Жаҳон | 09:47 / 19.07.2022
6880
2 дақиқада ўқилади

Қайта тикланадиган энергия автократик режимлардан мустақилликни таъминлайди - Германия ташқи ишлар вазири

Қайта тикланадиган энергия манбаларининг ривожланиши бутун дунё бўйлаб автократлардан халос бўлишга ёрдам беради, деб ҳисоблайди Германия ташқи ишлар вазирлиги раҳбари. Бербокнинг фикрича, Украинадаги уруш бундай ривожланиш учун туртки бўлади.

Фото: Reuters

Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок Россиянинг Украинага қарши тажовузкорлиги муносабати билан қайта тикланадиган энергия манбаларидан кенгроқ фойдаланиш муҳимлиги ҳақида гапирди. «Бизнинг замонамизда қайта тикланадиган энергия эркинлик ҳам демакдир», деди у 18 июль, душанба куни Берлинда 40 дан ортиқ давлат вакиллари иштирокидаги Петерсберг иқлим мулоқотида сўзлаган нутқида.

Германия ташқи ишлар вазирининг сўзларига кўра, бу «қазиб олинадиган ёнилғи импортидан ва бутун дунё бўйлаб автократик ҳукуматлардан мустақил бўлиш учун энг яхши кафолатдир». Бербокнинг ишонишича, Россия Украинада бошлаган уруш «қайта тикланадиган энергия манбаларини кенгайтириш учун рағбатлантирувчи омил бўлади», аммо бу Россия президенти Владимир Путиннинг «режаларида ҳеч қачон бўлмаган». 

«Яшиллар» партияси вакили Анналена Бербокнинг тан олишича, Германия ҳукумати Россия газига қарамликни камайтириш учун кўмирда ишлайдиган электр станцияларини қайта очиш бўйича қийин қарорлар қабул қилишга мажбур бўлган. Бироқ, унинг сўзларига кўра, бу Берлин ҳукумати қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш истагини енгиллаштираётганини англатмайди. 

Шу билан бирга, вазир глобал иқлим ўзгаришига қарши курашда халқаро миқёсда мувофиқлаштирилган ҳаракатларга чақирди: «Иқлим инқирози ҳеч қандай чегарани тан олмайди». Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда бу «Ер юзидаги барча одамлар учун энг катта хавфсизлик муаммоси». 

Бербок Петерсберг иқлим диалогини жорий йилнинг ноябрь ойида Мисрнинг Шарм ал-Шайх шаҳрида бўлиб ўтадиган Жаҳон иқлим конференциясига тайёргарликнинг муҳим элементи сифатида кўряпти. Германия ҳукумати баёнотига кўра, Миср билан ҳамкорликда ўтказилаётган Берлин форуми БМТнинг бўлажак конференцияси учун йўналишни белгилаб беради. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид