Нэнси Пелоси Тайванга бормоқчи. Хитой пропагандачилари унинг самолёти уриб туширилиши билан таҳдид қилмоқда
АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери лайнери Ҳавайи оролларида тўхтаган.
30 июл куни АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси Осиё мамлакатлари бўйлаб сафар учун йўл олди. Сўнгги кунларда ОАВда Пелоси турне давомида Тайванга ҳам ташриф буюриши ҳақида ёзилди ва бу хабарлар АҚШ ҳамда Хитой ўртасидаги муносабатларни кескинлаштирди.
Амалда АҚШда президент ва вице-президентдан кейинги учинчи шахс бўлган Пелоси хоним Тайванга ҳам бориши мумкинлиги ҳақида дастлаб 19 июл куни The Financial Times газетаси ёзиб чиқди. Нашр маълумотига кўра, Хитой норасмий каналлар орқали АҚШни воқеаларнинг бундай ривожининг «жиддий оқибатлари» ҳақида огоҳлантирган; кейинроқ Пекиндагилар бу маълумотни расман тасдиқлашди.
АҚШ Пелосининг Тайванга ташрифи ҳақидаги маълумотни тасдиқламади ва рад этмади ҳам — ташрифнинг расмий дастурида фақат Япония, Жанубий Корея, Малайзия ва Сингапур давлатлари кўрсатилган. Пелосининг ўзи ҳам Тайванга бориши эҳтимоли бўйича изоҳ беришни истамаган. Унинг атрофидаги манбалар 28 июл куни бу борада якуний қарор ҳали қабул қилинмаганини айтишди.
Пекиндан хабар қилишларича, худди ўша куни ХХР раиси Си Жинпинг АҚШ президенти Жо Байден билан телефон мулоқотида Тайван масаласида «олов билан ўйнашмаслик»ка чақирди. Си Байденга АҚШ «ягона Хитой» тамойилини ҳурмат қилиши кераклигини эслатган. Ўшанда хитойликлар армияси олдиндан эълон қилмаган ҳолда Тайван яқинидаги Фуцзян провинциясида (орол билан ўртада битта бўғоз ажратиб туради) ҳарбий машғулотлар бошлади. Бу ерга жуда кўп миқдорда ҳарбий техникалар юборилмоқда, хусусан, баравар ўт очиш реактив тизимлари жойлаштирилган.
Ўз навбатида, Тайван армияси ҳам денгизда десант ҳужумига қарши машғулотлар бошлади. Тайвандаги халқаро аэропорт ва бошқа фуқаролик объектларига ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ўрнатилди.
Politico нашри ёзишича, Пентагонда Пелосининг Тайванга ташрифига тайёргарлик кўришда давом этишмоқда ва вариантлардан бири сифатида унинг ҳарбий самолётда учиши кўриб чиқилмоқда. Бу воқеалар фонида 29 июл куни Хитойдаги энг нуфузли ҳукуматпараст журналист, Global Times нашрининг собиқ бош муҳаррири Ху Сицзин ижтимоий тармоқларда агар америкаликларнинг қирувчи самолётлари Пелосининг Тайванга сафарига ҳамроҳлик қилса, бу босқин сифатида қабул қилиниши — ва бундай ҳолатда америкаликларни ҳаво кенглигини тарк этишга мажбурлаш учун хитойликлар самолётлари ҳавога кўтарилиши ҳақида айтди. «Агар бу етарли бўлмаса, мен ўйлайманки, Пелосининг самолёти уриб туширилиши нормал ҳолат бўлади», — дея қайд этган у.
Бу вақтда «Роналд Рейган» атом авиаташувчиси Сингапурдан Жанубий Хитой денгизи томон йўлга чиқди. У Ненси Пелосининг Тайванга ташрифи давомида патрул ишларини олиб бориши айтилмоқда. Осмонда АҚШ ҳарбий самолётлари учмоқда.
Пелосининг самолёти 30 июл куни Мэриленд штатидаги Эндрюс авиабазасидан йўлга чиққанди. Унинг парвозини FlightRadar24 сервисида жонли эфирда 60 минг атрофидаги одам кузатиб борган. 30 июл куни кечга яқин самолёт Ҳавайига қўнди. Шундан кейин FlightRadar24 бортнинг ҳаракатини кузатиш имкониятини ўчириб қўйди.
Мавзуга оид
02:02
Канада Мудофаа вазирлиги Хитойни Арктикада разведка маълумотларини тўплашда айблади
22:37 / 23.11.2024
Politico: Хитой иқлим сиёсати пойгасида АҚШ ва ЕИдан ўзиб кетди
21:00 / 21.11.2024
АҚШ–Хитой зиддияти ва Тайван омили: Трампдан нима кутиш мумкин?
19:13 / 21.11.2024