Жаҳон | 20:23 / 28.07.2022
25192
5 дақиқада ўқилади

Киев ва Черниҳив областлари Беларус ҳудудидан туриб ўққа тутилди

28 июл тонгида Украинанинг шимоли-шарқий областларига Беларус ҳудудидан туриб зарбалар йўлланди. Бу ҳақда Украина Бош штаби маълум қилган.

Фото: STATE EMERGENCY SERVICE

Украина қуролли кучлари Бош штабининг эрталабки ҳисоботида тунда Украина шимолига зарбалар келиб тушгани хабар қилинган.

Ҳарбийларнинг қайд этишича, Россия авиация ва ракета зарбалари йўллашда давом этмоқда, жумладан Беларус Республикаси ҳудудидан туриб ҳужум қилинган.

Москва ва Минск Беларус ҳудудидан туриб ракета зарбалари берилгани ҳақидаги маълумотларни ҳозирча изоҳламаган.

«Ёппасига ракеталар келиши»

Бош штабда 28 июл тонгида Беларус ҳудудидан туриб 20 дан ортиқ ракета Черниҳив ва Киев областларига учирилгани, уларнинг бир қисми украинларнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими орқали уриб туширилгани айтилади. Тўққизта ракета Гончаровскоега келиб тушган. Бош штаб ҳисоботида қурбонлар ҳақида маълумот берилмаган.

«2022 йил 28 июл куни соат 5:20 дан соат 6:30 гача, Беларусдаги манбаларга кўра, Беларус ҳудудидан 20 дан ортиқ ракета учирилгани тўғрисида маълумот келиб тушган», дейилади «Шимол» оператив қўмондонлигининг фейсбукдаги хабарида.

«Ҳозирча Черниҳив областидаги Гончаровское обшинасига 9 ракета келиб тушгани маълум, улар ўрмонзор массивига қулаган. Бизнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимимиз шундай ишлаган», дейилади ҳарбийлар хабарида.

Маҳаллий аҳоли вакиллари Беларус билан чегарага яқин жойлашган аҳоли пунктлари ҳудудида отишмалар овозини эшитишгани ҳақида айтишган.

Фото: ANDRII NEBYTOV/TELEGRAM

Черниҳив области ҳарбий маъмурияти раҳбари Вячеслав Чаус тонгда област ҳудудига «10 дан ортиқ ракета» учиб келганини хабар қилган.

«Соат эрталабки 5 дан кейин Беларус ҳудудидан ёппасига ракета отилди. Улар Гончаровское атрофига келиб тушгани ҳақида дастлабки маълумотлар бор. Бизнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларимиз ҳам ишламоқда. Ҳозир хавфсизлик нуқтайи назаридан бу қаерда бўлаётгани ҳақида айта олмайман. Қурбонлар ва вайронгарчиликлар тўғрисидаги маълумотлар аниқлаштирилмоқда, ҳозирча бу борада аниқ маълумот бера олмайман», дея хабар қилган у телеграмдаги каналида.

Киев яқинидаги отишмалар

28 июл тонгида Вишгородское райони бўйлаб бешта ракета учирилган, яна икки ракета ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими орқали уриб туширилган.

«Бугун тонгда душман Вишгород районидаги аҳоли пунктларидан бирига ракета зарбалари йўллади», дея хабар беради Киев области ҳарбий маъмурияти раҳбари Алексей Кулеба телеграмдаги канали орқали.

Унинг сўзларига кўра, ракета зарбалари оқибатида беш киши яраланган, аммо қурбонлар бўлмаган.

Киев области полицияси бошлиғи Ондрий Небитов ҳам инфратузилма объектларига зарба берилгани ҳақидаги хабарни тасдиқлаган ва бу авиазарба бўлганини қўшимча қилган.

Кейинроқ Украина қуролли кучлари Бош штаби Киев областидаги ҳарбий қисмга олтита ракета келиб тушганини маълум қилди.

«Эрталабки соат 5 атрофида рақиб Киев областининг Лютиж қишлоғидаги ҳарбий қисмга «Калибр» русумли қанотли ракеталардан олтитасини йўллади. Айни вақтда бир бино вайрон бўлгани ва яна икки бинога шикаст етгани тўғрисида маълумот бор», деган Украина қуролли кучлари Бош штаби оператив бошқармаси бошлиғи Олексий Громов.

Яна бир қанотли ракетани Буча атрофида украин ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими уриб туширган.

Миколайивнинг ўққа тутилиши

Тонгда Миколайивда ҳам портлашлар овозлари эшитилган. Област маъмурияти раҳбари Виталий Ким учта ракета келиб тушгани ҳақида маълум қилган.

Миколайив мэри Олександр Сенкевичга кўра, ракета зарбаларидан «ўқув муассасаси ва турар жой бинолари» шикастланган.

«Шаҳардаги мактаблардан бири амалда тўлиқ вайрон бўлди. Бинонинг бир қисми қулаб тушган. Бино қоровули яраланган. Яқин атрофдаги уйларнинг деразалари ва томлари учиб тушган», дея ёзган Сенкевич.

Унинг айтишича, ракеталардан яна бири «Кемасозлик университети сув станцияси ҳудудига тушган ва омборга зарар етказган».

Сенкевичнинг аниқлик киритишича, иккита кўп қаватли уй биносига ҳам шикаст етган.

Мавзуга оид