Ўзбекистон | 11:54 / 01.08.2022
1848
1 дақиқада ўқилади

Тошкентда Ўзбекистон, Туркия ва Озарбойжон вазирларининг уч томонлама учрашуви бўлиб ўтади

Президент матбуот котиби Шерзод Асадов анъанавий брифингда давлат раҳбарининг бошланаётган ҳафтадаги режалари ҳақида маълумот берди.

Жорий ҳафтада Тошкентда Ўзбекистон, Туркия ва Озарбойжон ташқи ишлар, савдо ҳамда транспорт вазирларининг уч томонлама учрашуви бўлиб ўтади. Бу форматдаги учрашув илк маротаба бўлмоқда. 

Музокаралар кун тартибидан минтақалараро ҳамкорликни, инвестиция, инновация ва транспорт-коммуникация соҳаларидаги алоқаларни янада ривожлантириш масалалари ўрин олган.

Президент Шавкат Мирзиёев унда иштирок этиш учун мамлакатга келадиган Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғли ҳамда Озарбойжон ташқи ишлар вазири Жейхун Байрамовни қабул қилиши режалаштирилмоқда. 

Шунингдек, давлат раҳбари 28 июлдан бери мамлакатда бўлиб турган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Миллий озчиликлар масалалари бўйича комиссари Қайрат Абдураҳмоновни қабул қилади.

Бундан ташқари, ҳафта давомида мамлакатни иқтисодий-ижтимоий ривожлантиришга қаратилган йиғилиш ва муҳокамалар ўтказилади.

Аброр Зоҳидов
Тайёрлаган Аброр Зоҳидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид