Жаҳон | 16:12 / 20.07.2022
24368
4 дақиқада ўқилади

«Кентавр» Москвага етиб келди. Коронавируснинг навбатдаги версияси ҳақида нималар маълум?

Россияда SARS-Cov-2 коронавирусининг «кентавр» (расмий илмий тасниф бўйича – ВА.2.75) номи билан машҳур бўлган янги тури аниқланди. 

Фото: EPA

У дастлаб май ойида Ҳиндистонда аниқланганди. ЖССТ бу мутант ҳақида биринчи марта икки ҳафта олдин, 6 июл куни маълумот берди. 13 июл куни вирус Нидерландияга етиб борди. 19 июл куни Россия расмийлари ҳам мамлакат ҳудудида бу штамм қайд этилгани ҳақида хабар беришди. 

«Роспотребнадзор» томонидан таъкидланишича, Москвада ковид инфекциясининг янги тўлқини айнан «кентавр» билан боғлиқ. Демак, москваликлар хавотирланиш учун барча асосларга эга. 

Россия пойтахтида ковид инфекциясининг янги ҳолатлари сони тез суръатлар билан ўсиб бормоқда. Сўнгги ҳафтада аниқланган беморлар сони олдинги икки ҳафтада аниқланган ҳолатлар сонига тенг. 

Ҳозирча бундай суръат фақат «кентавр» аниқланган пойтахт шаҳарда кузатиляпти. «Роскомнадзор» хабарига кўра, Россиядаги барча бешта ҳолат Москвада рўйхатга олинган. Барча тестлар июл ойида топширилган. Аммо битта катта «лекин» бор. Статистик маълумотлар ҳар доим вируснинг ҳақиқий тарқалиш суръатидан ортда қолишини тушуниш керак. 

Икки йиллик пандемия тажрибасига асосланиб, ишонч билан айтиш мумкинки, «кентавр» аллақачон Россиянинг аксарият ҳудудларига етиб борган. Ва ҳатто, катта эҳтимол билан у бирмунча вақт «инкогнито» тарзда ўтлайди. 

Бу эса яқин келажакда Россиянинг бошқа минтақалари ҳам пойтахтга етиб олишини англатади (албатта агар маҳаллий расмийлар тест олиш кўламини пасайтирмаса). 

Мисол учун, расмий статистикага кўра, «кентавр» на Москва областига, на Санкт-Петербургга етиб борган. Аммо у ерларда Москвани эслатувчи тўлқин аллақачон кўтарила бошлаган. Балки бир неча кун кечиккандир. 

Омикроннинг ушбу тури янги ҳисобланади, бу эса хотиржамликка берилмасликка чорлайди. Олимлар уни ҳали ҳам ўрганишмоқда. Ўрганиш учун намуналар кам ва биринчи маълумотлар унчалик тасалли бермайди. 

Вирус геномининг асосий фрагментида муҳим мутациялар топилган, айнан улар инсон ҳужайраларига кириш хусусиятини белгилаб беради. Демак, назарий жиҳатдан, у организм томонидан вирусга қарши ишлаб чиқилган антитаналарга чидамлироқ бўлиши керак. Бошқача айтганда, янада юқумлироқ. 

Юқумлилик даражаси юқори экани ҳақидаги назарияни қўллаб-қувватлаш учун баъзи фактлар бор. Масалан, юқоридаги статистика. 

Бироқ, яхши янгилик ҳам бор. 

Шифокорлар фикрича, ҳозирча москвалик 5 нафар беморнинг барчаси касалликни енгил шаклда ўтказмоқда. Ҳар ҳолда, уларнинг ҳеч бири шифокорлар ёрдамига муҳтож бўлмаган. 

Бошқача айтганда, «кентавр» - гарчи ўзининг аждоди «омикрон»дан кўра юқумлироқ бўлса ҳам, у қадар хавфли эмас. Айтайлик, мавсумий гриппдан кўра хавфлироқ эмас.

Умуман олганда, ваҳима учун ҳеч қандай сабаб йўқ, лекин диққат-эътиборли бўлиш учун асос бор. Шу туфайли, зарур эҳтиёт чоралари бўйича ЖССТ томонидан берилган тавсияларга амал қилиш керак. Гарчи улар сизга ортиқча ёки маъносиз кўринса ҳам.

Мавзуга оид