Жаҳон | 12:39 / 24.07.2022
48875
6 дақиқада ўқилади
Фронтдаги вазият. Донбассда Россиянинг юриши деярли тўхтаб қолди, Херсон ҳам бой берилиши мумкин
Урушнинг 150-кунига келиб Россия армияси учун Украинадаги вазият кўнгилдагидек деб аташ қийин.
«Медуза» интернетда эълон қилинган очиқ маълумотлар (томонларнинг баёнотлари, ижтимоий тармоқларда тарқалган фото ва видеолар) асосида сўнгги кунларда Украинадаги ҳарбий ҳаракатлар кўламини акс эттирувчи ўзгаришларни жамлади.
- Северодонецк ва Лисичанск эгаллангач, июл ойи бошидан россияликларнинг Донбассдаги юришлари тўхтаб қолди. Украина қўшинлари Лисичанскда қуршовга тушиб қолишдан қутулиб қолди ва Северск — Соледар — Бахмут бўйлаб янги фронт чизиғи ташкил этилди. Афтидан, Россия қўмондонлиги режаларига бу линияга тўғридан тўғри ҳужум қилиш киритилмаган. Эҳтимол, юришлар суръатига Украина армиясининг фронт ортидаги ўқ-дори омборларига ракета зарбалари йўллагани таъсир кўрсатган - бундай ҳужумлар оқибатида Россия қўшинларининг таъминоти издан чиққан. Нима бўлмасин, Донбассда «оператив пауза» бир неча ҳафтадан буён давом этмоқда.
- Харкивдан шимолда ҳам россияликларнинг қарши ҳужумлари тўхтаб қолган. Бу йўналишда шунчаки оператив мақсад қўйилмаган: шаҳарни қуршовга олиш, айниқса уни штурм билан эгаллаш учун етарли куч йўқ.
- Словянск ҳудудида ҳам илгарилаш кузатилмаяпти, бу ҳудуддаги ўрмонзорларда россиялик ҳарбийлар баҳордан буён туриб қолишган. Ҳолбуки, кейинги йирик юриш шу ердан бошланиши кутилаётганди.
- Агар Украина шарқида вазият шунчаки «барқарорлашган» бўлса, Херсон ҳудудида Россия армияси учун тўлақонли оператив инқироз аломатлари юзага келмоқда. Май ва июн ойлари мобайнида очиқ дашт ҳудуди бўйлаб юришлар амалга ошириш учун уринишлар муваффақиятсизликка учрагач (бу уринишлар Россия артиллерияси томонидан тўхтатилди), украин қўмондонлиги стратегияни ўзгартирди. Россия армиясининг асосий камчилиги логистика бўлиб қолаётгани туфайли, АҚШдан узоқ масофага отувчи HIMARS баравар ўт очиш тизимларини қабул қилиб олган украин ҳарбийлари россияликларнинг коммуникация тизимларини ўққа тута бошлади.
- Бундай ҳисоб-китоб тушунарли: украин армиясининг барча муваффақиятларига ялпи ҳужумга ўтиш ҳаракатлари орқали эмас, балки россиялик ҳарбийларни таъминотдан узиб қўйиш орқали эришилган. 150 кунлик уруш тарихи шуни кўрсатадики, Россия қўмондонлиги таъминотда инқироз юзага келган тақдирда қўшинларни олиб кетишни афзал кўради (ва бу «эзгу ният қадами» деб аталади). Март ойи охирида россиялик ҳарбийлар Киев, Черниҳив ва Суми областларидан кетганида ҳам шундай бўлганди; июн ойи охирида Илон оролидаги гарнизон эвакуация қилинганда ҳам шундай бўлди.
- Россияликларнинг Днепр дарёсининг ўнг соҳилида, Херсон ва Миколйив областларидаги барча коммуникация тизимлари армия феврал ойи охири ва март ойи бошларида эгаллаб олган бир неча кўприкларга таянади. Бу кўприклар орқали қўшинларнинг йирик гуруҳлари озиқ-овқат ва ўқ-дори билан таъминланади (бир неча ўн минг киши ва юзлаб артиллерия тизимларидан иборат гуруҳлар).
- Россия армияси Днепр орқали ўтган учта йирик кўприкни назорат қилмоқда — Херсон ҳудудида Антонов кўприги; дарёнинг юқорироқ қисмида ўтган темирйўл кўприги; Антонов кўпригидан 50 км шимолда, Нова Каховка ҳудудидаги Каховка ГЭС дамбаси. Нова Каховка орқали ўтган таъминот карвонлари Херсонга етиб келиши учун, юк машиналари яна бир сув тўсиғидан ўтиши керак бўлади — Ингулец дарёси (дарё орқали кўприк Дарьевка қишлоғи ҳудудидан ўтган). Сўнгги кунларда украин армияси бу кўприкларнинг барчасига (темирйўл кўпригидан ташқари) зарбалар йўлламоқда.
- Зарбалар HIMARS баравар ўт очиш реактив тизимлари орқали берилмоқда, катта эҳтимол билан, стволли артиллерия учун мўлжалланган 155 мм калибрли бошқарилувчи снарядлар қўлланмоқда. Ракета ва снарядлар заряди қуввати кўприкларни бир зарба билан вайрон қилиш учун етарли эмаслиги аниқ, аммо уларнинг нишонга аниқ келиб тушиши исталган вақтда юк машиналари ҳаракатини тўхтатиб қўйиш имконини беради: икки бор йўлланган зарбалардан кейин Антонов кўприги юк машиналари ҳаракати учун ёпилди.
- Шу билан биргаликда, украин армияси фронт чизиғи бўйлаб ҳам россияликларга босим уюштиришда давом этмоқда: Миколайив (Великое Артаково) ва Криворож (Високополье) йўналишларида. Бу Россия армиясини ўқ-дориларни сарфлашга мажбур қилмоқда, бу вақтда эса уларни Днепр орқали етказиб бериш қийинлашган.
- Юзага келаётган логистик инқироздан чиқишнинг осон йўли кўринмаяпти: кўприкларни тузатиш, понтон кечувлар ўрнатиш мумкин, аммо юқори аниқликда ва узоқ масофага отувчи қуролларга эга бўлган украин армияси уларни яксон этишда давом этиши табиий. Кўприкларни таъмирлаш ҳам осон иш эмас.
- Ҳарбий нуқтайи назардан, ҳозирги вазиятда Днепрнинг ўнг соҳилида Россия ҳарбий гуруҳларини ушлаб туришдан мантиқ йўқ: Миколайив, Кривой Рог ва айниқса Одессага ҳужум қилиш кучлар етарли эмаслиги туфайли имконсиз иш, қўшинларни дарёнинг чап соҳилига қайтариш катта ресурсларни тежайди. Аммо сиёсий нуқтайи назардан бундай қарор Кремл учун оғир оқибатларга эга бўлиши мумкин: ҳозирча россияликлар уруш бошидан буён эгаллаб олган ягона област маркази бўлиб қолаётган Херсонни ташлаб кетишга тўғри келади. Шундай экан, катта эҳтимол билан, Россия қўмондонлиги логистика билан боғлиқ вазият ёмонлашиб бораётганига қарамай, Днепрнинг ўнг соҳилида плацдарм тутиб туришга ҳаракат қилади.
Мавзуга оид
00:35
«Европадаги исталган нишонни йўқ қила олади» – Путин «Орешник» яратувчилари билан учрашди
22:08 / 23.11.2024
Путин Курск областини қайтариш муддатини белгилади — Зеленский
17:55 / 23.11.2024
WSJ: Украина ўзининг баллистик ракетасини яратиш устида иш олиб бормоқда
13:12 / 23.11.2024