Ўзбекистон | 14:08 / 02.08.2022
1261
2 дақиқада ўқилади

Эркинжон Турдимов Самарқанддаги маъмурий биноларга 600 та қуёш фотоэлектр станциялари ўрнатилишини маълум қилди

Уларнинг 360 таси қуёш панеллари, 240 таси қуёш сув иситиш қурилмаси бўлади.

Фото: Самарқанд вилояти ҳокимлиги

Самарқанд вилоятидаги маъмурий ва ёрдамчи биноларга 600 та кичик қуёш фотоэлектр станциялари ўрнатилади. Бу ҳақда вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов бугун, 2022 йил 2 август куни ўтказилган ҳокимлик соатида маълум қилган.

Ҳокимлик соатида вилоят ҳокими барча раҳбарлар иқтисодиёт тармоқлари, аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларида қайта тикланувчи энергия манбаларидан кенг фойдаланиш чораларини кўришга масъул эканини айтган. Раҳбарларга корхона ва ташкилотларда электр ва иссиқлик энергияси харажатларини камида 25 фоизга қисқартириш бўйича дастур ишлаб чиқишга кўрсатма берган.

Қайд этилишича, жорий йил 10 июн куни Президент раҳбарлигида қайта тикланувчи энергиядан фойдаланишни кенгайтириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилган. Йиғилишда мамлакат раҳбари томонидан барча вазирлик ва идора, ҳокимлик, маҳалла биноларини муқобил энергияга ўтказиш вақти келганини таъкидлаб ўтганди.

Мазкур топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида Самарқанд вилояти ҳокимлиги томонидан ташкилотларнинг маъмурий (ёрдамчи) биноларига кичик қуёш фотоэлектр станцияларини ўрнатиш режа-тақсимоти ишлаб чиқилган.

Тақсимотга кўра биринчи навбатда вилоятдаги корхона, ташкилотларнинг маъмурий ва ёрдамчи биноларига 600 та кичик қуёш фотоэлектр станциялари ўрнатилади. Уларнинг 360 таси қуёш панеллари, 240 таси қуёш сув иситиш қурилмаси бўлади.

Мавзуга оид