Ўзбекистон | 16:32 / 19.07.2022
25872
7 дақиқада ўқилади

Дониёр Ғаниев – Умрзоқов ва Хўжаев ротацияси, ЕОИИга яқинлашиш вақти эмаслиги ва ЖСТга аъзолик ҳақида

11 июл куни Евросиё иқтисодий комиссияси бошқаруви раиси Михаил Мисникович амалий ташриф билан Ўзбекистонга келди. Ҳукумат эълон қилган релизга кўра, ташрифда ЕОИИ ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган қатор ҳужжатлар имзоланган.

Савол туғилади, ташриф Ўзбекистон ва ташкилот ўртасидаги муносабатларда нимани англатади? У айрим таҳлилчилар айтаётгани каби ЖСТ билан музокаралари фонида Ўзбекистонга ортаётган босимнинг навбатдагисими?

Шунингдек, Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзолиги масаласи бунчалик чўзилиб кетаётгани сабабларини қандай изоҳлаш мумкин? Гап ташкилот раҳбариятидами ёки ҳаракатлари етарли бўлмаётган Ўзбекистон тарафидами?

Kun.uz мухбири шу каби саволлар билан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниевга юзланди.

— Дониёр ака, суҳбатимиз Евросиё иқтисодий иттифоқи ва Жаҳон савдо ташкилоти ҳақида. Лекин ундан аввал сиздан шанба куни Ўзбекистонда рўй берган муҳим икки тайинлов ҳақида сўрамоқчиман. Чунки сиз ижтимоий тармоқлар орқали бу тайинловлар бўйича фикр билдирган кам сонли депутатлардан бири бўлдингиз.

Сардор Умрзоқовнинг президент администрацияси раҳбарлигига ўтиши ва ундан бўшаган икки вазифага эндиликда собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Хўжаевнинг келиши. Хўш, икки вазифага қанчалик муносиб номзодлар олиб келинди-ю, улар ҳақида шахсан сиз қанчалик биласиз?

Айтганча, шу саволнинг яна бир қисми деб қабул қилинг, сизлар, депутатлар бирор бир лавозимга номзод маъқуллаётганда ўзаро кенг даврада маслаҳатлашасизларми, қандай бўлади мана шу жараён? Чиндан бўладими шу маслаҳатлашувлар? Жуда текис ўтказасизлар мана шунақа тадбирларни.

Аввало, жуда тўғри айтдингиз, охирги бир ҳафта ёки 10 кунда Ўзбекистон кадрлар тизимида кутилмаган ўзгаришлар бўлди.

Шахсан мен бу жараёндан хурсанд бўлдим. Нега? Чунки мен бу ерда 3 та “message”ни кўрдим. Биринчидан, администрация раҳбарининг алмаштирилиши – жуда катта сигнал бўлди. Қайси маънода? Яхши биламиз, амалда бу жуда катта лавозим. Мана шу юқори орган раҳбарининг алмашиши бу – давлат раҳбари томонидан жамиятга берилаётган катта сигналки, ҳали ислоҳотлар тўхтаб қолгани йўқ ва ҳеч ким алмаштириб бўлмайдиган шахс эмас. Яъни ҳар қандай вазир, ҳукумат аъзоси бўладими, агар мамлакат ислоҳотлари талабига жавоб бермайдиган бўлса, алмаштирилиши мумкин.

Кўпчиликда, балки фақат менга шундай туюлаётгандир, сўнгги вақтларда мамлакатдаги ислоҳотлар динамикаси секинлашиб, талабчанлик камаяётгандек эди. Чунки охирги 2 йилда биз бундай кескин ўзгаришларни кўрмагандик. Мана шу ўзгариш эса раҳбарларга ҳам ўз ишларига қараб олишлари учун чақирув бўлди.

Иккинчидан, бу алмашинув ортидан лавозимга жамоатчилик орасида фаол бўлган, халқаро ва маҳаллий ОАВ билан очиқ фаолият юритадиган, халқаро доирада ҳам обрўйи нисбатан юқори бўлган ва энг асосийси ислоҳот тарафдори бўлган кадр келди. Бу айтганимдек, нафақат ички жамият, балки халқаро доирада инвесторлар, халқаро ҳамкорларимиз учун ҳам сигналдир.

Яъни бу “ислоҳотлар давом этади, биз ислоҳотларга содиқмиз, эски даврга қайтиш, музлаб қолиш каби гаплар пуч дегани” ҳамдир.

Учинчидан ва энг асосийси шу бўладики, яқинда Қорақалпоғистонда бўлган воқеалар ҳаммамиз, давлатимиз, давлатчилигимиз, жамиятимизнинг бирлиги учун катта синов бўлди. Аммо ўзбекчиликда “ёмон нарсада ҳам бир ҳикмат бўлади” деган гап бор. Шу маънода бу ўзимизга кўзгу тутган ҳолда бироз секинлаб қолган ислоҳотлар, реформа жараёнларини яна бир марта жонлантириб юбориш учун фойдали бўлиши мумкин, деган яхши умид пайдо бўляпти.

Энди тўғридан тўғри кадрларнинг ўзига келадиган бўлсак, Сардор Умрзоқов менимча, бу вазифага тўғри танлов бўлди. У ёш, замонавий, халқаро тажрибага эга, нафақат таълим олиш, балки халқаро ташкилотларда ишлаган кадр ҳисобланади. 2019 йилда ҳукуматга вазир бўлиб келган бўлса, қисқа муддат ичида жамоатчилик орасида энг танилган, энг фаол, ОАВ ва блогерлар билан доимий фаолиятини очиқ, эркин мулоқот асосида ташкил қиладиган раҳбар саналади.

Сардор Ўктамовичнинг раҳбарлиги остида 1 йил муддат ишлаганман ҳам. Яқиндан танийман. 2019 йилда вазир бўлган бўлса, мен ўша вақтда вилоят бошқармасида фаолият юритганман. Шундан бу шахснинг жуда талабчан эканини биламан. Умрзоқов юқори нотиқлик қобилиятига ҳам эга. Бунинг бевосита гувоҳига айланганман.

— Сиз Умрзоқовни мақтаяпсиз, унинг ҳаракатчанлиги, замонавий кадр эканига урғу беряпсиз. Айтайлик, мана шундай кадрлар ижро ҳокимиятида юргани яхши эди, деган фикрларга қандай қарайсиз?

— Албатта, бу ҳам тушунарли. Умрзоқов ижро органларида ҳам мана шундай раҳбар бўла олди ва ўзининг йўналишида маълум бир ислоҳотларни йўлга қўя олди. Энди кўпчилик администрацияга ўтиши натижасида ҳужжатларнинг ичига кўмилиб, ислоҳотлар тўхтаб қоладими, деган фикрларни ҳам билдиришмоқда. Мен бунга қўшилмадим.

Президент администрацияси ҳақида гапирсак, унинг асосий вазифаси президент номидан 3 та ҳокимиятни мувофиқлаштириш ҳисобланади. Ва давлатнинг ички ҳамда ташқи сиёсатининг устувор йўналишларини шакллантиришдир.

Шунингдек, ислоҳот тарафдори бўлган раҳбар сифатида Сардор Умрзоқов ижрода пайти маълум соҳаларда ислоҳот қилолган бўлса, мана энди унда каттароқ имконият бор, ўзининг ислоҳот тарафдори сифатида кўпроқ имкониятига эга.

Кўпчилик администрацияни президентга ёрдамчи офис сифатида кўради, лекин амалда унинг қудрати жуда катта. Бу нафақат бизда, бутун собиқ совет давлатларида шундай. Бу қанчалик тўғри ёки нотўғри, бу – бошқа масала, буни алоҳида муҳокама қилиш керак.

Лекин ўйлайманки, ҳозирги шароитда ислоҳотларни жадал олиб бориш, барчани битта ғоя, мақсад атрофида бирлаштириб, уларнинг ишларини мувофиқлаштириб, жамоа сифатида илгари суришда бу тизим натижа бериши мумкин. 

Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Унда Сардор Умрзоқов ўрнига Бош вазир ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо вазири лавозимига тайинланган Жамшид Хўжаев, унинг ЖСТ билан қанчалик муваффақиятли ишлай олиши, шунингдек, айни пайтда ЕОИИга яқинлашиш хавфлари борасида сўз боради.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Абдуқодир Тўлқинов.

Мавзуга оид