Ўзбекистон | 15:12 / 29.07.2022
26486
6 дақиқада ўқилади

“Тоза сув йўқлиги касалликларни келтириб чиқарган, имкониятлардан маҳрум қилган” — Жаҳон банки Ўзбекистон қишлоқлари ҳақида

Бухоро вилоятининг Олот ва Қоракўл туманларида ичимлик суви таъминоти бўлмагани сабаб сув орқали юқадиган касалликларнинг энг юқори кўрсаткичлари қайд этилган, бундан болалар ва қариялар энг кўп жабр кўрган. Кўплаб оилаларда узоқдан сув ташиб келиш аёллар зиммасига юкланган. Бу икки туманда яшовчи 232 минг аҳолини тоза ичимлик билан таъминлаш бўйича Жаҳон банкининг лойиҳаси вазиятни ўзгартирмоқда.

Фото: Kun.uz

Қирғизистонда аҳолининг 60% дан ортиғи, Ўзбекистонда эса тахминан 50 фоизи қишлоқларда яшайди. Бу қишлоқлар кўпинча совет даврида қурилган ва тоза, оқар сув таъминоти тизимларига эга эмас.

Бу ҳақда Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларидаги сув таъминотини яхшилаш бўйича лойиҳалар натижасини ўрганган Жаҳон банки тадқиқотчилари хулосасида қайд этилган.

Лойиҳа доирасида Ўзбекистондан Бухоро вилоятининг Олот ва Қоракўл туманлари танлаб олинган. Таъкидланишича, бу икки туман аҳолисининг аксарияти йиллар давомида мамлакатда сув таъминоти билан боғлиқ энг хавфли вазиятларни бошдан кечирган.

Олот ва Қоракўлда аҳолининг 80 фоизи қишлоқ жойларда истиқомат қилади ва улар суғориш каналлари ҳамда шўрланган қудуқлардан олинадиган хавфли сувга боғланиб қолишган ёки танкерлар орқали юқори нархга сув олиб келишган, дейилади ҳисоботда.

Қувурли сув тақсимлаш тармоқлари Олотнинг 23 фоиз ва Қоракўл тумани аҳолисининг бор-йўғи 15 фоизига етиб борган, бироқ мавжуд бўлганда ҳам хизмат вақти-вақти билан узилади ва одамлар филтрсиз, лойқа сувдан фойдаланишга мажбур бўлади.

Саломатликни хавф остига қўйиш, имкониятларни йўқотиш

Олотдаги хонадонларнинг биридаги сув цистернасиФото: Жаҳон банки

Олот, Қоракўл ва Тамға (Қирғизистон) туманларида сув таъминоти тизими етарли даражада эмаслиги ва тоза ичимлик суви билан таъминланмаганлик сувдан юқадиган касалликлар ва паразитлар кўпайишига олиб келган.

Тамға қишлоғи оилавий шифокорлар гуруҳи бош шифокори Элмира Иманованинг сўзларига кўра, 2020 йилда 100 дан ортиқ бола ана шундай касалликка чалинган. Унинг таъкидлашича, тоза сув йўқлиги сабабли ёмон гигиена шароитлари бундай эпидемияларга олиб келган.

Олот ва Қоракўлдаги болалар ҳам сув таъминоти тизими нотўғрилигидан зарар кўрган. Тадқиқотдан маълум бўлишича, бу ердаги аҳоли Ўзбекистонда сув орқали юқадиган касалликларнинг энг юқори кўрсаткичларига дуч келган, болалар ва қариялар энг кўп жабрланган. Олотдаги уй хўжаликларининг 83 фоизи ўз фарзандлари тўғридан тўғри каналлардан келадиган ичимлик сувидан касал бўлиб қолганини маълум қилган.

“Аҳоли соғлиғига зарар етказишдан ташқари, бу ҳудуд аҳолисида сув етишмаслиги аёлларнинг иқтисодий ва ижтимоий салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришга тўсқинлик қилмоқда”, – дейди Жаҳон банки экспертлари.

Уларга кўра, Ўзбекистонда ҳам, Қирғизистонда ҳам маиший эҳтиёжлар учун сув олиб келиш ва тақсимлашда аёллар асосий рол ўйнайди. Ўзбекистонда гендер ва сув тадқиқоти шуни кўрсатадики, ичимлик суви таъминланмаган уй хўжаликларининг 61 фоизида сув олиб келиш каби жисмоний куч ва кўп меҳнат талаб қиладиган потенциал хавфли ишлар аёллар зиммасига юкланган.

Сув олиб келишга вақт сарфлаш эса таълим олиш, даромад қилиш, малака ошириш ва бўш вақтда дам олиш учун камроқ вақт ажратилишини англатади.

Халқаро донорлар минглаб одамларнинг уйига сув олиб кирди

Жаҳон банки кўмагида ичимлик суви билан таъминланган Олотдаги мактаблардан бирида болалар қўлларини ювмоқда. / Фото: Жаҳон банки

Жаҳон банки бу учта ҳудудда аҳолини тоза сув билан таъминлашга ёрдам берадиган лойиҳаларни қўллаб-қувватлаб келмоқда. Натижада Олот ва Қоракўлнинг 232 минг нафардан ортиқ аҳолиси ишончли тоза ичимлик сувидан фойдаланиш имкониятига эга бўлган ва турмуш шароити яхшиланган.

“Аёлим цистерналардан сувни челакларда ташиб олиб келарди. Уйимиз олдига сув (“водопровод”) келтирилгач, биз уни уй ичидаги жўмракга уладик, бу бизга оқаётган сув билан идишларни ювиш ва кир ювиш машинасидан фойдаланиш имконини берди. Менимча, бу аёлимнинг ҳаётини осонлаштирди. Қолаверса, ҳозир “водопровод” сувини қайнатмасдан ичишимиз мумкин”, – дейди Олот шаҳарчасида яшовчи Асрор Ҳамдамов.

Асрор Ҳамдамов / Фото: Жаҳон банки

Олот ва Қоракўл туманлари ва Тамға қишлоғи қишлоқлари ушбу лойиҳа натижаларидан баҳраманд бўлса-да, Марказий Осиё бўйлаб сув таъминоти ва канализация тармоқларини яхшилаш бўйича ҳамкорликни давом эттириш зарур, дейилади ҳисоботда.

Бунинг учун Европа Иттифоқи, Швецария ва Буюк Британия томонидан молиялаштирилган Марказий Осиё сув ва энергетика дастури (CAWEP) Қирғизистон Республикасида муҳим сектор ислоҳотларини қўллаб-қувватламоқда. CAWEP янги сув таъминоти ва канализация қонунчилигини тайёрлаш, қурилиш меъёрлари ва стандартларини қайта кўриб чиқиш бўйича экспертиза олиб боради, бу эса соҳага оид ривожланиш мақсадларига эришишни чекловчи асосий муаммоларни ҳал қилишга ёрдам беради.

“Ўзбекистон ва Қирғизистон Республикасидаги бу саъй-ҳаракатлар ушбу мамлакатлар ва Марказий Осиёдаги бошқа қишлоқ жамоалари ҳаётни ўзгартирувчи сув инфратузилмаси билан қандай боғланиши мумкинлиги ҳақида намуна бўлиб хизмат қилади, бу эса қишлоқларни қайтадан жонлантиради ва янада адолатли ва фаровон қишлоқ иқтисодиётини таъминлайди”, – дейилади Жаҳон банки сайтидаги мақолада.

Мавзуга оид