Ўзбекистон | 15:04 / 20.07.2022
11063
2 дақиқада ўқилади

Инвестиция дастури доирасида Қорақалпоғистонга ажратилган маблағ 1 триллион сўмгача оширилди

Қорақалпоғистон Молия вазирлиги мутахассиси Тожиддин Қосбугабетовнинг маълум қилишича, ҳудудга киритилаётган инвестициялар миқдори сўнгги йилларда бир неча ўн баробарга оширилган. Натижада туман ва шаҳарларда инсонларнинг яшаш шароитлари ва ҳудуднинг инфраструктураси тўхтовсиз ривожлантириб борилмоқда.

Қосбугабетовга кўра, сўнгги йилларда Қорақалпоғистонда амалга оширилаётган инвестиция дастурлари асосида кўплаб мактаблар қурилиб, мавжудлари таъмирланмоқда.

«2015 йилга қадар инвестиция дастури доирасида 30 миллиард сўм ажратилган бўлса, ҳозирги кунга келиб бу рақамлар 1 триллион сўмгача етган.

Бу дастур доирасида Мўйноқ аэропортини таъмирлаш учун 105 миллиард сўм, Нукусдаги президент мактаби учун 74 миллиард сўм, Нукусдаги тиббиёт клиникаси тўлиқ реконструкцияси учун 85 миллиард сўм ажратилган.

Бундан ташқари, Нукус шаҳрига ажратилган 205 миллиард сўм эвазига шаҳар ободонлаштирилмоқда: яшил ҳудудлар очилиб, автомобиль йўллари, тротуарлар ҳамда велойўлаклар қурилмоқда. Буларнинг барчаси, Қорақалпоғистон учун жуда қувонарли ҳол», – дейди Қорақалпоғистон Молия вазирлиги расмийси.

Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган иқтисодчи Инжигул Мамутованинг айтишича, биргина Мўйноқ туманидаги қурилиш ва ободонлаштириш ишлари учун 81 миллиард сўм пул ажратилган. Бўзатов ва Тахтакўпир туманларига 50 миллиард сўм, Чимбой, Қанликўл ва Кегейли туманларини ривожлантириш учун эса 200 миллиард сўм йўналтирилган.

«Буларнинг барчаси халқнинг турмуш даражасини оширишга хизмат қилади. Ҳозир ҳамма жойда мўлчилик, одамларга эркинлик берилган. Ким қандай касб билан хоҳласа шуғулланади.

Мен 1986 йиллардан бери молия тизимида ишлаб келганман. Олдинлари ойликларни бир ойдан ҳам кечроқ олардик, валюта билан ҳам доим муаммоларимиз бўлган. Худога шукр, ҳозир бундай муаммолар йўқ», – дейди Инжигул Мамутова.

Мавзуга оид