Ўзбекистон | 13:05 / 31.07.2022
16805
9 дақиқада ўқилади

«Мактабларда меҳр-оқибат дарслари ўтилиши керак» – жониворларга қўлланаётган ваҳшийликлар ҳақида

Сўнгги пайтларда мушук, ит, эшак каби уй ҳайвонлари калтаклангани, уриб, ҳатто осиб ўлдирилгани ҳолатлари ижтимоий тармоқларда тез-тез айланяпти. Жониворларни қийноққа солаётганлар руҳий хаста эмас, ақли расо одамлар экани хавотирли. Психолог Шаҳноза Халилованинг таҳлилича, айримлар бошқа бировда қолиб кетган аламини жонивордан олишга уринади.

Фото: KUN.UZ

Кўришга юрак бетламайдиган қийноқлар

Жониворларга зўравонлик акс этган видеолар яқиндан бошлаб ижтимоий тармоқларда тарқалаётган бўлса-да, кўпчилик уларга озор бериш ҳолатларига болалигидаёқ гувоҳ бўлган. Қийноқлар тасвири тарқалгандан сўнггина, жамоатчилик бу масалага эътибор қаратишни бошлаяпти. Жониворларга зўравонликка оид ҳолатларнинг ўндан ортиғи ўтган бир йилнинг ўзида кузатилган.

Содир этиш тугул, қарашга юрак бетламайдиган тасвирлардан бири 2021 йилнинг июн ойида Наманганда 9-13 ёшли ўқувчилар томонидан содир этилганди. Ўшанда болалар итни дарахтга олиб чиқиб, арқонни шохга боғлаб, унга итни илиб қўйишган. Ит типирчилаб, арқондан чиқолмай жон берган.

Яна бир ҳолат 2021 йил ноябр ойида Тошкентнинг Яшнобод туманида юз берган. Унда 20 ёшли йигит 5 мушукни ушлаб, уларни подъездга олиб кириб қийнаган. 40 дақиқа давомида азобланган мушуклардан бири жон берган.

2022 йилнинг ўзида юз берган яна икки ҳолат дилни жуда хира қилади. Қашқадарё вилоятининг Китоб туманида олинган видеода икки эркак эшакларни фалаж қилиш, йиқитиш учун уларнинг бўйин ва бошига хода билан тинимсиз урган, эшаклардан бири карахт ҳолда ерга йиқилган. Кадрда жониворларга нисбатан бўлаётган шафқатсиз муносабатни вояга етмаган ёш бола кузатиб тургани ҳам акс этган.

Жиззахда юз берган яна бир ҳолат эса ваҳшийликнинг энг юқори даражаси бўлса керак. Унда Зафаробод тумани «Чимқўрғон» ҚФЙда жойлашган «Хуахин» цемент заводи ишчиси кийимидаги шахс кучук боласини тириклайин куйдираётгани акс этган. Яна ҳам ачинарлиси, ёшлар орасида жониворларни қийнаб, уни Tik Tok’даги саҳифасига қўйиб, шу йўл билан пул ишлайдиган қатлам ҳам пайдо бўлишни бошлаган.

Юқоридаги каби ҳимоясиз ҳайвонларни азоблаган фуқароларга у ёки бу даражада жарима, жазо берилган. Лекин жарималар бундай ҳолатларнинг қайта содир бўлмаслиги учун етарлими?

Жарималар

МКнинг 111-моддасида ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш, уларни ғаразли ёки бошқа паст ниятларда қийноққа солиш каби ҳаракатларни содир этган шахсларга нисбатан маъмурий жавобгарлик белгиланган.

Унга кўра, ҳайвонларни ғаразли ёки бошқа паст ниятларда қийноққа солиш ёки уларга азоб бериш БҲМнинг 3–5 бараваригача (900 минг сўмдан 1 млн 500 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса ёхуд ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик вояга етмаган шахс ҳозирлигида содир этилган бўлса ёки ҳайвонларнинг ўлимига ёхуд майиб бўлишига олиб келса, БҲМнинг 5–10 бараваригача миқдорда жаримага ёки 15 суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

Шунингдек, ЖКнинг 202-1 моддасида белгиланишича, ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш, яъни уларни ғаразли ёки бошқа паст ниятларда қийноққа солиш ёки уларга азоб бериш уларнинг ўлимига ёхуд майиб бўлишига олиб келса, худди шундай ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланганидан кейин содир этилган бўлса:

  • 25 БҲМдан 50 БҲМгача миқдорда жарима;
  • ёки 240 соатгача маъмурий жамоат ишлари; 
  • ёки 1 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари;
  • ёхуд 6 ойгача озодликни чеклаш ёки 6 ойгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Эколог Наргис Қосимованинг айтишича, юқоридаги жарима ёки жазолар доим ҳам ишламайди. Кўпинча ҳайвонлар қийналгани тасвирлари жамоатчилик орасида муҳокама бўлгач, эътиборга олинади. Устига устак бошқа давлатлар билан солиштирганда, Ўзбекистон қонунчилигида белгиланган жарималар жуда кам.

«Қонунчиликка ҳайвонларни боқишга олгандан кейин қаровсиз қолдирадиган кишилар учун ҳам жарима ва жазо ҳолатлари белгиланиши керак», – дейди Наргис Қосимова. 

Ҳайвонларга қийноқ учун турли давлатларда белгиланган чоралар

Нью-Йорк

АҚШда ҳайвонлар ҳуқуқлари конституцияга киритилмаган. Шунинг учун ҳайвонларга қарши зулм қилганлик учун жарима ёки жазо белгилаш штатлар қонунчилигида акс этади. Масалан, Нью-Йорк қонунчилигида ҳайвонларга азоб бериш, уларни қийнаш, ўлдириш ва жанг қилдириш мумкин эмас.

Ҳайвонни шафқатсиз ва асоссиз равишда қийноққа солиш, жароҳатлаш, майиб қилиш, ўлдириш ёки озиқ-овқат, сув каби зарур озиқ-овқатлардан маҳрум қилиш, эътиборсиз қолдириш 1000 долларгача жарима ёки 1 йилгача қамоқ жазосига сабаб бўлади. Ҳайвонларга нисбатан оғирлаштирилган қийноқлар учун эса 5000 доллар ёки 5 йилгача қамоқ жорий қилинган.

Швейцария

Швейцария ҳайвонларни ҳимоя қилиш бўйича дунёдаги энг кенг қамровли қонунларга эга. Ит боқиш учун 4 соатлик тренингда қатнашгандан сўнг лицензия олиш мумкин. Балиқ боқадиганлар ҳам олдин белгиланган курсда ўқишлари керак. Шунингдек, ҳукумат ҳайвонлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун адвокат ҳам ёллайди. Ҳайвонларга қасддан шафқатсиз муносабатда бўлиш 3 йилгача қамоқ, уларни қаровсиз қолдириш 2 000 долларгача жаримага тортилиши мумкин.

Миср

Миср қонунчилигида ҳам меҳнат қиладиган ҳайвонларни қийнаш, уларга зарар етказиш ёки ўлдириш 3 йилгача озодликдан маҳрум қилинишга сабаб бўлади. Жиноят кодексида меҳнат ҳайвонлари сифатида эшак, мушук, ит ва қорамол кабилар тилга олинган.

Франция

Франция Жиноят кодексида хонакилаштирилган, қўлга олинган ёки асирликда сақланган ҳайвонларга нисбатан жисмоний, жинсий зўравонлик ёки шафқатсиз муносабатда бўлганлик учун максимал жазо – 2 йилгача қамоқ ва 33 000 доллар жарима белгиланган. Бундан ташқари, ҳуқуқбузарларга 5 йилгача ҳайвон боқиш ҳам тақиқланиши мумкин.

Тирик мавжудотга нисбатан шафқатсизлик нимадан пайдо бўлади?

Инсондан сув, емак сўраб мўлтираб боқиб турган мушук, ит ёки ҳеч бир норозиликсиз юкларни елкасида кўтариб, оғирни енгил қилувчи эшакка озор бериш мумкинми?! Бундай муносабат инсоннинг ўсган муҳити-ю табиатига қанчалик боғлиқлигини психолог Шаҳноза Халилова шундай тушунтиради:

«Айрим кишилар ҳайвондан қўрқади ёки жирканади. Мана шу ҳимоя агрессияси туфайли ҳам ҳайвонларга зиён етказиб қўйиши мумкин. Инсон ҳам ов қилади, гўшт ейди, шунинг ўзидаёқ агрессия бор. Курашиш, яшаб қолишга интилишда ҳам агрессия бор. Чунки инсон шунақа яратилган. Бу агрессиянинг кучлилиги бизнинг омадлилигимизни белгилайди. Фақат уни тарбиялаш орқали ундан бунёдкор куч сифатида фойдаланиш керак».

Халилованинг тушунтиришича, хавфли агрессия одам ўз ички оламидаги муаммоларни ҳал қилолмаса ҳам ишга тушади. У ниманидир уриб, қийнаб ички спазмлардан чиқишга ҳаракат қилади. Хавфли агрессия одам шунақа қийноқни, ваҳшийликни кўрганда ёки ўзига нисбатан қўлланганда ҳам ишга тушади. 

«Ҳар бир одамда нимадандир қўрқув бор. Бу қўрқув ортида аслида бир одам бўлиши мумкин, асосан ота-онадан қўрқув бўлади. Киши ўзига азоб берган одамни азоблаёлмагани учун ит ёки турли жониворлардан аламини олишга ҳаракат қилади. Бу англамасдан қилинади ва бунинг охири йўқ. Агар кимдир бировга агрессия кўрсатиб, ором олаётган бўлса, қайсидир оғриқларни чиқаришга уринмоқда», – дейди у.

«Мактабларда ҳайвонларга меҳр-шафқат дарси ўтилиши керак»

Эколог Наргис Қосимова ҳайвонларга шафқатсиз муносабат оиладаги муҳитдан келиб чиқади, деб ҳисоблайди. Кўчада юрган ит, мушукларни урмаслик, тош отмаслик ҳақида оилада гапирилиши керак.

«Масалан, биз кичкиналигимиздан ҳайвонларга меҳр билан ўсганмиз. Уйимиз кичкина ҳайвонот боғи эди. Ҳозир катта ёшдагиларга ҳайвонларга меҳр кўрсатишни уқтириш қийиндир.

Буни таълим муассасаларидан бошлаш керак. Айнан ҳайвонларга меҳр-шафқат дарсини киритиш керак. Мактабгача таълим вазирлиги томонидан боғчаларга йиллик режа туширилади. Унда қайси дарслар ўтилиши ёзилган бўлади. Шу ердан бошлаб ҳайвонларга меҳр-шафқат дарси киритилиши керак. Кейинчалик мактаб, ўрта таълим, олий таълимга ҳам бундай дарсларни киритиш керак», – дейди эколог.

У таълим муассасаларига ҳайвонларга меҳр-шафқат дарсларини олиб кириш самара беришини ўз тажрибасидан ўтказганини айтди. Наргис Қосимова Тошкент вилоятида «Меҳр ва оқибат» нодавлат нотижорат ташкилоти кўнгиллиларидан бири.

«Бизнинг «Меҳр ва оқибат» ННТ кўнгиллилари мактабларга бориб, ҳайвонларга меҳр кўрсатиш бўйича дарслар ўтиб келишади, болаларга турли видеолар ёрдамида жониворларни парваришлаш ўргатилади. Ва буни болалар жуда яхши қабул қилишмоқда. Чунки болаларда кичиклигидан ҳайвонларга талпиниш бор. Шу талпинишни ўлдириб юбормаслик керак», – дейди мутахассис.

Зуҳра Абдуҳалимова, журналист

Мавзуга оид