Фан-техника | 17:07 / 23.07.2022
46997
3 дақиқада ўқилади

4 центдан 41 долларгача – дунёдаги энг арзон ва энг қиммат 1 Гб мобил интернет

Cable.co.uk маълумотига кўра, дунёдаги ўртача энг арзон 1 Гб  интернет трафик Исроил мобил операторлари томонидан таклиф қилинмоқда. Ўзбекистон 233 мамлакат киритилган рейтингда 15-ўринни банд этган.

Фото: ТАСС

Cable.co.uk нашри дунё мамлакатларидаги мобил интернет нархлари бўйича навбатдаги рейтингини эълон қилди. Унга кўра, 233 та мамлакат ичида 1 Гб интернет трафик учун ўртача энг арзон нарх Исроилда тақдим қилинмоқда – 1 Гб учун 4 цент (тақрибан 436 сўмдан).

Кейинги ўринларда Италия, Сан-Марино, Фижи ороллари ва Ҳиндистон турибди. Нашр маълумотларига кўра, ушбу давлатлар ҳудуди 90 фоиздан 100 фоизгача 5G тармоғи билан қопланган.

Қизиқ тарафи, Қирғизистон ушбу рейтингда 6-ўринни эгаллаган. Қўшниларимизда 1 Гб интернет трафик учун ўртача нарх 17 центни ташкил қилмоқда.

Чапда – 1 Гб интернет трафик учун ўртача энг қиммат нарх белгиланган давлатлар. Ўнгда – 1 Гб интернет трафик учун ўртача энг арзон нарх.
Фото: Cable.co.uk

Бу йил Ўзбекистоннинг рейтингдаги ўрни 4 поғонага – 19-ўриндан 15-ўринга кўтарилган. Нашр, 2022 йил 19 май ҳолатига кўра, Ўзбекистондаги 1 Гб интернет трафик учун ўртача нархни 37 центга (тақрибан 4 минг 38 сўмга) баҳолаган. Ўзбекистонда ушбу трафик учун энг арзон таклиф 13 центдан бўлса, энг қиммати 2,73 долларгача баҳоланмоқда.

Фото: Cable.co.uk

Қўшни Қозоғистон ҳам 1 Гб интернет трафик учун ўртача 37 центлик нарх билан рўйхатнинг 16-поғонасини банд этган.

1 Гб интернет трафик ўртача нархи энг қиммат бўлган мамлакатлар рўйхатини Муқаддас Ҳелена (41,6 доллар), Фолкленд ороллари (38,45 доллар), Сан Томе ва Принципи Демократик Республикаси (29,49 доллар), Токелау (17,88 доллар) ва Яман (16,58 доллар) бошқариб турибди.

Туркманистон эса 1 Гб интернет трафик учун ўртача нархлар қимматлиги бўйича дунёда 7-ўринни банд этмоқда. Бу давлатда мазкур ҳажмдаги трафик учун ўртача нарх 2022 йил 16 май ҳолатига 14,27 долларга баҳоланган.

Фото: Cable.co.uk

Cable.co.uk сайтидаги интерактив харита орқали барча давлатлардаги 1 Гб интернет трафик учун энг арзон, ўртача ва энг юқори нархларни кўриш мумкин.

Рейтингга Шимолий Корея, Ватикан, Эритрея, Маршалл ороллари, Конго каби бир нечта давлат киритилмаган. Чунки уларнинг баъзиларида фақатгина 2G тармоғи (қўнғироқ ва СМС) ишласа, баъзилари бўйича маълумот олишнинг иложи бўлмаган.

Мавзуга оид