Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Кўз ўнгимда уйларимиз ёқилди, бобом, амаким ўлдирилди, жияним зўрланди” – Фарғонадан Анталияга кўчиб кетган месхети турки
“Лекин мен бу воқеаларда ўзбекларни айбламайман. Ҳеч бир миллат ёмон бўлмайди, ҳар бир миллатнинг эса ёмон одамлари бўлади. Фарғона воқеалари олдиндан режалаштирилгани, қирғин қилган жиноятчиларга тўла эркинлик берилгани маълум эди. Дарахтнинг устига қочиб чиқиб, атрофни кузатганларимни ҳалигача даҳшат билан эслайман. Ваҳшийлик шу даражага етдики, ёш болани боши билан ерга кўмиб, оёғини осмондан қилиб қўйишганди...”, – дея ҳикоя қилади Фарғонада туғилган, айни пайтда Туркияда яшаётган Арсен Нури.
Миллатчилик асосидаги зиддиятлар шу қадар оғриқли из қолдирадики, йиллар ҳам унга даво бўла олмайди. Яқинда бўлиб ўтган Қорақалпоғистон воқеаларида ҳам айрим кучлар мана шу жиҳатни қурол қилиб, ўртага пона қоқишга уринганлари бежиз эмас. Бундан 33 йил аввал бўлиб ўтган Фарғона воқеалари ҳам Ўзбекистон тарихида қонли доғ бўлиб қолган.
Ўшанда месхети туркларига мансуб аҳоли ҳужумларга учраган, оқибатда уларнинг кўпчилиги ўлдирилган, омон қолганларининг аксарияти Ўзбекистонни тарк этиб, турли давлатларга кўчиб кетишганди. Айни пайтда Анталияда яшаётган шу миллатга мансуб ҳамюртимиз Арсен Нурининг Kun.uz мухбирига сўзлаб берган ҳикояси ҳам жуда таъсирли.
– Арсен, Фарғонани қандай манзаралар билан эслайсиз?
– Фарғонани ҳалигача энтикиб эслайман. Ўзбекистон мен туғилган, ҳануз талпинадиган мамлакат. Болалигим шу шаҳарда ўтди. Битта кўчада руслар, татарлар, ўзбеклар, юнонлар ва бошқа миллатлар аҳил-иноқ яшардик. Фарғона ям-яшил, гўзал ва замонавий шаҳар, таомлари, нонларининг таъми дунёда топилмайдиган маскан сифатида ёдимда қолган. Биз у ерда хотиржамлик ва эминликда кун кечирганмиз. Афсус, ҳаммаси бир неча кунда ағдар-тўнтар бўлиб кетди.
– Тарихга “Фарғона воқеалари” номи билан кирган бу кунлар ҳақида сўзлаб беринг.
– Ҳар бир миллатнинг синовли кунлари бўлади. Лекин яратганнинг бизнинг миллатдошларимизга атагани кўпроқ экан назаримда. Месхети турклари дунё бўйлаб сочилиб кетишган. Ўзбекистонга ҳам сургунлар билан келиб қолганмиз ва шу ерда қўним топганмиз. Қайсидир ярамас кучларнинг касрига бизни шундай ватандан ҳам мосуво қилишди.
1989 йилнинг ёзида водийнинг бир нечта нуқталарида, аввал Наманган ва Қўқонда, кейинчалик Фарғонада бу воқеалар бўлиб ўтди. Бундан олдинроқ ғалати воқеа эсимда қолган. Менинг бобом колхозда раис бўлган ва унинг меҳмонхонаси деворида иккита қадимий милтиқ осиғлиқ турарди. Унинг яқин таниши келиб ўша милтиқларни сўради. Бобом ҳайрон бўлди ва бермаслигини айтди. Аммо қайта-қайта сўрайверди, бермаганидан кейин ҳатто қўрқитишга ўтди.
Шунда бобом отам ва амакиларимни чақириб, бундай талаб сабабидан хавотирланаётганини билдирганди. Яна бир муҳим жиҳат – қирғиндан маълум муддат олдин амнистия эълон қилинди. Жуда кўп оғир жиноят содир этиб қамалганлар ҳам озодликка чиқишди. Шундан кейин бир неча кун ўтиб нотинчликлар юз берди. Улар шу қадар тез бошландики, кўпчилик нима бўлаётганини тушунишга улгурмади ҳатто. Қисқа муддат ичида бобомни ўлдиришди, кейин амакимни... Ёшгина жиянимни зўрлаб кетишди. Мен, ёш бола дарахт устига чиқиб яширинганман. Ҳовлида бир болакайни боши билан ерга кўмиб, оёғини чиқариб қўйишгани ҳамон ёдимдан чиқмайди.
Энг даҳшатлиси, ҳукумат бизга умуман ёрдам бермади. Ҳарбийлар келишганида эса кеч бўлганди. Жуда кўпчилик қирилиб кетди. Расмий маълумотларда 103 киши, 52 месхети турки ва 32 нафар ўзбек ўлгани айтилади. Лекин мен бунга ишонмайман, ўлганлар анча кўп бўлган.
Бизни тўплаб лагерга жойлаштиришди. Кейин ҳар қаёққа тарқатиб юборишди. Шу тарзда Ўзбекистонда ҳаловат топган бир миллат сочилиб кетди. Биз Россияга бордик ва бир йил яшадик. Аммо отам у ернинг маданиятига кўника олмади, кейин Туркияга келдик. Мана, шунча йилдан бери шу ердамиз.
– Бўлиб ўтган воқеалар туфайли ўзбекларга муносабатингиз ўзгарганми?
– Йўқ! Мен бу воқеаларда ўзбекларни айбламайман. Ҳеч бир миллат ёмон бўлмайди, ҳар бир миллатнинг эса ёмонлари бўлади. Фарғона воқеалари олдиндан режалаштирилгани, қирғин қилган жиноятчиларга тўла эркинлик берилгани маълум эди. Биз ўзбеклар билан жуда аҳил эдик. У бузғунчи кучларнинг миллати йўқ, уларни умуман инсон ҳисобламайман ҳам.
Фарғонада ҳалигача амакиваччам яшайди. Мен дўстларим, қариндошларим билан алоқадаман. Мен ҳамиша фарғоналик бўлиб қоламан, паспортимга ҳам бу ёзилган. У ерда ҳовлимиз қолган, ўтган йили бориб, ҳовлимизни ўз номимга расмийлаштириб келдим. Вақтлар келиб балки туғилган юртимга қайтарман, ўша ҳовлини обод қилиб, хотиржам яшарман, Аллоҳ билади...

– Оилангиз ҳақида сўзлаб беринг.
– Рафиқам Украина русларидан. Қизиғи, унинг ҳам юрти ҳозир оғир синовда. Биз Россия уруш бошлашидан олдинроқ Украинага бориб келгандик. Қайтганимиздан бироз вақт ўтиб бу воқеалар юз берди. Президент Эрдўған Украинадан миллатимизга мансуб 6,5 минг нафар инсонни кўчириб олиб келди ва барча шароит билан таъминлади.
Анталияда кекса онам ва оилам билан яшайман, Аллоҳга шукр, фарзандларим улғаймоқда. Сиз меҳмон бўлиб турган Кемер туманида меҳмонхона менежери бўлиб ишлайман. Бу ерга ўзбекистонликлар кўп келишади ва улар билан суҳбатлашиб, Фарғонани ёдга оламан.
Аброр Зоҳидов суҳбатлашди,
Анталия, Кемер.
Мавзуга оид
11:35 / 28.05.2025
Туркияда мураккаб вазиятга тушиб қолган ўзбекистонлик аёлга ёрдам берилди
17:01 / 24.05.2025
Туркияда «Султон Сулаймон» 1 йил 10 ой шартли қамоқ жазосига ҳукм қилинди
15:49 / 24.05.2025
Ўзбекистон Шуша декларациясига қўшилгани ҳақидаги хабарлар рад этилди
21:12 / 23.05.2025