Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Наҳотки, кейинги конституция ўзгаришларини кутсак” – сиёсатшунослар конституцияда акс этиши керак бўлган сиёсий ислоҳотлар ҳақида
Kun.uz’нинг ўзгартирилаётган конституция, унинг сабаблари ва янги конституцияда акс этиши керак бўлган нормалар атрофидаги навбатдаги таҳлилий суҳбатида бир қатор сиёсатшунос, жамиятшунос ва инсон ҳуқуқлари фаоллари иштирок этди.
Қуйида суҳбат иштирокчиларининг Ўзбекистон конституциясида акс этиши керак бўлган сиёсий ислоҳотлар борасидаги фикр, таклифлари билан танишишингиз мумкин.
Абдураҳмон Ташанов, Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси
Ҳозир инсон ҳуқуқлари ҳақида кўп гапириляпти. Хўш, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини бузадиган ким ўзи? Америка полициясими ё Норвегия полицияси?
Конституцияда инсон ҳуқуқлари масаласи кўтарилаётгани яхши, мен буни олқишлайман, лекин инсон ҳуқуқларини таъминлаш учун аввало давлат ҳокимиятлари мувозанатга келтирилиши керак. Инсон ҳуқуқларини бузадиган инсонларни аввал тартибга солиш керак.
Конституцияда аввало давлат бошқаруви ва унинг асослари такомиллашиши керак. Шунга қараб кейин бошқа миллий қонунлар ҳам ишлаб чиқилади.
Иккинчидан, сиёсий плюрализм деяпмиз. Мана масалан, Ўзбекистонда сиёсий партия ташкил қилиш учун ташаббускорларга 20 минг имзо тўплаш мажбурияти белгилаб қўйилган. Ҳолбуки, 156 миллион аҳолиси бор Россияда бу талаб 500та имзони талаб қилади. Биз тоталитар дейдиган Туркманистон, тоталитар дейдиган Беларусда ҳам янги партияга имзо тўплаш учун мингта овознинг ўзи кифоя қилади. Бизда нега бунча кўп?
Бу ҳолат ўзгариши аввало конституцияда ўз аксини топиши керак. Шу нуқтайи назардан, сиёсатшунослар, жамиятшунослар, журналистлар ва умуман, мамлакат келажагига бефарқ бўлмаганлар ислоҳот керак, деётган экан, ўзгаришлар аввало шу соҳалардан бошланиши керак.
Биз инсон ҳуқуқларини қанча улуғламайлик, муаммонинг илдизи ҳал бўлмаса, инсон ҳуқуқларини ҳам таъминлаб бўлмайди. Чунки доктор битта беморни даволайди, ўнтасини даволайди, лекин мингтасини даволай олмайди. Бунинг учун биринчи навбатда тизимни тўғрилаш керак.
Президентнинг чиқишлари, ундаги эҳтиросли фикрлар менга жуда ёқади, лекин унинг жамоасида шижоат йўқлиги, президент нима деётганини тушунмаслиги ажабланарли.
Фарҳод Толипов, сиёсатшунос:

Сиёсий ислоҳот – жуда катта ва кенг тушунча. Шунинг учун мен бизга зарур бўлган бир-иккита ислоҳотни айтиш билан чекланаман.
Биринчи ислоҳот жойларда ижро ҳокимияти раҳбари сайланиши бўлиши керак. Бу масалани янги конституция лойиҳасида акс этмаётгани учун ҳам кўтаряпман.
Биз ҳокимларни сайлаш жараёнига аллақачон етиб келдик. Мен бугун Ўзбекистонга конституцион ислоҳот нега керак дейилса, мана шу ислоҳотни биринчи бўлиб айтган бўлардим.
Ҳа, конституцияда ҳоким ва кенгаш раислари ваколати ажратиляпти, лекин ҳоким барибир тайинланадиган бўлиб қоляпти. У сайланмайди. Мен эълон қилинган лойиҳадан мана шу ислоҳотни кутгандим, афсуски, у кечиктириляпти. Наҳотки, биз шу ислоҳотлар учун яна кейинги конституция ўзгаришларини кутсак?
Агар шу норма конституцияда акс этса, жуда катта ва керакли ўзгариш бўлган бўларди.
Иккинчидан, Ўзбекистонда амалдаги конституция бўйича Олий Мажлисга партиялар кўрсатган рўйхат асосида сайланилади. Мустақил номзодлар депутатликка афсуски, номзодини қўя олмайди.
Ҳозир конституция ўзгараётган экан, унда парламентга мустақил ва ташаббускорлар тавсия этган номзодлар сайланиш имконияти ҳам акс этиши керак.
Учинчидан, амалдаги қонунларимизда тўғрилаш керак бўлган яна бир хатолик бор. Бу – депутат ва сенаторларга шу фаолиятидан ташқари ўқитувчилик фаолиятига ҳам рухсат берилганидир.
Фикримча, депутат ва сенаторларнинг шу фаолиятдан бошқа бирор ишда ишлаши тақиқланиши керак.
Биз биламиз, ҳозир бир қанча сенатор университетларда ректор бўлиб ишлайди. Аммо университет ҳаёти, ректорлик шундай катта ишки, инсон бутун ҳаётини унга бағишлаши керак. Сенаторлар бирданига икки лавозимда ишлар экан, ё у ё бу лавозимни тўлиқ олиб боролмайди.
Бу ҳамма жойда, депутат ва сенаторлар фаолиятига тенг жорий қилиниши керак. Вазифа бўшаб қолмайди, истеъдодли инсонлар ҳар доим топилади.
Афсуски, бу Ўзбекистонда катта иллат – давлат хизматчилари бир вақтда бир неча лавозимда ишлайди.
Дилсора Фозилова, жамиятшунос

Конституцияга ўзгаришлар киритилар экан, аввало унинг қонуний тизимлари яратилиши керак. Яъни конституцияда ислоҳотларнинг қонуний тизимини яратиш ҳақида банд бўлиши керак.
Ўзбекистон конституцияси жуда яхши, унда кучли идеологияни кўриш мумкин. Камчиликларни эса тузатишга ҳаракат қиляпмиз.
Юқорида Абдураҳмон Ташанов давлат раҳбарининг чиқишларидан таъсирланиши ҳақида гапирди. Мен ҳам Мирзиёевнинг чиқишларида сиёсий фалсафани ҳис қиламан. Аммо муаммо унинг ижроси ва қонуний мустаҳкамланганида.
Бу ерда шунингдек, ислоҳотлардаги қатъийлик масаласи ҳам бор. Дейлик, режалар бажарилмаса нима бўлиши мумкин? Қонуний ҳимояси-чи? Бизнинг камчилигимиз шу ерда. Яъни биз фалсафага эгамиз, лекин унинг ижросига келганда жуда кўп тешиклар бор. Унинг ижросига келганда, ҳуқуқлар бузиляпти. Шунингдек, суд тизимида кўплаб камчиликлар кузатиляпти.
Мен таҳлил қиляпман, таклифлар жуда чиройли, лекин уларнинг қонуний структураси ҳали чизилмаган. Бунинг учун экспертлар гуруҳи ойлаб ишлаши кераклигини кўряпман. Буни суд тизимидагилар ҳам тушуниши ва ҳимоя қилиши керак.
Камолиддин Раббимов, сиёсатшунос

Биринчидан, ҳокимият ва ҳокимият тармоқлари максимал даражада халқ манфаатларига боғланиши керак.
Иккинчидан, ҳокимиятлар имкон қадар очиқ ва шаффоф бўлиши керак. Бунда шунингдек, ҳокимиятлардаги номарказлашув катта тезликда амалга ошиши керак.
Бизга Конституциявий суднинг ҳам ислоҳ бўлиши жуда муҳим. Биз конституциявий ислоҳотлар ҳақида гапиряпмиз, ва мана шу ислоҳотларнинг бошида турувчи орган ҳам конституциявий суд аслида. Аммо бугун Ўзбекистонда бундай суд борлигини ҳақида билишмайди ҳам.
Таҳлил қилайлик, масалан, Грузия аҳолиси 3 миллиондан ортиқроқ. Ўзбекистонда эса 36 миллион. Грузия Конституциявий суди 2021 йилда 300 дан ортиқ ишни кўриб чиққан. Ўзбекистон Конституциявий суди эса бор-йўғи битта иш кўрган.
Бунга сабаб Ўзбекистон қонунчилиги Конституциявий суд кўраётган ишнинг барча инстанциялардан ўтган бўлишини талаб қилади.
Конституциявий суд бизда тўғридан тўғри жамиятга боғланмаган. У жуда ёпиқ бир клубга ўхшайди. У ерда ким ишлайди, идораси қаерда, ҳеч ким билмайди.
Бизда биринчи маъмурият даврида шаклланган сиёсий зеҳният бугунгача ҳам етиб келди.
Унутмаслик керак, Конституциявий суднинг фаол ишлаши ҳокимиятга ва президентга бўлаётган босимларни енгиллаштиради. У қанчалик самарали ишласа, ҳокимиятга бўлаётган негативни шунчалик пасайтиради. Унинг кучайишида эса бирор сиёсий хатар йўқ.
Бугун бурчакда турган, кўринмасликка интилаётган, “туяқуш позицияси”даги Конституцион суд фаолиятини ислоҳ қилиш вақти келди деб ўйлайман.
Ёки Сенат фаолиятини олайлик. Амалдаги қонунчиликда Ўзбекистон сенатининг тўғридан тўғри қонунчилик ташаббуси билан чиқиш ваколати мавжуд эмас. Унинг шаклланиши ҳам ижро ҳокимиятининг бевосита ва билвосита тўлиқ қўлида. Ўн олти сенаторни президент тайинласа, қолган сенаторлар шунчаки вилоят ҳокимлари филтридан ўтади.
Бугун сенаторларни ҳам тўғридан тўғри халқ томонидан сайлайдиган тизим қилиш жуда муҳим. Бунда бирор сиёсий инқироз пайдо бўлмайди, қайтага сенат фаолияти янада кучаяди.
Бунда жараённи қонунчилик ташаббусини бўлиб бериш орқали ташкил қилиш мумкин. Масалан, ташқи сиёсат бўйича ташаббусларни сенат билдириши мумкин. Ривожланган давлатларнинг барчасида шундай.
Ўзбекистонда Сенат фаолияти кучайиши рақобатбардош сиёсий тизимни жонлантирган бўлар эди.
Агар Конституцион комиссия динамик ишлайдиган бўлса, бундай ташаббуслар жуда кўп бўлади.
Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.
Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Мавзуга оид
12:02 / 24.05.2025
«Сизга ачинаман, жаноблар!» – Абдураҳмон Ташановнинг шу номли пости камситиш деб топилди
20:47 / 30.04.2025
Урушларнинг ўзгарган мотиви: ташқи таҳдид эмас, ички сиёсий мақсадлар
22:02 / 11.04.2025
Юридик университетнинг икки ўқитувчиси инсон ҳуқуқлари фаоли Абдураҳмон Ташановни судга берди
19:20 / 26.03.2025