Жаҳон | 14:11 / 19.07.2022
13125
2 дақиқада ўқилади

Россия украиналик журналист Дмитрий Гордонни қидирувга берди

Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлиги маълумотлар базасида Дмитрий Гордон қидирувга берилгани тўғрисида тегишли карточка пайдо бўлди. Аввалроқ РТҚ украиналик журналистга қарши учта модда бўйича иш қўзғатган эди.

Фото: Kapital

Россия Федерацияси расмийлари бу мамлакатда Россия армияси ҳақида фейклар тарқатганликда айбланган украиналик журналист Дмитрий Гордонни қидирувга берди. Гордоннинг карточкаси 19 июль, сешанба куни Россия Ички ишлар вазирлиги қидирувдаги шахслар базасида пайдо бўлди.

Карточкада қидирув жиноят иши доирасида олиб борилаётгани кўрсатилган, бироқ у қайси модда билан қўзғатилгани тушунтирилмаган.

Украинада уруш бошланганидан бир неча ҳафта ўтгач, Россия Федерацияси Тергов қўмитаси Дмитрий Гордонга қарши учта модда бўйича жиноий иш қўзғатди. У уруш бошлашга оммавий чақириқ, миллат бўйича нафрат уйғотиш ва Россия қуролли кучлари ҳақида фейклар тарқатишда айбланмоқда. «Гордон Украина телеканали эфирида Россия Федерациясига қуролли ҳужум уюштиришга ва унга қарши ядро қуролидан фойдаланган ҳолда агрессив уруш бошлашга чақирган», — дейилади РТҚ хабарида. Россия расмийларига кўра, Гордон юқоридаги барча ҳаракатларни амалга оширган чиқишининг ёзуви YouTube’да жойлаштирилган.

Мавзуга оид