Жаҳон | 11:45 / 26.07.2022
13183
3 дақиқада ўқилади

Германия собиқ канцлери Герҳард Шрёдер Москвада дам олаётгани маълум бўлди

Герҳард Шрёдер Путинга яқинлиги туфайли Германияда эътибордан четда қолди. Ҳозир Германия ҳукуматининг собиқ раҳбари Москвага қайтиб кетган. Унинг немис журналистларига тушунтиришича, «таътилда» бўлиб турибди.

Фото: Getty Images

Германия собиқ канцлери Герҳард Шрёдер Москвага қайтди. 25 июль, душанба куни у Германиянинг n-tv телеканали мухбири Дирк Эммерихга шундай деб тушунтирди: «Мен бу ерда бир неча кунлик таътилдаман. Москва гўзал шаҳар». Россиянинг «Роснефт» нефть компаниясининг қароргоҳи яқин ерда жойлашгани ҳақидаги гапга Шрёдер ҳайрат билан жавоб қайтарди: «Ҳақиқатан ҳам шундайми? О, ҳақиқатан ҳам, сиз ҳақсиз». Май ойида Шрёдер «Роснефт»даги лавозимидан кетишга қарор қилиб, «Газпром» энергетика компанияси директорлар кенгашига кириш таклифини қабул қилмаслигини айтди.

Шрёдернинг партиядоши, меҳнат ва ижтимоий ишлар вазири Ҳубертус Ҳайл Германия Социал-демократик партияси (ГСДП) собиқ раҳбаридан яна бир бор узоқлашди. «Мен бу хатти-ҳаракатни узоқ вақтдан бери тушунмаяпман, айниқса ҳозирги пайтда», дея маълум қилди у RTL ва n-tv телеканалларига берган интервьюсида. Унинг сўзларига кўра, Шрёдернинг хатти-ҳаракатлари на Германия ҳукумати, на социал-демократлар партияси сиёсатига алоқадор эмас. «Федерал канцлер идораси Герҳард Шрёдернинг Москвага сафарларини ташкил қилиш билан шуғулланмаган ва шуғулланмайди», деб таъкидлади Ҳайл RTL ҳамда n-tv’нинг тегишли саволига жавоб бериб. 

1998-2005 йилларда Германия ҳукуматини бошқарган Герҳард Шрёдер кўп йиллар давомида Россия давлат компанияларида ишлагани ва Россия президенти Владимир Путин билан дўстлиги учун танқид остига олинган. Россия томонидан Украинада бошланган тажовузкор уруш фонида унга нисбатан босим кучайди. Бироқ, урушнинг биринчи кунидаёқ Германия ҳукумати собиқ раҳбари Россиянинг Украинага бостириб киришини қоралади. «Уруш ва у туфайли одамларнинг азоб-уқубат чекишига тезроқ барҳам бериш керак. Бу Россия ҳукумати масъулияти», - деб ёзган Шрёдер LinkedIn’да. 

Аммо, Frankfurter Allgemeine Zeitung газетаси хабар қилишича, Шрёдер Россиянинг Украинага бостириб киришига қарамай, Путин билан алоқада бўлишни истайди. Нашр маълумотига кўра, Шрёдер Украинадаги можарони қурол ёрдамида ҳал қилишига ишонмаслигини ва бу давлатга қурол-яроғ етказиб берилишини тушунмаётганини айтган. 

Май ойи охирида Шрёдер собиқ канцлер сифатида Германияда маълум имтиёзлардан маҳрум бўлди. Масалан, бундестагнинг бюджет қўмитаси унинг офисини ёпишга қарор қилди, у 2021 йилнинг ўзида давлат ғазнасидан ходимлар харажатларига 400 минг евродан ортиқ маблағ олган. Шунга қарамай, 78 ёшли сиёсатчи ҳамон шахсий ҳимоя ва пенсия олиш ҳуқуқига эга. 

ГСДП ҳозирда Шрёдернинг партиядан чиқариб юборилиши эҳтимолини текширмоқда. Бу масала бўйича қарор яқин уч ҳафта ичида қабул қилиниши мумкин. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид