Жаҳон | 08:37 / 20.07.2022
3546
4 дақиқада ўқилади

Қозоғистон Олий суди журналист Саидқози Матаев ва унинг ўғлини оқлади

Қозоғистон Олий суди мамлакат Журналистлар уюшмаси раиси Саидқози Матаев ва унинг ўғли Асет Матаевни оқлади. 2016 йилда улар давлат маблағларини ўзлаштириш ва солиқ тўлашдан бўйин товлаганликда айбланган.

Саидқози Матаев ва ўғли Асет Матаев

Қозоғистон Олий суди мамлакат Журналистлар уюшмаси (ҚЖУ) раиси Саидқози Матаев ва унинг ўғли, КазТАГ хусусий ахборот агентлиги бош директори Асет Матаевни оқлади. Бу ҳақда 19 июль, сешанба куни КазТАГ агентлиги хабар берди. 2016 йил октябр ойида Остона суди Саидқозини фирибгарлик ва солиқ тўлашдан бўйин товлагани учун мол-мулкини мусодара қилиш билан олти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилган эди. Худди шу суд қарори билан Асет фирибгарлик учун мол-мулки мусодара қилинган ҳолда беш йилга озодликдан маҳрум этилди. 

Эндиликда Олий суд ҳукмни бекор қилиш ва Матаевларни «жиноят таркиби йўқлиги сабабли» тўлиқ реабилитация қилишга қарор қилди. Олий суд судьяси ҳукмни эълон қилар экан, ота ва ўғил устидан чиқарилган ноқонуний ҳукм учун давлат номидан узр сўради ва Матаевлар уларга етказилган зарарни қоплаш ҳуқуқига эга эканлигини таъкидлади. 

5 июль куни Қозоғистон Бош прокуратураси Матаевларга нисбатан чиқарилган адолатсиз ҳукм юзасидан протест келтирди. 19 июль куни Асет Матаев Бош прокуратура ходимларига ишга «холис ёндашгани» учун миннатдорчилик билдириб, Олий суддан адолатли қарор чиқаришни сўради. 

Саидқози Матаев 2016 йилнинг 22 февралида Қозоғистон Коррупцияга қарши кураш миллий бюроси томонидан ҳибсга олинган эди. Журналист 2011-2015 йилларда Қозоғистон Республикаси Ахборотлаштириш қўмитаси ва «Қозоқтелеком» томонидан Қозоғистон давлат сиёсатини тушунтириш кампаниясини ўтказиш учун мавзуга оид материалларни матбуотда жойлаштиришга ажратилган 300 миллион тенгени (ўша пайтдаги курс бўйича тахминан 1,5 миллион евро) ўғирланганликда айбланган. 28 март куни унинг ўғли ҳам худди шу иш бўйича ҳибсга олинган. 

Саидқози Матаев Қозоғистондаги энг обрўли мустақил журналистлардан бири саналади. Қозоғистон журналистлари ва ҳуқуқ ҳимоячилари Матаевни қўллаб-қувватловчи қўмита туздилар ва ҚЖУнинг минтақавий бўлимлари раҳбарлари президент Нурсултон Назарбоевга очиқ хат билан мурожаат қилишди. Бу иш халқаро шов-шувга сабаб бўлди: 2016 йилнинг 8 мартида Европарламент Қозоғистондаги сўз эркинлиги билан боғлиқ вазият тўғрисидаги резолюциясида Саидқози Матаевнинг ҳибсга олинганини тилга олди. 

2016 йилнинг декабрида Остона апелляция суди Матаевларнинг жазосини қисман енгиллаштирди: улар учун давлат ва тижорат ташкилотларида раҳбарлик лавозимларини эгаллашга берилган умрбод тақиқ 10 йилга алмаштирилди. 2017 йил апрель ойида Саидқозининг муддати амнистия билан икки йил-у саккиз ойга қисқартирилди, ўша йилнинг декабрь ойида у озодликка чиқди. 2018 йил июнь ойида у яна Қозоғистон Журналистлар уюшмаси раҳбари этиб сайланди. 

2016 йилда судда сўнгги сўзини айтиб, Саидқози Матаев ўзи ва ўғли ўша пайтдаги мажлис (парламент қуйи палатаси) спикери Нурлан Нигматулин буйруғи билан таъқиб қилинаётганини айтди. Матаев Нигматулинни унинг медиаресурсларини босқинчилик йўли билан тортиб олишга уринганликда айблади. 

Қозоғистонда 2022 йил январида тартибсизликлар ва қон тўкилишига айланган оммавий норозилик намойишларидан сўнг собиқ президент Нурсултон Назарбоев мамлакат раҳбариятининг сиёсатига таъсир ўтказиш имкониятидан маҳрум бўлди. У билан бирга унинг яқин сафдошлари ҳам ўз лавозимларини йўқотдилар, жумладан, Нигматулин ҳам 1 февраль куни парламент раҳбари лавозимини тўхтатди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид