Ўзбекистон | 12:56 / 21.07.2022
16796
3 дақиқада ўқилади

Ургутда ўтказилган тўйда оммавий заҳарланган 56 кишига тиббий ёрдам кўрсатилгани маълум қилинди

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати ва Бош прокуратура матбуот хизмати эълон қилган маълумотларда заҳарланганлар сони 10-11 нафар эканлиги айтилганди

Фото: KUN.UZ

Ижтимоий тармоқларда 2022 йил 19 июл куни Ургут тумани Жозмон маҳалласида жойлашган тўйхонада Ғиштмачит маҳалласида яшовчи 200 нафарга яқин фуқаро иштирок этиб, улар овқатдан заҳарлангани ҳақидаги хабар эълон қилинганди. Ҳодиса юзасидан Самарқанд вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси маълумот берди.

Маълумотга кўра, Ургут туман Жозмон маҳалласидаги “Бурҳон ота” тўйхонасида ўтказилган тўйда қатнашганлардан жами 33 нафар фуқаро 2022 йил 19 июл куни бош оғриғи, кўнгил айниши, қорин соҳасида оғриқ, ич кетиш, тана ҳароратининг кўтарилиши каби касаллик белгилари билан Ургут туман тиббиёт бирлашмасига қарашли юқумли касалликлар бўлимига мурожаат қилишган.

Тиббий кўрикда касалликнинг клиник белгилари ва эпидемиологик анамнезига асосланиб, беморларга “Ўткир гастроэнтерит овқат токсикоинфекцияси ўрта оғир ва енгил даражаси” ташхиси қўйилган.

Эпидемиологик текширувга 2022 йил 20 июл куни соат 15:00 дан бошлаб вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси ва Республика санитария-эпидемиология хизмати мутахассислари жалб этилган.

Беморларга дастлабки тиббий ёрдам кўрсатган тиббиёт ходимлари билан ўтказилган суриштирув ва беморларнинг тиббиёт баённомаларини ўрганиш натижасига кўра, 2022 йил 19-20 июл кунлари тиббий ёрдамга мурожаат қилган жами 33 нафар фуқародан 22 нафарига амбулатор шароитида тиббий ёрдам кўрсатилган ва уйига жавоб берилган.

Стационар шароитда даволанаётган 11 нафар бемордан 9 нафарига 2022 йил 20 июл куни қониқарли аҳволда уйига жавоб берилган. Бугунги кунда шифохонада 2 нафар бемор даволанмоқда. Уларнинг аҳволи динамикада стабил, дезинтоксикацион ва симптоматик даво муолажалари давом эттирилмоқда.

Мурожаат қилган барча беморларга малакали тиббий ёрдам кўрсатилган, яъни ошқозони ювилган ва тозаловчи ҳуқна қилинган.

Амбулатор шароитда тиббий ёрдам кўрсатилган барча беморлар билан заҳарланиш сабабларини ўрганиш борасида ўтказилган сўров-суриштирувга кўра, касаллик бошланиши “Бурҳон ота” тўйхонасида ўтказилган тўйда истеъмол қилган уй шароитида тайёрланган майонезли салатлар билан боғлиқлиги аниқланган.

Тўйда жами 250 нафардан зиёд фуқаро иштирок этган бўлиб, уларнинг 199 нафарининг рўйхати шакллантирилган ва тиббий кўрикдан ўтказилган.

Ўтказилган тиббий кўрикда улардан 23 нафарида касалликнинг айрим аломатлари мавжудлиги аниқланиб, улар Ургут туман тез ёрдам бўлимининг Ғиштмачит бўлимида амбулатор шароитда даволаниб, 19 июл куни қониқарли аҳволда уйига жавоб берилган.

Ҳозирда қайд этилган ҳолат бўйича “Бурҳон ота” тўйхонасида ваколатли орган келишуви тартибида текширув ўтказилиши юзасидан ҳужжатлар расмийлаштирилмоқда.

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати ва Бош прокуратура матбуот хизмати эълон қилган маълумотларда заҳарланганлар сони 10-11 нафар экани айтилганди.

Мавзуга оид