Вашингтон РФнинг маҳбусларни алмашиш бўйича «маккорона» жавоби ҳақида маълум қилди
Оқ уй матбуот котибининг сўзларига кўра, РФга америкалик баскетболчи Бриттни Грайнер ва ҳуқуқшунос Пол Уиланни алмашишни таклиф қилган Жо Байден маъмурияти Москвадан олинган жавобни жиддий деб ҳисобламайди.
АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти маҳбусларни алмашиш таклифига Россия расмийларидан «маккорона» жавоб олди, дея маълум қилди Вашингтон. Оқ уй матбуот котиби Карин Жан-Пьер 1 август, душанба куни бўлиб ўтган брифингда АҚШнинг тегишли сўровига Москвадан жавоб олингани ҳақидаги саволга жавоб берар экан, «қарама-қарши таклиф келиб тушди, биз уни жиддий деб ҳисобламаймиз», деди.
У Қўшма Штатлар бу позициялардан музокаралар олиб бормаслигини «аниқ» деб атади ва тафсилотларни очиқлашдан бош тортди. Матбуот котиби, шунингдек, Оқ уй америкалик баскетболчи Бриттни Грайнер ва жосусликда айбланган BorgWarner компаниясининг хавфсизлик бўйича директори Пол Уиланни АҚШга қайтариш зарурлигига «жуда жиддий қарашини» таъкидлади. «Биз уларнинг уйга қайтишини хоҳлаймиз», дея қайд этди Жан-Пьер.
ОАВ маълумотларига кўра, АҚШ маъмурияти РФга Россияда сақланаётган икки америкалик - гиёҳванд моддалар контрабандасида айбланган олимпия чемпиони Бриттни Грайнер ва жосусликда айбланган собиқ денгиз пиёда аскари Пол Уиланни АҚШда қурол савдосида айбланиб, жазо муддатини ўтаётган РФ фуқароси Виктор Бутга алмаштиришни таклиф қилмоқда. 27 июль куни АҚШ давлат котиби Энтони Блинкеннинг маълум қилишича, бир неча ҳафта олдин Оқ уй Москвага Уилан ва Грайнер бўйича «мазмунли таклиф» тақдим этган.
Шу билан бирга, CNN телеканали 29 июль куни Москва АҚШдан Грайнер ва Уиланни Бутга алмашиш бўйича келишувга Берлинда собиқ чечен дала қўмондони Зелимхон Хангошвилини ўлдирганликда айбдор деб топилган Вадим Красиковни ҳам қўшишни сўрагани ҳақида хабар берди. Унинг маълумотига кўра, РФ бу таклифни ФХХнинг норасмий каналлари орқали етказган, АҚШ эса уни «муаммоли» деб ҳисоблаган, бироқ Германияга сўров юборган.
Москва кўп йиллар давомида америкаликлар ва АҚШ расмий вакилларини ўлдириш мақсадида тил бириктириш, ракета сотиб олиш ва сотишга уриниш ҳамда Колумбиянинг «Колумбия инқилобий қуролли кучлари» гуруҳи билан ҳамкорликда терроризмни қўллаб-қувватлашда айбдор деб топилган собиқ совет зобити Виктор Бутни экстрадиция қилишни талаб қилиб келади. Виктор Бут 2012 йилда 25 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
Вадим Соколов номига олинган сохта паспорт билан саёҳат қилган россиялик Вадим Красиков Берлиндаги Кичик Тиргартен боғида Зелимхан Хангошвилини ўлдирган ва тез орада Германия полицияси томонидан ҳибсга олинган. У умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди, айблов эса қотиллик Россия давлат идораларининг талабига биноан сиёсий сабабларга кўра содир этилганини билдирди. Хангошвили 2000-2004 йилларда иккинчи чечен урушида рус армиясига қарши курашган ва Москва унга душман сифатида қараган. Қотилликдан сўнг РФ президенти Владимир Путин у Москва метросидаги портлашлар ташкилотчиси эканини айтди, аммо ҳеч қандай далил келтирмади.
Мавзуга оид
10:31
АҚШ Регистон майдони архитектурасини сақлаб қолиш учун 500 минг доллар ажратди
23:20 / 13.11.2024
Полшада АҚШнинг ракетага қарши мудофаа базаси очилди
22:44 / 13.11.2024
Трамп маъмуриятида Украина бўйича махсус вакил бўлади — ОАВ
22:14 / 13.11.2024