Ўзбекистон | 08:06 / 22.07.2022
2419
3 дақиқада ўқилади

Uzbekistan Airports Тошкент аэропортида ижарага бериладиган майдонларни аукционга қўйди

Uzbekistan Airports бошқарув компанияси Тошкент аэропортида жой ижараси учун E-auksion сайтида бир нечта лотларни жойлаштирди. 

Фото: Kun.uz

Улар орасида умумий овқатланиш ва чакана савдо шохобчалари, савдо автоматлари ва такси хизматлари учун жойлар мавжуд. Ижара майдонларининг аксарияти ҳозирда реконструкция қилинаётган учиб кетиш залининг чап томонида жойлашган.

Ҳозирда аукцион учун ўнта лот қўйилган. Учиб кетиш зали ва почта-юк комплексида савдо автоматларини жойлаштириш учун жой ижарага берилади. 2 квадрат метр майдонга учта савдо автомати (қаҳва/снеклар/ичимликлар) жойлаштирилади. Лот бошланғич суммаси - йилига 28,8 млн.

Умумий овқатланиш пунктини ташкил қилиш учун аэропорт учта жойни таклиф этади - иккитаси жўнаш терминалининг «стерил» зонасида ва биттаси эстакада остидаги майдон - ҳозирги JUM кафеси. Кафе-бар учун учиб кетиш залида 25 квадрат метр ва 80 квадрат метр майдонлар, тўлиқ ошхона ташкил қилиш имкониятисиз, ижарага берилади. 

Ўрнатилган талабларга мувофиқ, ижарачи компания умумий овқатланиш соҳасида тажрибага эга бўлиши, таниқли брендга эга бўлиши ва TripAdvisor маълумотларига кўра Тошкентдаги энг яхши 10 та умумий овқатланиш брендлари қаторида бўлиши лозим. Биринчи жойда бир квадрат метрнинг бошланғич қиймати 785 минг сўм, иккинчи жойда 390 минг сўмни ташкил этади. 

Узоқ йиллардан буён JUM бренди остида фаолият юритиб келаётган кафе учун ижарачи қидирилмоқда. Ресторанда тўлиқ фаолият олиб борувчи ошхона мавжуд. Умумий майдони 217 квадрат метр бўлган объектнинг йиллик бошланғич қиймати 586,5 миллион сўмни ташкил этади.

Чакана савдо учун Тошкент аэропортида, китоб дўконини ташкил этиш учун – йиллик бошланғич қиймати 47,5 млн сўм бўлган 12 квадрат метр майдон, эсдалик совғалари ва гастрономик маҳсулотлар дўкони учун – йиллик бошланғич қиймати 226 млн сўм бўлган 24 квадрат метр очиқ майдон, гаджетлар ва аксессуарлар дўкони учун – йиллик бошланғич қиймати 158,4 млн сўм бўлган 24 квадрат метр очиқ майдон ва заргарлик буюмлари дўкони учун – йиллик қиймати 226 млн сўм бўлган 24 квадрат метр очиқ майдон бор.

Учиб келиш залида такси хизмати учун пештахта ва офис хонаси ҳам савдога қўйилган. Ариза берувчи компания уч йилдан ортиқ бўлмаган бензинли автомашиналар паркига, камида уч йиллик тажрибага эга бўлган ҳайдовчилар таркибига эга бўлиши керак. Терминал олдидаги биринчи қаторда ҳар доим камида бешта машина бўлиши лозим. Лотнинг йиллик бошланғич баҳоси – 188,82 млн сўм.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид