Фан-техника | 21:58 / 23.07.2022
52424
5 дақиқада ўқилади

Инсон миясига ўрнатилган чип, рулсиз такси ва сайёралараро космик поезд – ҳафта технодайжести

Kun.uz якунланаётган ҳафтадаги технология ва илм-фанга оид энг қизиқарли хабарларни жамлади.

Судьянинг робот маслаҳатчиси

Фото: Shutterstock

Хитой мамлакатдаги суд тизимини яхшилаш учун сунъий интеллектдан фойдаланади. Замонавий технология аллақачон қонунлар тавсия этиш, ҳужжатларни тайёрлаш ва қарор қабул қилишдаги хатоларни аниқлаш билан шуғулланмоқда.

Эътиборли жиҳати, судьялар ҳар бир иш бўйича АI билан маслаҳатлашишлари керак. Агар улар “робот” томонидан тавсия этилганидан бошқача ҳаракат қилса, тушунтириш хати ёзишларига тўғри келади.

Пекинда ушбу тизим қўлланмоқда. Танқидчилар АI “жазолаш” ҳуқуқини қўлга киритгани ва одамлар устидан ҳукмронлик қила бошлаганини таъкидламоқда.

Аввалроқ, Хитойнинг Шанҳай шаҳрида “рақамли прокурор” хизматларидан фойдаланилаётгани хабар қилинганди. Сунъий онг 17 мингдан ортиқ ишни ўрганиб чиқиб, прокурорлик қобилиятига эга бўлган ва 97 фоиз аниқликда айблов эълон қилган.

40 мингта виртуал иш ўрни

DfSJnd1DrL2x0X_RtrgyznB_2vqW-_wc.jpg (1200×800)
Фото: Angel Garcia/Bloomberg

Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳри ҳокимлиги беш йил ичида 40 мингта виртуал иш ўрни яратиш ва бюджетга 4 млрд доллар келтириши мўлжалланган “Дубай метакоиноти” лойиҳаси ишга туширилганини эълон қилди

Стратегия беш йил ичида Дубайдаги блокчейн-компаниялар сонини беш бараварга кўпайтиришга қаратилган. Ҳукумат фойдаланувчилар учун хавфсиз ва ишончли платформаларнинг глобал стандартларини ишлаб чиқиш ҳамда инфраструктура яратиш устида иш олиб бормоқда.

Сайёралараро тезюрар космик поезд

Фото: Kajima Corporation

“Kajima Construction” компанияси ва Япониянинг Киото университети тадқиқотчилари тезюрар поездни коинотга олиб чиқиш лойиҳаси устида ишлашмоқда.

Қайд этилишича, ҳамма иш кўнгилдагидек бўлса, одамлар бошқа сайёраларга поездда бориши мумкин бўлади. Бу борада дастлаб Марс ва Ойга одамларни юбориш режалари эълон қилинган.

Инқилобий ғоя муаллифларининг фикрича, космик поезд олти вагондан иборат бўлади. Космосдаги ҳаракат пайтида эса унинг барча қисмлари битта капсулага уланади.  

Баъзи экспертларнинг фикрича, бундай лойиҳани амалга ошириш учун камида 100 йил керак бўлади. Шундай бўлса-да, япониялик тадқиқотчилар 2050 йилгача ўзларининг космик экспресси прототипини оммага тақдим этишга ваъда беришмоқда.

Ўзини ўзи бошқарадиган янги рулсиз такси

Хитойнинг Baidu компанияси ўзини ўзи бошқарадиган такси хизмати Apollo Go’ни намойиш этди.

Маълум қилинишича, Apollo RT6’нинг баҳоси 250 минг юан (31 минг фунт стерлинг) бўлади. Бу нарх аввалги моделларга қараганда анча арзон ҳисобланади. Машинанинг бошқарув технологияси 20 йиллик тажрибага эга ҳайдовчиники билан тенг, дея баҳоланган.

“Харажатларнинг катта қисмини қисқартириш бизга Хитой бўйлаб ўн минглаб автоматлаштирилган транспорт воситаларини жойлаштириш имконини беради”, дея таъкидлади компаниянинг ҳаммуассиси ва бош ижрочи директори Робин Ли.

Apollo RT6 2023 йилнинг иккинчи ярмидан хизмат кўрсата бошлаши мумкин. Ушбу кўрсаткични 2025 йилгача 65та шаҳарга, 2030 йилгача эса 100 та шаҳарга етказиш режа қилинмоқда.

Маълумот учун, 2018 йилда Хитой роботлаштирилган автомобилларни бутун мамлакат бўйлаб синовдан ўтказишга рухсат берган эди. 2021 йил ноябридан Baidu Пекинда ўзини ўзи бошқарадиган тижорат такси хизматини ишга туширган.

Инсон миясига чип ўрнатилди

Фото: Synchron

Ню-Йоркдаги тиббиёт марказида амиотрофик латерал склероз билан оғриган бемор миясига нейрочип жойлаштирилди. Қурилма фикрларни ўқийди ва компютерга буйруқлар беради: бемор Интернетдан фойдаланиши, матн ёзиши ва электрон почта орқали мулоқот қилиши мумкин.

Нейрочип Synchron стартапи томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, аллақачон Австралиядаги тўртта беморга имплантация қилинган ва ҳеч қандай ножўя таъсир кўрсатмаган.

Стартап ўзининг Stentrode қурилмасини 2016 йилда тақдим этган эди. Нейрочип цилиндрсимон ичи бўш симли тўрга ўхшайди ва бош суягини кесмасдан мияга жойлаштирилиши билан ажралиб туради.

Самарқандда 5G тармоғи синовдан ўтказилмоқда

Фото: Flickr

Самарқанд туризм марказида 5G тармоғини тест қилиш бошланган. Бир қанча синовлар давомида 5G тармоғида интернетдан юклаб олиш тезлиги 896 мб/секундгача, интернетга юклаш тезлиги эса 113 мб/секундгача кўтарилган.

“Ушбу марказ нафақат халқаро тадбирлар ўтказиладиган ва туристлар яхши дам оладиган жой бўлмоқда, балки Ўзбекистонда биринчи маротаба барча мобил алоқа операторлари ҳамкорликда антенна инфратузилмасини битта мачтада кўтариб, бинолар ичида ҳам Active DAS тизимини ҳамкорликда ишлатиб, юқори тезликдаги сифатли хизматлар кўрсатишларига имкон яратилмоқда”, деб ёзган АКТ вазири. 

Мавзуга оид