Спорт | 18:42 / 29.07.2022
15737
3 дақиқада ўқилади

“Бунёдкор” футбол клуби президенти Меҳриддин Абдуллаев жамоа аъзолари билан учрашди

Фото: Бунёдкор

Ёзги ўқув-машғулот йиғинини Беларусь пойтахти Минск шаҳрида ўтказган “Бунёдкор” жамоаси 27 июль куни эрта тонгда юртимизга қайтиб келди. Эътиборлиси, “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти Бошқаруви раиси, “Бунёдкор” футбол клуби президенти Меҳриддин Абдуллаев шу куннинг ўзидаёқ “Бунёдкор” стадионига ташриф буюриб, жамоа аъзолари билан учрашди. Танқидий руҳда ўтган йиғилишда Минск йиғини ва жамоанинг Суперлига биринчи даврасидаги иштироки чуқур таҳлил қилинди.

Фото: Бунёдкор

“Бунёдкор”нинг Суперлига биринчи даврасидаги иштироки мени умуман қониқтирмади. Ваҳоланки, жамоага барча шароитлар яратиб берилди. Ёки камчиликлар борми? “Бунёдкор” ёзги йиғинни хорижда ўтказган Ўзбекистоннинг ягона жамоаси бўлди. Шундай экан, иккинчи даврада натижалар яхши томонга ўзгариши шарт! “Бунёдкор” Ўзбекистон чемпионатида юқори ўринларда юришга лойиқ. Ўзбекистон кубогини қўлга киритиш вақти ҳам келди. Ёдда тутинглар, Осиё Чемпионлар лигасига йўлланма берадиган ўринларнинг бирини эгаллаш - бу йилги асосий вазифаларинг. Вазифа бажарилса, биз тарафдан рағбат шунга мос бўлади. “Бунёдкор” юртимиздаги ўз академиясига эга камсонли клублардан бири ҳисобланади. Демак, таркибни шакллантиришда, энг аввало, тарбияланувчиларимизга эътибор қаратиш лозим. Четдан футболчи таклиф қилинишида таниш-билишчиликка йўл қўйилмаслиги керак”, - деди Меҳриддин Абдуллаев.

Фото: Бунёдкор

Шундан сўнг бош мураббий вазифасини бажарувчи Виктор Карпенко сўзга чиқиб, аввало, клуб президентига яратилган шароитлар учун миннатдорчилик билдирди. Виктор Александрович жамоада меҳнат қилаётган ҳамма инсонлар эътибор ва масъулиятни ҳис қилаётганини таъкидлар экан, мавсумнинг иккинчи қисмидаги барча учрашувларда ғалаба учун майдонга тушиб, қўйилган вазифани бажариш йўлида қаттиқ меҳнат қилишларини айтиб ўтди.

Фото: Бунёдкор

Жамоа сардори Давронжон Эргашев ҳам сўз олиб, Минск йиғини ва эътибор учун Меҳриддин Раззоқовичга миннатдорчилик билдирди. Футболчилар албатта ишончни оқлашлари ва фақат ғалаба учун майдонга тушишларини таъкидлаб, сардор сифатида жамоадошларига бош бўлишини маълум қилди.

Фото: Бунёдкор

Мавзуга оид