Ўзбекистон | 10:05 / 31.07.2022
20285
8 дақиқада ўқилади

«Янги трансформатор ва кабелларнинг аксар қисми янги қурилишларга кетиб қоляпти» – вазир ўринбосари билан интервью

Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаевнинг таъкидлашича, июл ойида кузатилган авариялар аномал иссиқ таъсирида юзага келмаган. Мавжуд трансформаторларнинг аксарияти жуда эски экани ва жазирама вақтида юклама ортиб кетиши туфайли уларнинг зўриқиш билан ишлаши аварияларни келтириб чиқармоқда.

– Ўзбекистонда июлнинг иккинчи ярмида электр энергияси таъминотида аввалига қисқа муддатли узилишлар кузатилди. Жазирама авжига чиққан кунлари эса жойларда соатлаб, суткалаб электр бўлмади. Аслида аномал иссиқ ёз фасли учун янгилик эмас, бу – ҳар йили кузатиладиган ҳолат. Нима учун куз-қиш мавсумига тайёрланилгани каби ёз мавсумига ҳам тайёрланилмайди? Нега куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш мақсадида нимстанциялар айнан ёз пайтида таъмирланади, шу сабабли юк трансформаторлари ишчи ҳолатида бўлмайди?

– Куз-қиш мавсумидаги электр энергиясига бўлган талабнинг ортиги билан ёз мавсумидаги талабнинг ортишида жуда катта фарқ бор. Энергоқурилмаларимиз ўз иш режимида ташқи об-ҳаво шароитига узвий боғлиқ. Кун қанча совигани сари трансформаторларимиз ёки янги турдаги иссиқлик электр станцияларимиз буғ-газ қурилмаларининг ишлаш механизми яхшиланади.

Лекин иссиқда трансформаторлар, буғ-газ қурилмалари, ёки бўлмасам ҳаво-электр узатиш тармоқлари зўриқиб ишлайди. Жазирама 40 даражадан ошганда трансформаторларни совитиш тизими кўп ҳолатларда дош беролмайди ва қизиб кетиши туфайли ҳимоядан ўчади.

Шу билан бирга, бир нарсани айтиб ўтишим керак, узоқ муддатли ўчишлар кузатилган, яъни суткалаб свет бўлмаган жойлар кўп бўлгани йўқ, бу ўзимизни оқлаш эмас. Юзага келган аварияларни тезкорлик билан бартараф этишга ҳаракат қилдик.

Куни кеча ўзим ҳам битта авариянинг тепасида туриб, электр линияларини мумкин қадар тезроқ таъмирлаб ишга туширдик.

Муаммо нимада? Инфратузилма ҳақиқатан ҳам жуда эскириб кетган. Мана, оддий мисол, ўзим борган жойдаги кабел тармоғи эллик йилдан ортиқ хизмат қилгани маълум бўлди. Биз унинг узилган жойини топиб, таъмирлашимизга у қадар кўп вақт кетгани йўқ, лекин бир марта зўриқиб ишлагандан кейин кабел 3-4 жойидан узилиб кетади. Биттасини топасиз, таъмирлайсиз. Энди уладим деганингизда, иккинчи узилган жойи чиқади. Уни топиб таъмирлайсиз, тармоққа улаган ватқингизда кейинги узилган қисми аниқланади.

Албатта, бунинг ечими ягона: кабел тармоқларини алмаштиришимиз керак. Бу эса маблағга бориб тақалади. Шу ўринда битта нарсани айтиб ўтишимиз керак, йилдан йилга иссиқлик электр станциялари, қуёш ёки шамол электр станциялари ёки гидроэлектр станцияларнинг янги ишлаб чиқариш қувватларини ошириш бўйича дастурларимиз тасдиқланиб боряпти. Бундан ташқари, олдимизда магистрал тармоқларимизни, яъни юқори кучланишли тармоқларимизни ҳамда паст кучланишли тармоқларни реконструкция қилиш ва модернезация қилиш вазифаси турибди.

Ишлаб чиқаришни ошириш ва магистрал тармоқларни янгилаш бўйича режаларимизни тўлиқ бажаряпмиз. Паст кучланишли тармоқларга келсак, у ерда ҳам режа бажариляпти, лекин асосан янги қурилиш ҳисобига. Яъни ўтган йили 4 мингта трансформатор, 15 минг км узунликдаги электр тармоғи янгиланиши режалаштирилган бўлса, шунинг бир қисми эскиларини алмаштиришга, бир қисми эса янгидан қуришга режа қилинган эди.

Амалиётда йилдан йилга битта ҳолат такрорланмоқда. Янги трансформатор ва кабелларнинг аксарият қисми янги қурилишларга кетиб қоляпти, эскисини янгилашга ресурсларимиз етмаяпти.

Ресурслар, юқорида айтганимдай, маблағ билан боғлиқ. Бугунги кундаги электр энергияси тарифлари мана шу тармоқларни биз хоҳлаган тезликда янгилаш имкониятини бермаяпти.

– Шунинг учун ҳам электр энергиясининг тарифларини ошириш, электр истеъмоли учун ижтимоий норма белгилаш бўйича ҳукумат қарори лойиҳаси ишлаб чиқилганди. Дастлаввал 1 июлдан, сўнгра 15 июлдан табақалаштирилган тарифларга ўтилиши эълон қилинди. Бироқ кейин бу иш кечиктирилди. Соҳадаги муаммоларнинг ягона ечими тарифларга бориб тақалаётган бўлса, ҳукумат қарори ижроси ортга сурилишига нима сабаб бўлди?

– Аслида соҳадаги муаммоларнинг ягона ечими тарифлар эмас. Тарифларни оширган билан ҳамма муаммолар ўз-ўзидан ҳал бўлиб қолмайди. Албатта, тарифларни ошириш ижтимоий масалаларни келтириб чиқаради. Жамиятнинг фикрини ўрганмай туриб, аҳолининг тарифлар оширилишига қанчалик тайёрлигига амин бўлмай туриб бундай қарорни қабул қилиб бўлмайди.

Қолаверса, тизимли муаммоларни ҳал қилиш учун тарифларни оширишнинг ўзи етарли эмас. Хўп, бир марта оширамиз, кейин нима бўлади? Оширилган тарифлар эвазига халққа нима таклиф айтоламиз деган савол туғилди. Ҳурматли президентимиз томонидан иккита-учта масалани қамраб олиш бўйича топшириқ берилди.

Биринчиси, бу паст кучланишли, яъни истеъмолчилар уланган тармоқларни янгилашнинг камида икки йиллик дастурини тасдиқлаш. Дейлик, тарифни оширамиз, бунинг эвазига соҳага шунча қўшимча пул келади, мана шу пулнинг эвазига нима қурамиз, нималарни янгилаймиз? Аввало, шу саволга жавоб топишимиз талаб қилинди.

Иккинчиси, тарифларни ошириш билан бир қаторда ислоҳотларни қандай давом эттирамиз? Соҳага қўшимча хусусий инвестицияларни жалб қилиш учун шу пайтгача қабул қилинган қарорлардан фарқли ўлароқ – яъни бугунги кунгача қабул қилинган қарорларнинг аксарияти қандайдир лойиҳалар учун қабул қилинган – энди бундан аста-секинлик билан воз кечиб, қандай тизим яратамизки, қўшимча қарорларсиз, қўшимча битимларсиз, тўғридан тўғри ўзи соҳага кириб келиб, инвестициясини киритаверади.

Давлат тизимга киритишни режалаштирган инвестицияни бошқа мақсадларга йўналтиради, масалан, электр энергиясини ишлаб чиқаришга қанча кўпроқ хусусий капитални жалб қилсак, давлат режалаштирган инвестициясини тармоқларни ривожлантиришга ишлатади. Яъни электр узатиш тармоқларини, трансформаторларни, нимстанцияларни янгилашга йўналтиради.

Мана шу ислоҳотлар кўзда тутилган иккита қарор лойиҳаси тайёрланди. Ўйлайманки, улар қисқа муддат ичида қабул қилинади.

– Жаҳон метеорологлари прогнозларига кўра, сайёрамиз йилдан йилга исиб бораверади ва бу афсуски Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмайди. Аномал иссиқ шароитида нимстанция ва трансформаторларнинг қизиб кетиши ва бунинг оқибатида уларда ёнғин келиб чиқинининг олдини олиш учун балки уларнинг сонини жиддий ошириш керакдир? Шу чора муаммонинг ечими бўла оладими?

– Трансформаторларнинг ёниб кетиши аслида қандайдир аномал иссиқ таъсири эмас. Трансформаторларнинг аксарияти эскиргани, бу биринчи сабаб бўлса, иккинчиси, уларнинг зўриқиш билан ишлаётгани. Яъни аномал иссиқ тўғридан тўғри трансформаторга таъсир қилмайди. Бундай об-ҳаво шароитида трансформаторларга тушадиган юклама кескин ортиб кетади.

Трансформаторларнинг юкланганлик даражаси 70-75 фоизда ишлаши энг оптимал ҳисобланади. Лекин кун жуда қаттиқ исиб кетганда трансформаторлар 100, 120, 150 фоизгача юклама билан ишлаяпти ва бунинг натижасида ёнғинлар келиб чиқаяпти.

Аномал иссиқ бўлса ҳам нимстанция ва трансформаторларга тушаётган юклама меъёридан ортмаса, ҳеч қандай ёнғин келиб чиқмайди. Ҳар қандай ускуна ҳам меъёридан ортиқ юклама билан ишласа ишдан чиқади. Аксарият ҳолатларда истеъмолни бир мунча тежаш ҳақидаги илтимосларимиз мана шунга, яъни трансформаторларимиз ёниб кетиши, кабел тармоқларимиз ишдан чиқишининг олдини олишга қаратилган.

– Демак, инқироз пайтида электр энергиясини «шахмат тартиби»да ўчириш амалиётда бор эканини тасдиқлайсиз?

– Бу инкор этиб бўлмайдиган нарса. Ўчирмаймиз десак ёлғон бўлади. Белгиланган жадвал асосида ўчиришга мажбур бўламиз. Ўчирмасак, тармоқ ишдан чиқиб, кейин уни тиклашга суткалаб вақт кетиб қолади.

Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилиш мумкин.

Жамшид Ниёзов суҳбатлашди.
Тасвирчилар: Абдуқодир Тўлқинов, Асадбек Курязов
Монтаж устаси: Муҳиддин Қурбонов

Мавзуга оид