра, ЕИ кенгаши йиғилишида янги санкциялар пакетини жорий этиш эмас, балки амалдаги чора-тадбирларни амалга оширишни такомиллаштириш муҳокама қилинади. Бундан ташқари, Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба йиғилишда сўзга чиқиб, ўз мамлакатидаги вазият ҳақида ҳисобот беради, деди у.
Европа дипломатияси раҳбари Россия Федерациясининг Украинадан буғдой экспортига тўсқинлик қилаётган, Украинага қарши уруш олиб бораётган, фуқаролик инфратузилмасини вайрон қилган ва тинч аҳолини ўлдиришда давом этаётган ҳаракатларига ишора қилди. У Украинани янада қўллаб-қувватлаш ва хусусан, ҳарбий ёрдамни кенгайтириш чораларини кўриб чиқишга ваъда берди.
«Шимолий оқим 1» газ қувури атрофидаги вазият ҳақидаги саволга жавоб берар экан, Боррел Россия газдан қурол сифатида фойдаланиши мумкинлигини ҳисобга олишга чақирди ва «аслида буни аллақачон газ таъминотини қисқартириш орқали амалга оширмоқда» деди. Энергия таъминоти билан боғлиқ хавф-хатарларга қарамай, Европа иттифоқи Украинани қўллаб-қувватлашдан воз кечмоқчи эмас, дейди Боррел.
Мавзуга оид
08:40 / 13.05.2025
Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти MH17 ҳалокати учун Россияни жавобгар деб топди
17:02 / 12.05.2025
Россияда хорижликларга тиббий ёрдам кўрсатиш тартиби ўзгаради
14:54 / 12.05.2025
Россия ТИВ: Аввал Истанбулдаги музокаралар, кейин - сулҳ мавзуси
13:00 / 12.05.2025