Жаҳон | 07:58 / 21.07.2022
4740
3 дақиқада ўқилади

Мутахассислар Украинада халқаро ҳуқуқнинг оммавий тарзда бузилишини қайд этмоқда

Тасдиқловчи материаллардан иборат ҳисобот Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси томонидан тақдим этилган. Мутахассисларнинг фикрича, қонунбузарликларга Россия ва Украина томони йўл қўймоқда.

Фото: dpa

Россия томонидан Украинада уруш бошланганидан бери халқаро гуманитар ҳуқуқ нормаларининг оммавий равишда бузилиши қайд этилган. Тасдиқловчи материалларни ўз ичига олган ҳисобот Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) институтларидан бири – Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюро (ДИИҲБ) томонидан тақдим этилди, деб хабар берди dpa 21 июль, пайшанба куни.

Халқаро экспертлар энг жиддий ҳолатлар сифатида март ойининг ўрталарида Мариуполдаги драма театри, шунингдек, апрель ойи бошида Краматорскдаги темирйўл вокзалидаги портлашларни келтирган. Бундан ташқари, ҳисобот муаллифлари Украина шаҳарларининг рус қўшинлари томонидан қамал қилинишидан хавотир билдиришмоқда. ДИИҲБ тинч аҳолига эвакуация қилиш имконияти берилмаганини қайд этган. 

Мутахассислар Россия томонининг ҳаракатларини мутаносиблик ва асосий инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш тамойилларининг бузилиши деб баҳоламоқда. Ҳисоботда қайд этилишича, гувоҳлар судсиз қатл қилиш, ҳибсга олиш, шунингдек, қийноқлар, жинсий зўравонлик ва ўғирлаш ҳолатлари ҳақида кўплаб хабарлар берган. 

Шу билан бирга, экспертлар Украина армияси томонидан халқаро гуманитар ҳуқуқ нормалари бузилишига, гарчи россиялик ҳарбийларга қараганда кичикроқ миқёсда бўлса-да, ишора қилмоқда. Хусусан, ҳисоботда талончиликда гумон қилинганларга нисбатан зўравонлик танқид қилинади. Бундан ташқари, ҳар икки томон ҳам ҳарбий асирларга муносабатда қонунбузарликларга йўл қўяди. 

Dpa маълумотларига кўра, 53 бетлик қонунбузарликлар тўғрисидаги ҳисобот ЕХҲТ эмас, тўғридан тўғри Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси ҳисоботи сифатида тақдим этилган. Ушбу Европа ташкилотининг фаолияти унинг асосий аъзоларидан бири - Россия билан зиддият туфайли фалаж ҳолатга тушиб қолган.

Украинада халқаро гуманитар ҳуқуқ нормалари ҳар икки томон томонидан бузилаётгани аввалроқ БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Мишел Бачелет томонидан билдирилган эди. Унинг сўзларига кўра, Россия ва Украина кучлари ҳарбий объектларни фуқаролик бинолари яқинига жойлаштириб, тинч аҳолидан «тирик қалқон» сифатида фойдаланмоқда. 

Бачелетнинг таъкидлашича, бошқа қонунбузарликлар орасида ҳарбий асирларга нисбатан қийноқлар ва шафқатсиз муносабат бор, бунда айбдорлар жавобгарликка тортилмаяпти. Россия ва Украина назоратидаги ҳудудларда зўрлаш ва бошқа жинсий зўравонлик ҳолатлари қайд этилган, деди Бачелет. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид