Жаҳон | 14:13 / 24.07.2022
58448
5 дақиқада ўқилади

Ёнаётган сайёра – кейинги 5 йилликда дунё ҳарорати бўйича эҳтимоллар

Айни вақтда дунёдаги ҳарорат саноатгача бўлган даврдагидан 1,1 даража ошгани айтилмоқда. Бу ҳарорат фонида ёнғинлар, музликлар эриши, сув тошқинлари ва қурғоқчилик хавфи ошган. Иссиқхона газлари миқдори камаймаса, 2026 йилга бориб Ерда ҳарорат қандай бўлади?

22-24 июл кунлари Ўзбекистондаги ҳарорат иқлимий меъёрлардан 5-7 даражага юқори бўлиши айтилди. Жанубда ва чўл зоналарининг баъзи жойларида 47 даража иссиқ тахмин қилинган. Бу – Ўзбекистондаги рекорд иссиқ (49,8 даража Бухородаги Оёқоғитма чўл станциясида 1983 йил қайд этилган) бўлмаса-да, юқори ҳароратли кунларнинг кўпайгани хавотирли.

Сўнгги 35 йилда Марказий Осиёдаги ҳарорат

Geophysical Research Letters журналида чоп этилган тадқиқотга кўра, сўнгги 35 йил ичида Хитой, Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг бир қисмини ўз ичига олган Марказий Осиёда ҳаво ҳарорати сезиларли кўтарилган. Дунёнинг бошқа нуқталаридан фарқли равишда исиш даражаси Марказий Осиёда қишда эмас, баҳорда юқорилагани қайд этилган. Шу даврда тоғли ҳудудлар иссиқроқ ва намроқ бўлиши кузатилган. Натижада тоғлардаги музликларни эритадиган жиддий хавф пайдо бўлган.

Марказий Осиё аҳолисининг 60 фоиздан ортиғи қуруқ иқлим минтақада яшайди. Ҳароратнинг кўтарилиши тупроқдаги сувнинг буғланишини кучайтиради ва қурғоқчилик хавфини оширади. Бу – иқлим муҳожирларини пайдо қилмоқда. Жаҳон банкининг 2021 йил сентябр ойида эълон қилган ҳисоботида 2050 йилга бориб, Марказий Осиёда ички иқлим муҳожирлари 5 миллионга яқинлашиши тахмин қилинган.

Ғарб учун аномал иссиқ

Осиё минтақаси учун 40+ даража ёзда кузатиладиган ҳолат. Бироқ Европа учун бундай ҳарорат ноодатий ва яшаш шароитларини қийинлаштириб юборади. Масалан, июлнинг ўрталарида Буюк Британияда ҳарорат қарийб 40 даражани ташкил қилган. Ўта юқори ҳарорат туфайли тарихда биринчи марта «қизил» огоҳлантириш даражаси жорий этилди. Мактаблар ёпилган, айрим йўналишларда темирйўл ҳаракати тўхтатилган.

Май ойида АҚШда ёзнинг ўртасидагидек ҳарорат бошланган бўлса, июннинг бошларида Испанияда 40 даража ҳарорат қайд этилган. 2022 йил ҳисобида ҳозиргача Испания ва Португалияда мингдан ортиқ киши юқори ҳарорат сабаб жон берган.

Францияда ҳам иссиқ 40 даражага яқинлашган, натижада ўрмон ёнғинлари кўпайиб, минглаб одамлар эвакуация қилинган. Европада 2003 йилда иссиқ ҳарорат сабаб 70 минг киши вафот этган, мутахассислар шундай ҳолат яна такрорланишидан хавотирда. Европада қайд этилган энг иссиқ ҳарорат 48 даража эди (Греция, 1977). Жаҳон метеорологик ташкилоти кузатувларига кўра, янги рекорд 2021 йилда Сицилияда 48,8 даража бўлиши мумкин.

2026 йилгача Ернинг исиш эҳтимоли

Охирги йилларда иқлим ўзгаришларига сабаб бўлаётган асосий давлатлардан тўхташни талаб қилиб ўтказиладиган намойишлар кўпаймоқда. 2015 йилдаги Париж келишувида ҳам кўп давлатлар иқлимни саноатгача бўлган даврдагидан 1,5 даража оширмаслик учун келишувга қўл қўйган. 2021 йил октябр ойида ўтказилган Глазгодаги Climate Change Conference26 (CОП26)да ҳам иқлим исишини тўхтатиб туриш масалалари муҳокама қилинганди. Шундай бўлишига қарамай, иссиқхона газига йирик ҳиссадор бўлган давлатлар ваъдасини бажармаяпти. Жаҳон метеорологик ташкилоти Ер юзидаги ҳароратнинг саноатдан олдинги даражадан 1,5 даража ошиб кетиш-кетмаслик эҳтимолини 50х50 деб баҳоламоқда. Ташкилот 2022-2026 йиллар ичида ҳарорат 2017-2021 йилдагидан иссиқроқ бўлиши тахмин қилинмоқда. Иқлимий меъёрнинг 1,5 даража ошиш эҳтимоли 2015 йилда нолга тенг бўлган. Бу эҳтимол 2017-2021 йилларда 10 фоизга, кейинги 5 йилликда эса 50 фоизга ошгани айтилмоқда. 2021 йилда глобал ўртача ҳарорат саноат давригача бўлган кўрсаткичдан 1,1 даража юқорилаган.

Иқлим исишининг 95 фоизига инсоният сабабчи

Мутахассислар тадқиқига кўра, иқлимни иситаётган омилларининг энг бошида ёнилғидан фойдаланиш турибди. Глобал исишнинг 95 фоизига инсоният жавобгар. Саноат инқилобидан бери иссиқхона газлари шунчалик кўпайганки, охирги 800 минг йил ичида бундай даража илк марта кузатилмоқда.

Ер сўрадиган ёки қайтарадиган қуёш нури миқдори Ер юзаси ва атмосферасига боғлиқ. Океан, ўрмонлар ва тупроқ каби қоронғи нарсалар ва сиртлар кўпроқ қуёш нурини ўзлаштиради. Қор ва булутлар каби очиқ рангли нарсалар ва сиртлар қуёш нурини қайтаришга мойилдир. Қор ва музликларнинг эриши эса қуёш нурини қайтарадиган воситалар камайиши Ер кўпроқ иссиқликни сўриб олаётганини англатади.

Иссиқ оқибатлари

Иссиқ аввало инсониятнинг яшаш ҳолатларини ёмонлаштиради, одамлар кундалик ҳаётга киришиш ва ишлашга қийналади, қурғоқчилик авж олади, музликлар эрийди ва бунинг натижасида ҳаво яна исийди. Тошқинлар, ўрмон ёнғинлари, иссиқ ҳароратдан ўлим ҳолатлари ҳам кўпаяди. Ва бу жараёнлар ҳозир ҳам давом этмоқда.

Яна бир ёмон томони иссиқ ҳарорат нормал ҳисобланмайдиган Европа давлатларида инфраструктура, уйлар иссиққа эмас совуққа чидамли қилиб қурилган. Бу шундоқ ҳам ўрмон ёнғинлари ва тошқинлардан азият чекадиган минтақаларда жон сақлашни қийинлаштиради.

 Зуҳра Абдуҳалимова, журналист

Мавзуга оид