Мусаев Бурҳоновнинг маърузасига эътироз билдирди. Норбоева масалани вазирликда ҳал қилиш кераклигини айтди
Бугун, 4 август куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Сенати ялпи мажлисида Акмал Бурҳонов томонидан тақдим қилинган коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги миллий маърузада келтирилган рақамларга соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев эътироз билдирди.
Мусаевга кўра, бу ерда “катта рақам ортидан қувишдек кайфият” бор.
“Акмалхон Эшондадаевич айтганидек, тизимда жуда кўплаб камчиликларга эътибор берилган. Лекин жуда катта бир рақамлар қўйилиб кетмоқда. Нима учун 34-варақдаги ҳисоботда соғлиқни сақлаш тизимида 50 миллиард молиявий хато-камчиликлар дейиляпти? 45-варағида 56 миллиард?
Шундай бир кайфият борки, бу катта рақамни ортидан қувишдек. Бир нарсага келишиб олишимиз керак-да. Молиявий назорат органидан олинган маълумотлар асосида тайёрланган ҳисобот… Молиявий назорат органи аниқлади, бу коррупциявий ҳолат бўлдими ёки йўқми? Буни ҳали суд исботладими ёки йўқми?
395 та даволаш профилактика муассасаларида… Бизнинг тиббиёт тизимида 500 мингдан ортиқ ходим ишлайди. Ҳозир тиббиёт соҳаси энг коррупцион соҳа деган хулоса қилиняпти. Қани, шу 395 та ташкилот. Биз кўрганимиздан бери шу маълумотларнинг тагига етгимиз келяпти. Қайси ташкилотнинг ўзида молиявий камчилик аниқланибди? Шундай коррупцион ҳолат бўлган бўлса, нега бирорта каттароқ тиббиёт тизимининг раҳбари ёки бошқасига нисбатан суд томонидан қатъий чора кўрилмаган? Демак, бу камчиликлар ҳали кимнингдир актига тушган қоғоз. Судда ўз исботи ва далилини топмаган факторлар бўлади.
Бундан ташқари, шу 50 миллиарддан 35 миллиарди “мониторинг натижасида мақсадсиз харажатлар ўз вақтида аниқланди ва иқтисод қилинишига эришилди”, дейиляпти. Бу ҳали коррупцион ҳолат эмас, шуни аниқ айтишимиз керак. Чунки ҳисобот, смета ва штат маълумотлари ўрганилади, текширилади. Буни бартараф қилиш мақсадида соғлиқни сақлаш, молия ва ғазначилик органлари биргаликда текширишни амалга оширади.
Шунинг учун, битта таклифим бор. Авваламбор, бундай ҳисоботларни юқори даражага чиқишидан олдин вазирлик билан бирма-бир кўриб чиқсак. Ана ундан кейин якуний тўхтамга келган рақамни олиб чиқсак, менимча тўғрироқ бўларди.
Вазир сифатида гапираётганим йўқ, бунинг орқасидан бутун умр шу соҳада ишлаб келган фидойи ходимлар бор. Ҳозир бутун ижтимоий тармоқларда бир-икки кундан бери энг коррупцион соҳа бу тиббиёт соҳаси деган, фикрлар бор…
Шунинг учун ҳам менинг илтимосим бўлади… Биз ҳеч қачон ўзимизни айблашга ёки оқлашга ҳаракат қилмаймиз, бундай ниятимиз ҳам йўқ. Лекин ҳар битта ҳолат бўйича олдин келишиб, кўриб олсак-да, кимнингдир берган маълумотига таяниб, хулоса чиқармасдан. Ана ундан кейин чиқарсак [ҳисоботни]...” – дея Беҳзод Мусаевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Сенат раиси Танзила Норбоева эса бу маълумотларнинг асоси бўлмаса, Сенатга олиб чиқилмаслигини, бу каби масалаларда агентлик директори билан вазирликда муҳокама қилинишини таъкидлади.
“Беҳзод Анварович, биринчидан бу ерда бу масалаларни кўтаришингиз ноўрин. Мен ўйлайманки, бу маълумотларнинг ҳаммасининг тагида асоси бор. Унақа бўладиган бўлса, асоссиз нарса Сенатнинг ялпи мажлисига олиб чиқилмайди, биринчидан.
Иккинчидан, шунча саволингиз бор экан Акмал Бурҳоновни нима учун Соғлиқни сақлаш вазирлигига олдинроқ чақириб, олдинроқ мана шу масалаларни муҳокама қилиб, чора-тадбирларни белгиламайсиз?
Бу ер ади-бади айтиб ўтирадиган аудитория эмас-да. Бизга бу ерда миллий маърузани тақдим қилиши керак, биз уни эшитиб, ўзимизнинг топшириқларни агентликка беришимиз керак. Ҳозир агар сиз чиқиб буни гапирадиган бўлсангиз, Халқ таълими вазирлиги ёки бошқа вазирликлар чиқиб гапирадиган бўлса, бу бошқача майдонга айланиб кетади.
Шунинг учун коррупцияга қарши курашиш вазифасини ҳар бир вазирлик ўзининг энг устувор вазифаси қилиб белгилаши керак. Мана шу агентлик [Антикоррупция агентлиги] тузилдими, олдига чақириб, биргаликда коррупциянинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар кўриши керак.
Рақамлар борасида саволлар бўладиган бўлса, вазирликка чақириб ўзинглар муҳокама қилиб олсанглар ҳам бўлади,” – деди Танзила Норбоева.
Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги миллий маърузани тақдим қилган Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов эса бу маъруза бошқа идоралар билан ҳам ҳамкорликда қилинганини таъкидлади. Шунингдек, у маърузага жамоатчиликда шубҳа бўлмаслигини сўради.
“Бу миллий маъруза фақат агентлик томонидан ишлаб чиқилган эмас, балки коррупцияга қарши курашувчи идоралар билан биргаликда тайёрланган.
Битта мисолни келтираман, келтирилган ёки ОАВларда чиқаётган маълумотларга эътибор берадиган бўлсангиз… Яхши, бу йилдан бошлаб мана 6 ойлик якунлари бўйича, хурсанд бўлишимиз керак, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизими 2-ўринга тушди. Банк тизими биринчи ўринга чиқди. Бу албатта вазирлик тизимида амалга оширилаётган коррупцияга қарши курашиш ишлари [натижаси] деб ўйлайман.
Лекин бир кўраётган статистика, айнан судлар томонидан кўриб чиқилиб, ҳукм чиқарилган ишлар бўйича ўтган йили [2021 йил] Соғлиқни сақлаш вазирлиги рейтингларда биринчи ўринни эгаллаган. Бошқа молиявий масалалар бўйича ҳам аниқланган камчиликлар, фақатгина агентлик томонидан эмас, Молия вазирлиги, Ҳисоб палатаси ва бошқа назорат қилувчи органлар томонидан аниқланган ҳамда хато ва камчиликларнинг умумлаштирилгани ҳисобланади. Ва албатта биз тайёрмиз, биргаликда ишлашга.
Ҳозир бу ерда жамоатчилик ҳам кўряпти, бу миллий маърузага шубҳа бўлмаслигини сўрардим. Бу миллий маърузани биз март ойида тайёр қилганмиз ва вазирлик-идораларга юборганмиз”, – деди Акмал Бурҳонов.
Мавзуга оид
12:30 / 06.11.2024
АҚШда Трампнинг республикачилари Сенатда кўпчилик ўринни қўлга киритди
15:55 / 24.10.2024
“5 йилда 440 га яқин қонун муҳокама қилинди” - Сенат раиси
13:38 / 23.10.2024
Ердан фойдаланиш ҳақидаги қонунчилик талабларини бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилади
13:04 / 23.10.2024