Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Гутерриш Украина ва Россиядан озиқ-овқат маҳсулотларини бозорларга қайтаришга чақирди
Жаҳон озиқ-овқат инқирозини ҳал қилиш учун шошилинч мувофиқлаштирилган чора-тадбирлар кўриш зарур, дея маълум қилди БМТ бош котиби озиқ-овқат хавфсизлиги билан боғлиқ вазият кескин ёмонлашганига ишора қилиб.
БМТ бош котиби Антониу Гутерриш глобал озиқ-овқат инқирозини ҳал қилиш учун шошилинч мувофиқлаштирилган чоралар кўриш зарурлигини эълон қилди. Украина ва Россияда ишлаб чиқарилган озиқ-овқат маҳсулотларини жаҳон бозорларига қайтариш зарур, деди у 18 июль, душанба оқшомида тарқатилган видеомурожаатда.
Россия ва Украинада ишлаб чиқарилган озиқ-овқат маҳсулотлари дунёнинг бир қанча минтақаларида очарчиликдан сақланишга ёрдам беради, деди у. Шу билан бирга, Гутерришнинг сўзларига кўра, «жасур ва мувофиқлаштирилган сиёсий чоралар» кўрилиши керак. Агар ҳозир ва биргаликда ҳаракат қила бошланса, дунё ҳали ҳам «ҳалокатдан қочиб қутула олади». «Бу Украинанинг озиқ-овқат ишлаб чиқариши, шунингдек, Россиянинг озиқ-овқат ва ўғит маҳсулотларини жаҳон бозорларига зудлик билан қайтарилиши ва очиқ халқаро савдони сақлаб қолиш демакдир», — деди БМТ бош котиби.
Гутерриш глобал озиқ-овқат хавфсизлиги ҳолати ҳақидаги сўнгги ҳисоботга ишора қилди. Ушбу ҳужжатда таъкидланишича, сўнгги икки йил ичида иқлим ўзгариши, можаролар ва пандемия фонида сайёрада озиқ-овқат маҳсулотларининг оғир танқислигидан азият чекаётганлар сони икки баравар кўпайган. «Бу йил биз катта миқдордаги одамлар учун ҳақиқий очарчилик хавфига дуч келяпмиз. Келгуси йил эса бундан ҳам баттар бўлиши мумкин. Аммо ҳозир ҳаракат қилсак, бу фалокатдан қочишимиз мумкин», - дея таъкидлади жаҳон ташкилоти раҳбари.
Халқаро гуманитар ташкилотлар ва давлат раҳбарлари Украинадаги уруш ва Украина портларида дон олиб ўтадиган кемаларнинг блокадаси қашшоқ мамлакатларда, биринчи навбатда, Шимолий Африкада очарчилик муаммосини янада кучайтириши мумкинлиги ҳақида бир неча бор огоҳлантирган. Маълумотларга кўра, жаҳон буғдой экспортининг қарийб 30 фоизи Россия ва Украина ҳиссасига тўғри келади.
Германиянинг Welthungerhilfe хайрия ташкилоти маълумотларига кўра, очарчилик хавфи остида қолганлар сони 811 миллионга етган. Айниқса, Яман, Афғонистон ва Жанубий Судан, шунингдек, иқлим инқирози оқибатлари кучли қурғоқчиликка сабаб бўлаётган Мадагаскар ва Шарқий Африкада вазият кескин. 2021 йилда бир нечта инқирозлар туфайли озиқ-овқат нархлари 28 фоизга ошган ва Украинада 2022 йил февралида бошланган уруш нархларнинг янада ошишига олиб келган, дея хабар беради ташкилот июль ўрталарида. «Афғонистондан Зимбабвегача одамлар нон, дон ёки мева нархининг 60 фоизга ошиши билан курашмоқда», деди Welthungerhilfe раҳбари Марлен Тиеме.
Мавзуга оид
13:11 / 28.05.2025
NYT: Россия Запорижжя АЭСни ўз энерготизимига улашни режалаштирмоқда
11:58 / 28.05.2025
Евроиттифоқ 150 млрд евролик SAFE мудофаа фондини тузди
20:37 / 27.05.2025
Келлог: Россия ва Украинанинг урушдаги йўқотишлари 1 миллион кишидан ошди
20:17 / 27.05.2025