Жаҳон | 07:54 / 01.08.2022
13703
4 дақиқада ўқилади

НАТОнинг Косоводаги миссияси Приштина ва Белград ўртасидаги можарога аралашишга тайёрлигини билдирди

KFOR, агар Косово барқарорлигига таҳдид туғилса, Белград ва Приштина ўртасидаги можарога аралашишга тайёр. Косово бош вазири маҳаллий сербларнинг норозилигига сабаб бўлган чора-тадбирларнинг амалга оширилишини улар баррикадаларни олиб ташласа, кечиктиришга ваъда берди.

Фото: Picture Alliance

Косово ҳудудида хавфсизликни таъминлаш учун масъул бўлган НАТО бошчилигидаги халқаро кучлар (KFOR) Косово барқарорлигига таҳдид туғилган тақдирда Белград ва Приштина ўртасидаги чегара можаросига аралашишга тайёрлигини билдирди. Бу ҳақда ташкилот 31 июль, якшанба куни Twitter’да маълум қилди. «KFOR Косово шимолидаги барқарорликка таҳдид солинадиган бўлса, аралашишга тайёр», дейилади хабарда. 

KFOR таъкидлашича, Косово шимолидаги муниципалитетларда хавфсизлик билан боғлиқ вазият кескинлигича қолмоқда, бироқ миссия доимий мониторинг олиб боради ва БМТ ХКнинг 1999 йилдаги 1244-сонли қарори доирасида аралашишга тайёр. «НАТО бошчилигидаги KFOR миссиямиз тўлиқ эътиборни бутун Косово аҳолиси учун хавфсиз муҳит ва эркин ҳаракатланишни таъминлаш бўйича БМТ мандатини ҳар куни амалга оширишга қаратган», — дейилади баёнотда.

Косово бош вазири Альбин Курти минтақадаги вазиятнинг кескинлашувига Сербия президенти Александр Вучич айбдор, деди. Унинг фикрича, чегарада автомобиль йўлини тўсиб қўйиш аввалдан режалаштирилган ҳаракатдир. 

Курти Косово шимолида яшовчи сербларга Сербияда берилган автомобилларни қайта рўйхатдан ўтказиш ва давлат рақамларини Косовога алмаштириш ҳақидаги буйруғи Белградга берилган жавоб эканини билдириб, у Сербияга кириб келаётган Косово фуқароларига ҳам худди шундай талаб қўйилганига эътибор қаратди. 

Якшанба куни кечқурун юзлаб этник серблар Сербия чегарасидаги «Ярине» ва «Брняк» назорат-ўтказиш пунктлари йўналишидаги йўлларда юк машиналари, нефть цистерналари бўлган машиналар ва бошқа оғир транспорт воситаларини тўхтатиб, транспорт ҳаракатини тўсиб қўйди. Кўп сонли маҳаллий серблар баррикадалар атрофига у ерда қолиш ниятида тўпланган, деб хабар берди AFP мухбири. 

Ўз навбатида, Сербия президенти Александр Вучич якшанба куни Косоводаги вазият сербия ва Косовода яшовчи этник серблар учун ҳеч қачон ҳозиргидек «қийинроқ» бўлмаганини айтди. «Атмосфера ўзининг бурилиш нуқтасига етди», деди Вучич ва агар серблар ҳужумга учраса, «Сербия ғалаба қозонади» деб огоҳлантирди. 

Курти Вучични «тартибсизликларни» қўзғатганликда айблади. «Кейинги соатлар, кунлар ва ҳафталар қийин ва муаммоли бўлиши мумкин», — деб ёзди сиёсатчи Facebook’да. 

Айни пайтда, 1 августга ўтар кечаси Альбин Курти чегара назорат пунктларидаги тўсиқлар душанба куни олиб ташланиши шарти билан, Сербияда берилган Сербия рақамлари ва ҳужжатларига эга автомобиль эгаларига нисбатан чора кўришни бир ойга кечиктиришга ваъда берди. Унинг сўзларига кўра, бу қарор «халқаро иттифоқчилар билан ҳамкорликда» қабул қилинган. 

Европа иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел Косово маъмуриятининг Сербияда рўйхатдан ўтган автомобилларни Приштинада берилган янги давлат рақамлари учун мажбурий қайта рўйхатдан ўтказиш режасини амалга оширишни 1 сентябргача кечиктириш қарорини олқишлади. 

«Биз барча тўсиқлар зудлик билан олиб ташланишини кутамиз», деб ёзган Боррелл ўзининг Twitter саҳифасида. У очиқ масалаларни ЕИ томонидан осонлаштирилган мулоқот ҳамда Косово ва Сербия ўртасидаги муносабатларни ҳар томонлама нормаллаштириш мақсадида ҳал қилиш кераклигини қўшимча қилди.

Минтақадаги вазиятнинг жиддий кескинлашуви охирги марта 2021 йил сентябрида кузатилган, ўшанда юзлаб этник серблар ҳар куни норозилик намойишлари ўтказиб, иккита чегара ўтиш жойида транспорт ҳаракатини тўсиб қўйган эди. Уларнинг ғазаби Приштинанинг Сербия давлат рақамларига эга ҳайдовчилардан Косовога киришда вақтинчалик рақам қўйишни талаб қилиш қарори билан боғлиқ бўлган. Косоводан Сербияга кирганлар ҳам шундай қилишлари керак эди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид