Жаҳон | 19:58 / 04.08.2022
7810
2 дақиқада ўқилади

Саудия Арабистони ва БАА нефт қазиб олишни қачон кўпайтириши мумкинлиги маълум бўлди 

Аввалроқ АҚШ президенти Жо Байден ОПЕК ташкилотини нефт қазиб олишни кўпайтиришга чақирганди.

Фото: Getty Images

Саудия Арабистони ва БАА қишда жаҳон бозорига нефт етказиш борасида инқироз кучайган тақдирдагина нефт қазиб олишни кўпайтириши мумкин. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб Reuters хабар берди.

«Бу йил қишда Европада газ бўлмаслиги, Россия нефти нархига эса чеклов қўйилиши мумкин. Ҳозир ҳар бир баррел нефтни бозорга чиқара олмаймиз», — деган агентлик суҳбатдошларидан бири. 

Reuters суҳбатдошларининг сўзларига кўра, Саудия Арабистони, БАА ва ОПЕКнинг бошқа аъзолари суткасига 2-2,7 млн баррел захира ишлаб чиқариш қувватига эга. Аммо улар бу қувватларни инқироз чўзилган тақдирдагина ишга солишга тайёр, деган манбалардан бири.

3 август куни ОПЕК+ мамлакатлари сентябрда нефт қазиб олиш квотасини суткасига 100 минг баррелга оширишга келишиб олишди. 

Rapidan Energy Group консалтинг компанияси президенти Боб Макнеллининг сўзларига кўра, бозорга суткасига 100 минг баррел нефт қўшилиши жудаям оздир. Алянс июл ва августда нефт қазиб олишни суткасига 600 минг баррелга оширганди.

Аввалроқ АҚШ президенти Жо Байден ОПЕК ташкилотини нефт қазиб олишни кўпайтиришга чақирган, бироқ Саудия Арабистони ва унинг ҳамкорлари буни амалга оширмаганди.

Мавзуга оид