Жаҳон | 16:38 / 06.08.2022
9939
4 дақиқада ўқилади

Эстонияда совет ёдгорликларини демонтаж қилиш комиссияси таркиби махфийлаштирилди

Фото: ТАСС

Эстонияда совет ёдгорликларини демонтаж қилиш бўйича комиссия таркиби унинг аъзолари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида махфийлаштирилди. Мухолиф сиёсатчилар ва журналистлар комиссия иши имкон қадар очиқ бўлиши керак, деб ҳисоблайди. 

Эстонияда совет даври ёдгорликларини йўқ қилиш бўйича мамлакат Давлат канцелярияси қошида тузилган ишчи гуруҳи таркиби махфийлаштирилди. Маълум бўлишича, комиссия таркибига «турли вазирлик ва идоралар вакиллари» киради, унга аввалроқ давлат мудофаа инвестиция марказида ишлаган Аско Кивинук раҳбарлик қилади. Бу ҳақда 5 август куни ERR Эстония давлат телерадиокомпанияси портали хабар берди.

Давлат канцелярияси журналистларга комиссия ҳафтада бир марта йиғилиш ўтказаётганини ва кейинги ҳафтада совет ёдгорликларини демонтаж қилиш режалари ҳуқуқий таҳлилини тақдим этишини айтди. 

«Вазирлар Маҳкамаси аъзолари комиссияда нималар муҳокама қилинаётганидан хабардор, биз унинг материаллари билан икки марта танишиб чиқдик, – деди давлат бошқаруви вазири Рийна Солман. – Махфийлик масаласига келсак, Нарвада нима бўлганига эътибор қаратинг, у ерда совет гаубицасини демонтаж қилишга ёрдам берган экскаватор ёқиб юборилди, шунинг учун махфийлик мақоми тўғри. Комиссия аъзолари таҳдид ва хавф-хатарларга дуч келиши мумкин, шунинг учун Эстония давлати уларни ҳимоя қилиши ва тинч ишлашга имконият яратиб бериши керак».

Солман яқин кунларда комиссия совет ёдгорликларини демонтаж қилиш бўйича ҳаракатлар режасини тақдим этишига умид билдирди, шундан сўнг ҳукумат у ҳақда жамоатчиликни «хабардор қилади».

Эстония парламентининг мухолифатдаги Консерватив халқ партиясидан депутат, тарихчи Яак Валге комиссия таркиби махфийлаштирилганини «кулгили» деб атади. У «кимдир Сталин ёки Путин қасос олишидан қўрқаётгандек таассурот қолдиради. Агар комиссия аъзоларидан бири аноним қолишни истаса, бундай одамлар ишдан воз кечиши яхши бўларди. Гап Эстония учун ўта муҳим аҳамиятга эга бўлган масалалар ҳақида кетмоқда, улар очиқ муҳокама қилиниши керак», дея ҳисоблайди Валге.

Эстониянинг Delfi ва Eesti Päevaleht ахборот порталлари бош муҳаррири Урмо Соонвалд ҳам унинг фикрига қўшилди. «Ҳозирги шароитда бу комиссия имкон қадар шаффоф бўлиши талаб этилади - жамоатчилик комиссияда кимлар борлиги, нимани муҳокама қилаётгани, қандай мезонлар бўйича қарорлар қабул қилиниши, қачон амалга оширилишини билиши керак. Бу қарорлар катта ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга бўлади, ҳозирги мавжуд махфийлик эса қайсидир паллада бу қарорларга қарши ишлай бошлайди», деди у.

4 август куни Эстония ҳукумати барча совет ёдгорликларини жамоат жойларидан «имкон қадар тезроқ» олиб ташлашга қарор қилди. Турли ҳисоб-китобларга кўра, Эстонияда 200 тадан 400 тагача шундай ёдгорлик бор. Ҳукумат асосан русийзабонлар яшайдиган Нарва шаҳрида Т-34 танкига ўрнатилган ёдгорликни демонтаж қилишда алоҳида муаммолар пайдо бўлишидан хавотирда. Эстония ТИВ раҳбари Урмас Рейнсалунинг фикрича, танк бир ой ичида бошқа жойга кўчирилиши керак, акс ҳолда 2007 йилда Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган совет аскарлари хотирасига ўрнатилган «Бронза аскар» ёдгорлигини Таллин марказидан олиб ташлаш вақтида содир бўлган тартибсизликларга ўхшаш ҳолатлар содир бўлади.

Эстония президенти Алар Карис 5 август, жума куни ERR’га берган интервьюсида Нарвадаги Т-34 ёдгорлигининг келажакдаги тақдирини қуйидагича изоҳлади: «Агар яқинда Нарова қирғоғидаги танк ёнига тарихни тушунтирувчи белги қўйишнинг ўзи кифоя, деб ўйлаган бўлсам, энди бу етарли эмас. Иккинчи жаҳон уруши давридаги танкнинг ўрни Нарва ҳамда Нарва-Йиэсуу ўртасидаги йўлда эмас, балки музейда».

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид