Жаҳон | 20:53 / 25.07.2022
21500
5 дақиқада ўқилади

Инвесторлар форуми, 13 та келишув ва Умра зиёрати –Тўқаевнинг Саудия Арабистонига ташрифи тафсилотлари

23-24 июль кунлари Қозоғистон президенти Қосим Жўмарт Тўқаев қироллик таклифига биноан Саудия Арабистонида бўлиб, шаҳзода Муҳаммад бин Салмон билан музокаралар ўтказди. Шунингдек, Қозоғистон делегацияси саудиялик тадбиркорлар билан келишувлар имзолади ҳамда Умра зиёратини амалга оширди.

Фото: Қозоғистон президенти матбуот хизмати

Дастлаб Қаср ас-Салом саройида Тўқаев ва валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Қозоғистон президенти Саудия қироллиги улар учун муҳим стратегик ҳамкор бўлиши билан бирга, ушбу ташриф ўзи учун ҳам алоҳида аҳамият касб этишини таъкидлаган.

«Айни вақтда Саудия-Қозоғистон муносабатлари олий даражада. Биз ушбу муносабатларга янги куч беришни хоҳлаймиз. Бу қарор умумий манфаатларимизга хизмат қилади», — дея таъкидлаган Тўқаев.

Фото: Қозоғистон президенти матбуот хизмати

Учрашувда савдо-иқтисодий муносабатлар ва инвестицион ҳамкорлик муҳокама қилинган. Расмий Нур-Султон араб инвесторлари учун турли соҳаларда махсус имконият ва имтиёзлар ваъда қилган.

Муҳаммад бин Салмон эса икки давлат ўртасидаги муносабатларни яхши даражада дея баҳолаган. Шаҳзода савдо айланмаси ҳажмини оширишда Саудия Арабистони ва қозоғистонлик тадбиркорлар иштирокидаги Кенгаш муҳим роль ўйнашини таъкидлаган.

Фото: Қозоғистон президенти матбуот хизмати

Шунингдек, МБС Саудия компаниялари Қозоғистон қишлоқ хўжалигига инвестиция киритишдан манфаатдор бўлишини, бу эса ўз навбатида жаҳонда юз бераётган озиқ-овқат маҳсулотлари инқирози фонида долзарб эканини айтган.

Маълум қилинишича, Тўқаев Муҳаммад бин Салмонни жавоб тариқасида Қозоғистонга давлат ташрифи билан келишга таклиф қилган.

Фото: Қозоғистон президенти матбуот хизмати

Қозоғистон президенти матбуот хизматига кўра, ушбу ташриф Саудия Арабистони қироли Салмон бин Абдулазизнинг таклифига биноан амалга оширилган.

Бугун, шунингдек Саудия расмий ахборот агентлигида расмий ташриф якунларига бағишланган Қўшма баёнот эълон қилинди.

Бошқа учрашувлар

24 июль куни Қозоғистон президенти, шунингдек саудиялик тадбиркорлар билан «инвестицион айлана стол» атрофида учрашди. Тадбирда Тўқаев бин Салмон билан учрашувда савдо-иқтисодий муносабатларни кенгайтириш бўйича муҳим келишувга эришганини таъкидлаган.

Фото: Қозоғистон президенти матбуот хизмати

Умуман олганда бу учрашувда Тўқаев бизнесменларни Қозоғистонга жалб қилиш учун мамлакат ҳақида муҳим маълумотларни келтириб ўтган:

«Мустақиллик йилларида бизда ЯИМ 17 баробар ўсди. Бугун Қозоғистон иқтисодиёти Марказий Осиё бошқа давлатлари иқтисодини қўшиб ҳисоблаганда ҳам улардан ошиб кетади. Марказий Осиё давлатлари ташқи савдо айланмасининг деярли 60 фоизи Қозоғистон ҳисобига тўғри келади, 90 миллиард долларлик халқаро захираларимиз ва уларнинг аҳолига жон бошига тўғри келиши бўйича МДҲ давлатлари орасида биринчи ўриндамиз. Қозоғистонга чет элликлар киритган инвестиция миқдори 380 миллиард доллар. Бу бутун Марказий Осиёга киритилган инвестициянинг 70 фоизини ташкил қилади», — деган Тўқаев.

Фото: Қозоғистон президенти матбуот хизмати

Мамлакатнинг имкониятлари ҳақида гапирган Қозоғистон етакчиси тадбиркорларни логистика ва иқтисодиётнинг реал секторига инвестиция киритишга чақирган.

«Бугун биз қимматбаҳо ва нодир металлар разведкаси ва уларни қайта ишлаш учун 60 дан ортиқ жойни таклиф қила оламиз. Қозоғистон аэрокосмика соҳасини ривожлантириш борасида ҳуқуқий база, катта тажриба ва ресурсларга эга. Бу борада космик дастурини ривожлантириш ҳаракатидаги Саудия қироллиги ва хусусий компаниялар билан ҳамкорлик қилишга тайёрмиз», деган Қосим Жўмарт Тўқаев.

Шунингдек, Тўқаев Қозоғистон Саудияга юқори сифатли буғдой, ун ва ёғ маҳсулотларини барқарор ва узоқ муддатли етказиб берувчи бўлишга тайёрлигини таъкидлаган.

Йирик компаниялар вакиллари иштирок этган айланма стол доирасида энергетика, озиқ-овқат, спорт, тиббиёт, медиа ва бошқа турли соҳаларда 13 та келишув ва меморандумлар имзоланган.

Фото: Қозоғистон президенти матбуот хизмати

Саудия Арабистони Давлат инвестиция фонди бошқарувчиси Ясир ал-Румайян билан учрашувда фондни Тўқаев Қозоғистондаги кўплаб инвестиция лойиҳаларида иштирок этишга чақирган.

Бундан ташқари, Қозоғистон президенти Ислом тараққиёт банки президенти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби ҳамда саудиялик йирик тадбиркорлар билан ҳам алоҳида учрашув ўтказиб, бир қанча келишувга эришган.

Фото: Қозоғистон президенти матбуот хизмати

Қозоғистон етакчиси икки мамлакат ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси учун Саудия Арабистони қироли Салмон бин Абдулазизни «Олтин Бургут» ордени билан тақдирлаган.

Фото: Қозоғистон президенти матбуот хизмати

Мукофотни Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири, шаҳзода Файсал бин Фарҳан қабул қилиб олди.

Ташриф доирасида Қосим Жўмарт Тўқаев мамлакат расмийлари билан Умра зиёратини ҳам бажарди. Президентга саудиялик мулозимлар ҳамроҳлигида Каъбанинг ичига кириш имконияти берилди.

Фото: Қозоғистон президенти матбуот хизмати
Фото: Қозоғистон президенти матбуот хизмати

Мавзуга оид