Ўзбекистон | 14:02 / 03.08.2022
4138
2 дақиқада ўқилади

Расмий ҳужжатларга электрон апостил қўйиш бўйича давлат хизмати кўрсатиш тўлиқ ишга тушди 

Адлия вазирлиги томонидан ҳукумат қарорига асосан Ўзбекистон ҳудудида тузилган расмий ҳужжатларга электрон апостил қўйиш тизими йўлга қўйилди.

Фото: Getty Images

Биринчи босқичда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясига доир таълим ва фан соҳасига тегишли расмий ҳужжатларга апостил қўйиш бўйича давлат хизматидан фойдаланиш мумкин эди.

Эндиликда:

тегишли ҳудуддаги адлия органлари ва муассасаларидан ҳамда фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларидан чиқадиган расмий ҳужжатларга;

судлардан чиқадиган расмий ҳужжатларга;

прокуратура, тергов, суриштирув ва терговга қадар текширувни амалга оширувчи органлардан чиқадиган расмий ҳужжатларга;

бошқа расмий ҳужжатларга Ташқи ишлар вазирлиги томонидан апостил қўйиш бўйича давлат хизмати ишга тушди.

Мурожаатлар давлат хизматлари марказлари ва «Ягона портал» орқали қабул қилинади. Сўровномани кўриб чиқиш учун мурожаат этувчидан БҲМ 20 фоизи миқдорида йиғим ундирилади. ЯИДХП орқали мурожаат этилганда, йиғим суммаси 90 фоизи ундирилади.

Сўровнома расмий ҳужжатлар тақдим этилган кундан бошлаб 2 иш куни ичида (зарур ҳолларда, 10 иш куни ичида) кўриб чиқилади. Расмий ҳужжатга электрон апостил қўйиш билан боғлиқ барча жараёнлар «E-App» ва «E-register» дастурларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.

Қуйидаги ҳолларда апостил қўйиш рад этилади:

  • расмий ҳужжатда зарур реквизитлар ҳеч бўлмаганда бири мавжуд бўлмаса ёки мансабдор шахслар имзолари ҳамда муҳр, штамплар ҳақиқий эмаслиги аниқланса;
  • расмий ҳужжатни имзолаган мансабдор шахс уни имзолаш ваколатига эга бўлмаса.

Мавзуга оид