Жаҳон | 15:18 / 25.07.2022
22272
6 дақиқада ўқилади

Мянмада сўнгги ўн йилликларда илк бор ўлим жазоси қўлланди — ҳарбий хунта мухолиф ёзувчи ва депутатни қатл этди

Тўрт нафар демократ фаол Мянма қуролли кучлари томонидан қатл этилди, бу сўнгги ўн йилликларда мамлакатда илк бор ўлим жазоси қўлланиши ҳисобланади.

Фото: FILE PHOTO

Мянма парламентининг собиқ аъзоси, мамлакатда ҳип-ҳоп жанри пионерларидан саналган 41 ёшли Фио Зейя Тоу ҳамда 53 ёшли ёзувчи ва мухолифатчи фаол Чжо Мин Ю (Ко Жимми лақаби билан танилган) қатл этилган. Уларнинг иккиси ҳам июн ойидаги апелляцияда ютқазишган. Қатл қилинганларнинг яна иккиси эса Хла Мио Аунг ва Аунг Тура Зау бўлган. Reuters агентлиги ёзишича, уларнинг барчаси «террорчилик акти» амалга оширишда айбланган.

Бу 1980-йиллардан буён - ва 2021 йил февралидаги ҳарбий тўнтаришдан кейинги илк қатл ҳукми ижро этилиши бўлди, ўшанда хунта «Демократия учун миллий лига» партияси етакчиси, демократик йўл билан сайланган Аунг Сан Суу Ки ҳукуматини ағдарганди. Унинг ўзи ҳам апрел ойида коррупцияда айбланиб, беш йилга озодликдан маҳрум этилди. 

  • 2021 йил февралида Нобел мукофоти совриндори Аунг Сан Суу Ки ҳамда мамлакат сайланган ҳукумати ағдарилгач, бошланиб кетган оммавий митинглар, иш ташлашлар ва фуқаролар итоатсизлигига бўлган барча уринишлар ҳарбийлар томонидан шафқатсизларча бостирилди. БМТ мамлакат бўйлаб шаҳарларда намойишчиларга қарата ўқ узилганини қайд этган. Ҳуқуқ фаолларига кўра, режимнинг камида 1756 нафар мухолифи ўлдирилган, 13 мингдан ортиқ киши ҳибсга олинган.

Ҳарбийларнинг ҳисоблашича, Аунг Сан Суу Ки партияси ишончли ғалабага эришган сайлов натижалари сохталаштирилганди. Сайлов комиссияси бундай айбловларни инкор этган.

Ко Жимми «88-авлод» талабалар гуруҳи фахрийси бўлган - демократия тарафдори бўлган бу гуруҳ 1988 йилдаёқ ҳарбий хунтага қарши чиққанди. У бир неча йилни қамоқда ўтказган, 2012 йилда озодликка чиққан ва ўтган йил октябрида квартирада қурол ва ўқ-дорилар сақлашда айбланиб ҳибсга олинганди.

Мухолифатчи Ко Жимми 2012 йилда қамоқдан чиққанди. Фото: AP Photo/File

Фио Зейя Тоу — нафақат собиқ рэпер, балки «Демократия учун миллий лига» партиясидан парламент депутати ҳамда Аунг Сан Суу Кининг яқин сафдошларидан бўлган. Ҳип-ҳоп ижрочиси сифатида у ҳарбийларга қарши сўзлари туфайли тез-тез хунта раҳбарларининг ғазабини қўзғаб турарди. У ноябр ойида террорчилик жиноятларида айбланиб қўлга олинганди.

Фио Зейя Тоу Аунг Сан Суу Кининг яқин сафдоши бўлган. Фото: Reuters

Қолган икки маҳкум ҳақида маълумотлар кам. Улар хунта хабарчиси бўлган аёлни ўлдиришда айбланган.

Январ ва апрел ойларида ёпиқ суд жараёнларида суд қилинган тўрт кишига ҳам ўтган йилги давлат тўнтаришиида ҳокимиятни эгаллаб, ўз мухолифларини қатағон қилишга киришган армияга қарши курашган айирмачиларга ёрдам бериш бўйича айбловлар қўйилган.

Ҳарбийлар томонидан илк бор июн ойида эълон қилинган қатл ҳукми халқаро ҳамжамият томонидан қаттиқ танқидга учради.  БМТ бош котиби Антониу Гутерриш хунта қарорини «яшаш, эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқини қўпол равишда бузиш» деб атади. 

Мянма миллий бирлик ҳукумати (бу соядаги маъмурият бўлиб, ҳукмрон хунта томонидан фаолияти тақиқланган) қатл ҳукмини қоралади ва халқаро ҳамжамиятни хунтага қарши ҳаракатланишга чақирди. «Жаҳон ҳамжамияти уларни бешафқатлик учун жазолаши керак», деди ташкилот вакили.

«Бу қатллар ўзбошимчалик билан ҳаётдан маҳрум қилишга тенг ва Мянмада инсон ҳуқуқлари даҳшатли даражада поймол этилаётганининг яна бир намунаси бўлиб хизмат қилади. Халқаро ҳамжамият зудлик билан ҳаракатга келиши керак, чунки шу каби айбловлар билан айбланган ва ўлимга ҳукм қилинган 100 дан ортиқ одам камераларда қолмоқда», деган Amnesty International ташкилотининг минтақавий бўлими директори Эрвин ван дер Борхт.

Қатл қилинганлар мустамлакачилик даврига мансуб бўлган Инсейн қамоқхонасида сақланаётганди, Reuters манбасига кўра, уларнинг оила аъзолари ўтган ҳафтанинг жума кунида қамоқхонага келишган. Манба сўзларига кўра, қариндошлардан фақат биттасига маҳбус билан Zoom орқали гаплашишга рухсат берилган.

Мянма давлат нашрлари қатллар ҳақида душанба куни хабар тарқатди, хунта вакили кейинроқ «Мянма овози»га бу маълумотни тасдиқлади. Ҳеч ким бошқа тафсилотларни келтирмаган - хусусан, қатл қандай йўл билан ижро этилганига аниқлик киритилмаган.

БМТ маълумотига кўра, бу 1988 йилдан буён илк қатл ҳукми ижроси бўлди. Мянмада сўнгги қатл дорга осиш орқали ижро этилган.

Июн ойида ҳарбий ҳокимият вакили генерал Зо Мин Тун ўлим жазоси кўплаб мамлакатларда оқланиши ва қўлланиши ҳақида гапирганди. «Хавфсизлик кучларини ҳисобга олмаганда, тинч аҳоли вакилларидан камида 50 киши улар туфайли ҳалок бўлган Қандай қилиб буни адолатсизлик дейиш мумкин?» деган у қатлга ҳукм қилинган маҳбусларни назарда тутган ҳолда.

Хунта қатлга йўл қўйиб бўлмаслик тўғрисида хорижда янграётган баёнотларни «мулоҳазасизлик» деб атаган.

Global News Light of Myanmar давлат ахборот агентлиги тўрт эркак «бешафқат ва ноинсоний террорчилик ҳаракатлари амалга ошириш учун кўрсатма бериш ва тил бириктириш»да айбдор деб топилгани учун қатл қилингани ҳақида хабар берган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид