Ўзбекистон | 20:52 / 19.07.2022
34267
8 дақиқада ўқилади

“IMEI иши”: ИИБ ходими 40 мингга яқин фуқаронинг шахсий маълумотларини сотган

IMEI-кодлар билан боғлиқ, яшириб келинаётган йирик кўламдаги жиноятлардан биринчисининг тафсилотлари маълум бўлди. Унга кўра, Андижон вилояти ИИБ масъули Р.Мирҳайдаров хорижга чиққан фуқароларнинг шахсий маълумотларини сиздириб туриш орқали Nexia-3 минган. Бундан ташқари, у ИИБ базасида бўлган 40 мингга яқин фуқаронинг шахсий маълумотларини ҳам пуллаган.

Ўзбекистонда 2020 йилда кўтарилган можаро ортидан, мобил қурилмаларнинг IMEI-кодларни бошқа фуқароларнинг паспортларига ноқонуний равишда қайд этиш билан шуғулланган бир нечта жиноий гуруҳлар борлиги фош бўлган эди.

Gazeta.uz мазкур жиноят ишлари кўриб чиқилган судлар қандай якунланганига доир маълумотларни тақдим қилди. Маълум қилинишича, шу каби жиноят ишларидан бири 2021 йил Андижонда биринчи инстанция ва апелляция судларида кўриб чиқилган.

Биринчи ҳукм Жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар суди томонидан 2021 йил 2 мартда чиқарилган. Мазкур иш бўйича судланувчилар: Андижон шаҳрида яшовчи, телефон сотиш ва сотиб олиш билан шуғулланган А. Аҳмедов (1991 й.т.), Андижон вилояти ИИБ Ахборот технологиялари, коммуникациялари ва ахборотни муҳофаза қилиш бўлими бошлиғи Р. Мирҳайдаров (1992), андижонлик тадбиркор У. Мирзаев (1991), маҳаллий корхонада иш юритувчи Н. Ашуров (1990), собиқ мактаб ўқитувчиси Б. Камолдинов.

Суд материалларига кўра, ушбу шахслар 2020 йилнинг январь ойида тадбиркор Аҳмедов бошчилигида божхона назоратини четлаб ўтиб, Ўзбекистонга кириб келаётган кўп сонли мобил телефонларнинг IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказиш мақсадида жиноий тил бириктирган.

Суд қароридан маълум бўлишича, Мирҳайдаров ва Мирзаевлар – Ашуров ва Камолдиновлар орқали Ўзбекистонга чиқиб кетган ва қайтган фуқароларнинг маълумотларини тизим оператори – «Ўзбекистон телекоммуникация тармоқларини бошқариш республика маркази» ДУКда рўйхатга олган.

Андижон вилояти ИИБнинг АКТ бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган Мирҳайдаров ўз мансаб мавқейидан фойдаланган ҳолда уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаб, жисмоний шахсларнинг шахсий маълумотларини қонунга хилоф равишда тўплаган, ишлатган ва ўтказиб юборган, дейилади иш материалларида.

Хорижга чиққан фуқароларнинг шахсий маълумотлари вилоят ИИБ Терроризмга қарши кураш бошқармаси маълумотлар базасида мавжуд бўлиб, Мирҳайдаров тўрт ой давомида маълумотлар базаси паролини билган ҳолда уларни яширинча йиғиб, Мирзаев орқали Аҳмедовга Telegram’дан жўнатган.

Маълум қилинишича, Аҳмедов бунинг учун Мирзаевга 13 800 доллар берган, шундан 12 000 доллар Мирҳайдаровга Nexia-3 русумли автомашина сотиб олиб беришга сарфланган, қолган 1800 долларни эса Мирзаев хизмати учун олган.

Иш материалларига кўра, жиноий гуруҳ бошқа номаълум шахслар билан тил бириктириб, Ўзбекистонга ноқонуний олиб кирилган умумий қиймати 6,4 млрд сўмлик 3618 дона телефоннинг IMEI-кодини учинчи шахсларнинг паспортларига расмийлаштиришга ёрдам берган. Ноқонуний олиб кириш натижасида 1 млрд 630 млн сўмлик божхона тўловлари тўланмаган.

Материалларга кўра, бунинг учун улар ИИБнинг “Узоқ муддатга кетган шахслар” электрон базаси маълумотларидан фойдаланишган. 40 мингга яқин шахснинг шахсий маълумотлари пароль билан ҳимояланган Excel файлида гуруҳнинг яна икки аъзосининг Telegram аккаунтига юборилган.

Битта телефоннинг IMEI-кодини рўйхатдан ўтказиш учун 0,5−2 доллар олишган. Пуллар ҳукм қилинганлар номига очилган пластик карталарига ўтказилган.

Умуман ҳисобда, 2020 йилнинг январь-сентябрь ойларида 3578 нафар шахснинг шахсий маълумотларидан ноқонуний фойдаланилган бўлиб, бу фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларининг бузилиши ҳисобланади.

Жабрланганларнинг аксарияти айбланувчига ҳеч қандай даъвоси йўқлигини айтиб, жазони енгиллаштиришни сўраган. Фақат иккитаси қонуний чоралар кўришни талаб қилган, чунки шахсий маълумотларидан ноқонуний фойдаланиш уларнинг телефонларини рўйхатдан ўтказишга тўсқинлик қилган. Судланувчилар ўз айбларига қисман иқрор бўлиб, қилмишларидан пушаймон эканини айтган.

Жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар суди томонидан қуйидаги ҳукм чиқарилган:

  • А. Аҳмедов ва У. Мирзаев Жиноят кодексининг 141-2-модда 2-қисми «а» ва «в» бандлари (шахсий маълумотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктирган ҳолда бузиш; такроран ёки хавфли жиноят содир этиш) ҳамда 182-модда 2-қисми «а» ва «в» бандлари (божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини ўта кўп миқдорда бузиш; товарлар ёки бошқа мулкларни Ўзбекистон божхона чегараси орқали очиқ, рухсатсиз олиб ўтиш йўли билан) билан айбдор деб топилган ва 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.
  • Р. Мирҳайдаров 141-2-модда 2-қисмининг «а», «в» ва «д» бандлари, 182-моддаси 2-қисмининг «а» ва «в» бандлари ва 2-қисмининг «б» бандлари билан айбдор деб топилган. 205-моддаси билан 3 йил-у 1 ой муддатга озодликдан маҳрум этилган.
  • Н. Ашуровга ҳам худди шундай моддалар билан 2 йил 3 ой, Б. Камолдиновга эса 1 йил 6 ой қамоқ жазоси тайинланган.
  • У. Мирзаев 141-2-модда 2-қисмининг «а», «в» ва «д» бандлари, 182-моддаси 2-қисмининг «а» ва «в» бандлари ҳамда 2-қисмнинг «б» бандлари билан айбдор деб топилган. 205-моддаси билан 3 йил-у 1 ой муддатга озодликдан маҳрум этилган.

Апелляция

2021 йил 23 декабрь куни Жиноят ишлари бўйича Андижон вилоят судининг апелляция инстанцияси судланувчилар А. Аҳмедов, У. Мирзаев ва Р. Мирҳайдаровнинг шикоятини кўриб чиққан.

Суд ҳайъати биринчи инстанция судида айбланувчиларнинг айбига қисман иқрор бўлганликлари ва қилмишидан пушаймонлигини ҳисобга олган ҳолда озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган енгилроқ жазо тайинлаш имконияти муҳокама қилинмагани ва оғирроқ жазо тайинлаганини қайд этган. Шунингдек, апелляция суди судланувчиларнинг вояга етмаган фарзандлари борлиги ва оилаларида ягона боқувчи экани, муқаддам судланмагани, содир этган жинояти катта ижтимоий хавф туғдирмаслигини эътиборга олган.

Шу муносабат билан суд Р. Мирҳайдаровга нисбатан жазони 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини моддий жавобгар лавозимларни эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум қилишга алмаштирган, аммо бу муддат, унинг деярли бир йил қамоқда бўлгани ҳисобга олинган ҳолда, 1 йил 11 ой 26 кунга қисқартирилган.

У. Мирзаевга ҳам 3 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, муддат 1 йил 9 ой 20 кунга қисқартирилган.

Андижон вилоят суди матбуот котиби Нурулла Нўмоновнинг Kun.uz'га маълум қилишича юқоридаги иш бўйича Олий судда ҳам апелляция шикояти кўриб чиқилиб, вилоят судининг ажрими ўзгаришсиз қолдирилган.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил январь ойида ИИВ Киберхавфсизлик бошқармаси масъули Бахтиёр Сулаймонов Ўзбекистон бўйича карантин зоналарида расман 7 мингга яқин шундай қонунбузарлик қайд этилганини маълум қилган эди. Лекин ушбу жиноятчиларнинг тақдири борасида бошқа ҳеч маълумотлар тақдим қилинмаган.

Айни вақтда Ўзбекистонда UzIMEI билан боғлиқ можаролар ҳамон кун тартибидан тушмаяпти. Масъуллар эса ОАВ ва ижтимоий тармоқларда ёғилаётган танқидларга кўз юмиш билан чегараланмоқда.

Тизимда бир қанча муаммолар мавжуд. Хусусан, IMEI кодни рўйхатдан ўтказиш қимматлиги ҳамда бу пуллар қаерга кетаётгани ҳам очиқланмаяпти. Ўзбекистонликлар ўз номида нечта қурилма борлигини билолмайди, туристлар эса телефон ишлатиш учун почта эшигида сарғайишга мажбур.

Бундан ташқари, UzIMEI ортидан содир қилинган жиноятларда фуқароларнинг шахсий маълумотларига “доступи” бор бўлган амалдорлар турган бўлиши эҳтимоли борлиги жамоатчиликда саволларни янада кўпайтирмоқда.

Мавзуга оид